Мақолалар

Умрингиз қандай ўтяпти?

Инсон умри азиз ва бебаҳо неъматдир. Аллоҳ таоло инсоннинг она қорнида инсон шаклига келганда, бир махсус фаришта юбориб, унга руҳ киргизиш ва тўрт нарсани пешонасига битишни буюради:

  1. Шу дунёдаги ризқу насибаси нималардан иборат экани;
  2. Неча йил умр кўриб, қачон дунёдан ўтиши;
  3. Қиладиган яхши ва ёмон амаллари;
  4. Бахтли ёки бахтсиз бўлиши.

***

Ҳасан Басрий ҳазратлари демишлар: “Қуёшнинг ҳар ботишида бир парча камайишинг бор...”

***

Имом ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ инсон умрини беш мавсумга бўладилар:

  1. Сабийлик, норасидалик. Бу мавсум гўдакликдан то 15 ёшга етгунча ўтадиган умрдан иборатдир.
  2. Йигитлик, ўсмирлик мавсуми. Бунинг интиҳоси то 35 ёшга тўлгунча.
  3. Ўрта ёшлик мавсуми. Бунинг миқдори то 50 ёшга етгунча.
  4. Кексайиш мавсуми. Бунинг интиҳоси то 70 ёшга киргунча.
  5. Қарилик даври. Бунга 70 ёшдан кейинги умр киради.

***

      Ёшлик – тошқин сув, суғорадиган экинингизни суғориб қолмасангиз, ўтиб кетади. Кейин кексалик кўзойнагини тақиб, игна билан қудуқ қазишдан иш чиқмайди.

Абдулла Қаҳҳор

***

Донишмандлар шундай ўгит берадилар:

Бир одамнинг ёши қирқдан ошса-ю, яхши амаллари ёмонидан ортиқ бўлмаса, бундай киши фурсатни қўлдан бой бермай яхшиликлар сонини кўпайтиришга киришиши зарур. Акс ҳолда жаҳаннамга ҳозирлик кўраверсин...

***

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни банданинг икки қадами то ундан умридан – уни нимада ўтказгани, илмидан –у билан нима қилгани, молидан –уни қаердан касб қилгани ва нимага сарф қилгани, жисмидан –уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунча жойидан жилмайди”

Олимларнинг бу борада ўтказган тадқиқотларига кўра, ўртача 75 йил умр кўрган инсоннинг умри давомида турли ишларга қанча вақт сарфлаши аниқланган. Унга кўра: 15 йил атрофидаги вақт болалик ва ўсмирлик билан ўтади. Агар бир суткада 8 соатдан ухласа, 25 йил умри уйқу билан ўтади. Агар бир суткада 8 соат касб кор билан машғул бўлса, 25 йил умри ишлашга сарфланади. Агар бир суткада 3 маҳал овқатланса, ҳар овқатланишга ярим соатдан вақт сарфланса, 4 ярим йилдан ортиқроқ умр овқатланишга сарфланар экан.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Read 2883 times

Мақолалар

Top