Мақолалар

“Гапир, лекин ёлғон гапирма, ғийбат қилма, мунофиқлик қилма!”

Бир киши Абдулмалик ибн Марвоннинг олдига кирди ва унга: «Сизга бир иш ҳақида махфий гап айтмоқчиман» деди. Абдулмалик «Гапир, лекин ёлғон гапирма, ғийбат қилма, мунофиқлик қилма!» деди. Шунда ҳалиги киши «Ундай бўлса, кетишимга рухсат беринг» деди.

 

Улуғларимиз одоби

Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Қуръон, Ҳадис, Наҳв ёки бошқа ҳар қандай илмни олишда одобга амал қилдим. Мадинага келгунимга қадар ҳам табиатим шундай эди. Мадинада Моликни кўрдим. У каби ҳайбатли, илмни улуғловчи кишини кўрмадим. Унинг мажлисида варақлашда чиқадиган овоздан хавотирланиб китобни ниҳоятда сокинлик билан варақлар эдим”.

 

“Қуръон лавҳимда бўлишини истайман”

Қуръонни ёд олган баъзи улуғларимиз ундан ўқийдиган ҳар кунлик вазифаларини катта бир лавҳ (тахта, қоғоз кабилардан ясалган текис юза)га ёзиб боришарди. Уларнинг ораларида айримлари 80 ёшдан ошган эдилар. Улардан “Нега бундай қиласиз?” деб сўралса, “Бошимга ўлим келганда Қуръоним лавҳимда ёзилган ҳолда бўлишини яхши кўраман, хоҳлайман” деб жавоб беришарди. Ана шундай олимлардан бири Абу Абдуллоҳ Суғаййир раҳимаҳуллоҳдир. Бу киши аллома Ибн Ғозий раҳимаҳуллоҳнинг шайхларидандир. Абу Абдуллоҳ Суғаййир раҳимаҳуллоҳ вафот этганларида Қуръони Карим лавҳларида ёзилган ҳолда бўлган экан.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 2966 times

Мақолалар

Top