Мақолалар

Имом Термизий
  • Тўлиқ исмлари: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Сулламий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизий.
  • Туғилган сана ва жойи: 209ҳ / 824м. Термиз, Буғ қишлоғи.
  • Вафотлари: 279ҳ / 892м.
  • Нисбалари: Термизий.
  • Дини: Ислом. Аҳли Сунна вал Жамоа.
  • Илмий мерослари: “Сунани Термизий”, “Шамоил ан-набавийя”, “Ал-жарҳ ват- таъдил”, “Илал ат-Термизий ал-кабир”, “Ал-илал ас-соғир”, “Китабуз-зуҳд” (ҳозирда топилмаган), “Китабут-тафсир”(ҳозирда топилмаган), “Китабут-тарих”( ҳозирда топилмаган), “Китаб ал-асмо вал- куна”( ҳозирда топилмаган).
  • Устозлари: Муҳаммад Исмоил Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож, Абу Довуд, Исхоқ ибн Роҳавайҳ.
  • Асосий шуғулланган йўналиши: ҳадис илми ва ислом фиқҳи. 
  • Танилган исми: Имом Термизий 
  • Энг машҳур шоҳ асари: “Сунани Термизий” 

Имом Термизий Сунан Термизий номи билан машҳур бўлган жоме китоби мусаннифи, ҳадис ҳофизи Термиз шаҳрида туғилган. Сўнгра ҳадислар тўплаш мақсадида Миср диёридан ташқари Ҳуросон, Ироқ, Шом ва Ҳижоз ўлкаларга илмий сафар қилган. Кўп муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Бухорода ҳадис илми борасида юксак натижаларга эришган. Кўплаб сафарлар ва китоблар тасниф қилган. Ҳижрий 279 йил ражаб ойининг 13 санасида Термиз шаҳрида вафот этганлар.

 

  • Имом Термизий ҳадис ривоят қилган ровийлар: Қутайба ибн Саъийд, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Муҳаммад ибн Амр Саввоқ ал-Балхий, Маҳмуд ибн Ғийлон, Абу Мусъаб Зуҳрий ва бошқалар.
  • Имом Термизийдан ҳадис ривоят қилган ровийлар: Абу Бакр Аҳмад ибн Исмоил ас-Самарқандий, Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Довуд ал-Марвазий, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий, Аҳмад ибн Ҳамдавейҳ ан-Насафий, Ҳаммод ибн Шукр ал-Варроқ, Ҳусайн ибн Юсуф ва бошқа кўплаб машҳур муҳаддислар. 
  • Асарлари:

-“Сунани Термизий”: Бу асар “Сунани Термизий” ёки “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” деб номланиб, Имом Термизийнинг энг машҳур шоҳ асаридир. Мазкур китоб ҳадис китоблари орасида ҳам муҳим ўрин эгаллайди, олти саҳиҳ китобнинг ҳамда тўрт сунаннинг бири ҳисобланади. Китоб ўзида  3956 та ҳадисларни мужассам этган. Ҳадислар боблар, фиқҳ, ҳадиснинг иллатларига кўра тартибланган. Бундан ташқари китобда ҳадиснинг саҳиҳ – сақим (касал)лари баёни, уларнинг ўртасидаги мартабалар, исмлар ва кунялар жарҳ ва таъдил қоидаларга биноан баён қилинган, уларнинг қайсилари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борган ёки бормаганлиги келтирилган.

-“Аш-шамоил ан-набавийя”: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақида ёзилган китоб бўлиб унда Темизий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, хулқлари, одоблари ва амаллари ҳақида баён қилиб берганлар. Бу китобни 55 бобга тақсимлаб, унда 397 та ҳадис келтирган.

-“Илал ат-Термизий ал- Кубро”: Бу китоб Термизий ўзининг иснодлари билан келтирган бир қанча ҳадислардан иборат. Ҳар бир ҳадисдан кейин унинг ҳукми борасида ё ўзининг ёки шайхларининг берган ҳукмларини баён қилган. Мазкур китобдаги ҳадисларга айтилган ҳукмларнинг энг кўп қисми Имом Бухорий ҳукмларига тўғри келади.

-“Ал-илал ас-соғийр”: Мазкур китоб Сунани Термизийга боғлиқ қилиб ёзилган. Имом Термизий бу китобда иллатли ҳадисларни фиқҳий боблар тартибига кўра келтириб ўтган ва ҳар бир ҳадиснинг иллатини баён қилган.

-“Тасмия асҳабур Росулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”.

Имом Термизийнинг яна бир қанча бошқа китоблари бўлиб улардан ҳозиргача топилмаганлари қуйидагилар:

  • “Китабуз-зуҳд”
  • “Китабут-тафсир”
  • “Китабут-тарих”
  • “Китаб ал-асмо вал-куна”. 
  • Уламоларнинг Термизий ҳақида айтган фикрлари: 

Имом Термизий айтадилар: “Имом Бухорий менга  шундай дедилар: “Менинг сен туфайли  кўрган манфаатларим, сени мен орқали кўрган фойдаларингдан кўра кўпроқдир.”

Имом Самъоний айтади: “Термизий-замонасининг ҳақиқий имоми эди”.

Абу Саъд Идрисий :”Ҳадис илмида унга эргашиладиган имомлардан биридир. Жомеъ, тарих ва ҳадис борасида ёзган ктиоблари энг ишончли олимлар ёзган китоблар сирасига киради. Зеҳни ўткирлик борасида бу зот зарбул масал қилинади”-деган.

Имом Ҳоким айтади: “Умар ибн Илакнинг шундай деганини эшитдим: “Имом Бухорий вафот этгач Хуросонда илм, ҳифз, тақво ва зуҳд борасида Абу Исога тенг келадиган киши қолмади. Жуда кўп йиғлаганлари сабабли кўзлари кўрмай қолди ва бир неча йил кўзлари ожиз холда яшадилар”.

Абу Яъло Халилий: “Абу Исо сиқа, муттафақун алайҳ ва омонат ва илмда машҳур эди”-деган.

Ибн Асир айтади: “Термизий жуда ҳам гўзал китоблар тасниф қилган ҳадис илмида ҳофиз бўлганлар. Энг машҳур китоблари  “Жоме ул- Кабирдир” .

Ибн Имад Ханбалий шундай дейди: “Замондошларига ўрнак, ҳифз ва мукаммалликда намуна эдилар.”

Имом Миззий айтади: “У “Жомеъ” ва бошқа бир қанча китоблар соҳиби бўлиб, машҳур ҳофиз имомлардан бири эдилар”.

Ибн Ҳиббон: “Имом Термизий ҳадис тўплаб ёзиб, ҳифз қилган кишилардан. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ҳимоя қилиб, жомеъ ёзган олти имомнинг биридир. Мазкур имомларини китоблари суннат оламида ҳадис борасида суяниладиган китоблардир”.

Ибн Халикон: “Ҳадис илмида унга эргашиладиган имомлардан биридир. Жомеъ, тарих, ҳадис борасида ёзган ктиоблари энг ишончли олимлар ёзган китоблар сирасига киради. Зеҳни ўткирлик борасида бу зот зарбул масал қилинади. Имом Бухорийнинг шогирди ва сафдоши ҳисобланади”.

Исмоил Ҳаравий: “Имом Термизийнинг “Жомеъ”си Бухорий ва Муслимнинг “Жомеъ”ларига қараганда фойдалироқдир. Чунки икки буюк имомнинг жомеъсидан фақат кучли олимларгина манфаат олишга қодир. Ҳолбуки, Термизийнинг “Жомеъ”сини ҳамма ундан манфаат олиши мумкин бўлган китобдир”-деган.

Ибн Касир: “Имом Термизий замонасининг машҳур муҳаддисларидан бири бўлиб кўплаб асарлар тасниф қилганлар. Уларнинг энг машҳурлари “Жомеъ” (Сунан ат –Термизий), “Шамоилу Мухамммадия”, “Асмаус-соҳабати” ва бошқалардир. “Жомеъ” китоби уламолар энг кўп мурожаат қиладиган китоблардандир”.

Мулла Али ал-Қорий: “Темизий ҳадис илмида ҳужжат, сиқа, ҳофиз ва тақво соҳибидир”-деган.

Термизий айтадилар: Мен “Жомеъ” китобимга фақат уламолар унга амал қилган ҳадисларни киритдим. Сўнгра уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига кўрсатдим. Улар рози бўлишди. Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий бу китоб ҳақида бундай деган: “Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки ўша уйда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётгандек бўладилар”.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза”жоме масжиди имом хатиби

Read 10539 times
Tagged under

Мақолалар

Top