Мақолалар

Масжидларни обод қилинг

Масжидлар – Аллоҳ таоло эъзоз қилган гўшалардир. Масжидлар – Аллоҳ таолонинг уйидир. Чунки Роббимиз илк қурилган масжидни “Менинг уйим” деб номлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: “Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар  ҳамда рукуъ, сужуд қилувчилар  учун  поклагин...” деганимизни эсла!”  (Ҳаж сураси,26-оят) 

Бошқа бир оятда эса: “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар”, дейилади. (Нур сураси, 36-оят)

Оятдан кўриниб турибдики, ер юзидаги илк қурилган масжид бўлган Каъбаи Муаззаманинг бино бўлиш жойини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб бергани, ҳамда ушбу жойни ибодат қилувчилар учун доимо пок тутишга амр қилгани, Ўзининг муборак исмини зикр қилишлик учун уларинг кўтарилишига изн бергани масжиднинг қадри қанчалар баланд эканини англатади.

Динимиз бизни масжидлар қуришга, уларни обод қилишга ва асраб авайлашга буюради.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллаш айтадилар: “Ким Аллоҳнинг розилиги учун бир масжид қурса, Аллоҳ у банда учун жаннатда бир қаср қуради” , дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Ушбу ҳадис мутавотир ҳадислар сарасига киради. Яъни, рад этиб бўлмас даражадаги аниқ маълумотлар ва ишончли бир нечта кишилардан етиб келган. Ҳадисни шарҳида Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Кимгаки, Аллоҳ таоло жаннатда қаср қурадиган бўлса, ўша банда у қасрга киритилади. Чунки Аллоҳ таоло шунчаки, фойдаланилмайдиган қасрни қуриб қўймайди. Демак, Аллоҳ таоло бировнинг номига бир қаср қурса, албатта у бандани қасрга киргизади”.

Масжидларни ҳурматини, қадр қиммати ва шаънини улуғлаб айтилган оятлар ва ҳадислар жудаям кўпдир. Шунингдек, масжидга борувчилар учун ҳам бир қанча ваъдалар берилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди”, дедилар”. (Икки Шайх ривоят қилишган) 

Демак, инсоннинг жаннатдаги манзили, мартабаси масжидга боришига қараб бўлади. Инсон масжидга ҳар боргани сабабидан, Аллоҳ таоло унга жаннатда манзил тайёрлайди. Қанча кўп борса, жаннатдаги мартабаси шунча ортиб бораверади. 

Динимизда масжиднинг улуғланиши, уни обод қилганларга, хусусан жамоат намозига тарғиб қилиниши бежиз эмас албатта. Чунки, Ислом дининиг энг катта таълимотларидан бири бу – бирдамлик, аҳиллик, тафриқага тушмасдан жамоат бўлиб, ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро фикр ва маслаҳатлашиб ҳаёт кечиришдир. Ушбу кўрсатмаларга амал қилиш учун эса масжид энг яхши жойдир. Демак, масжид қуриш – одамларни жамлаш, жамиятни ҳамжиҳатликка ундаш, кишиларни бир-бирига бўлган муҳаббати ва меҳрини зиёда бўлишига сабаб, душманларнинг қалбига қўрқув солишдир. Қолаверса, “Кўпчиликнинг дуоси – кўл” деганларидек, жамоат бўлиб қилинган дуолар бесамар кетмайди. Масжидга борган инсонлар Аллоҳ таолодан юрт учун офият, хотиржамлик, халқ учун барака, форовонлик, ўзгалар учун ҳам яхшилик, иймон – инсоф, хуллас, шу халқ учун, миллат учун, дин ва ватан ривожи учун нимаики зарур бўлса барчасини сўраб дуолар қилишади.

Масжидга душманлик қилиш, уни ёмон кўриш эса, юқорида айтилган барча яхшилик омиллариниг аксидир. Қолаверса, асло унутмаслик керакки, масжидни вайрон қилиш учун қдам босган Абраҳа исмли шахснинг ҳолатини Аллоҳ таоло қиёматгача эслатиб қўйди.

Унутманг! Аллоҳ Ўз байтини қандай ҳимоя қилиб олишни Ўзи билади.  Тарих яна такрорланаверади. Кимдир яхшилик билан, яна кимдир эса ёмонлик билан эсланаверади. Хулоса ўзингиздан !!!

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:

Исломов Ёрбек  

Read 2916 times

Мақолалар

Top