Мақолалар

Ҳаё – илоҳий ҳислатдир

Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири ҳаё бўлиб, бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга буюрган таълимотларидан биридир. Аслида ҳаё одам фарзандининг барчаси учун Аллоҳ таоло тарафидан берилган насиба бўлиб, одам боласининг яратилиш табиатида бордир. Бу ҳақда Қуръони каримдаги Одам алайҳиссалом қиссасидан биламиз. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво онамизни жаннатдаги бир дарахтга яқинлашишдан қайтарган пайтда, шайтон уларни васваса қилиб, Роббиларининг қайтариғини бузишга эришди. “Бас, уларни алдов ила  паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганида, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар.....” (Аъроф сураси, 22-оят). Оятга эътибор беринг: Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамизнинг авратлари фақатгина ўзларига кўринди холос. Шу ҳолатда ҳам дархол ўзлари уялиб, ҳаё қилиб, барглар билан авратларини тўсишга киришдилар.  Уларга ҳали бирор инсон аврат ҳақида, уялиш ва ҳаё ҳақида гапирмаган эди. Лекин, яратилиш табиатидаги ҳаё аталмиш сифат уларни беихтиёр ушбу ишни қилишга ундади. Демак, ҳаё инсон учун илоҳий бир ҳислатдир.  

Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом ҳаё бобида ҳам пешқадам эдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқалар Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинникидан ҳам кучлироқ эди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик. У зотнинг терилари латиф ва зоҳирлари юмшоқ эди, ҳаё қилганликлари ва олийжанобликлари туфайли ҳеч кимга ёқмайдиган муомала қилмас эдилар”.

Бу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёларини таърифлашда гўзал ўхшатишни танланган. Маълумки, ҳаёнинг энг юқори чўққиси гўшангага кирган янги келинчакда кузатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари эса, ушбу даражадан ҳам юқори эди.

Инсон учун энг катта бойлик бу шубҳасиз иймон неъматидир. Иймон эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бир қанча бўлаклардан иборат. Шулар қаторида: “.... Ҳаё ҳам ўша иймон бўлакларидан биридир” (Муттафақун алайҳ) Демак, иймонни мукаммал бўлишига сабаб бўлувчи ҳислат бўлишнинг ўзи ҳам, ҳаёнинг қадри қанчалар баланд эканлигини англатади.  

Ҳаё қилиш нафақат Исломда, балки барча илоҳий динларда ҳам тарғиб қилинган ҳислатдир. Бунга хужжат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидир: “Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган бир гап бор: “Уялмасанг билганингни қил” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисдан маълум бўладики, аввал ўтган барча пайғамбарлар ўз умматларини гуноҳ ва маъсият қилишда Аллоҳдан ҳаё қилишга чақирар эдилар. Агар шунда ҳам тўхтамасалар,  “Уялмасанг билганингни қил”, деган энг оғир гапни айтар эдилар. Чунки Аллоҳдан уялмаган, унга осий бўлишдан ҳаё қилмаган киши учун бошқа бирор мавъиза таъсир қилмайди.

Демак, ҳаёдан кўзланган асосий мақсад – гуноҳлардан тийилишдир. Уламоларимиз ҳаёга таъриф бериб: “Ҳаё бир хулқдирки, кишини ёмон иш қилгани қўймайди. Ҳамда ҳақдорнинг ҳақини адо қилишда пайдо бўладиган сустликдан маън қилади”, дейишган.

Абулқосим Жунайд раҳимаҳуллоҳ: “Ҳаё – Аллоҳнинг неъматларини ва ўзининг шукридаги камчиликни ҳис этишдир. Буларнинг ўртасидаги бир ҳолат юзага келадики, у ҳаё, деб номланади”, деганлар.

Хулоса шуки, ҳаё иймонни мукаммаллигидандир. Чунки ҳаёли киши ёмон амалларни қилишдан ўзини тўхтатади. Ҳаё  итоатга ундайди. Ҳаё бу инсон фитратида бор бўлган ҳислат бўлиб, хулқланиш, уни касб қилиш ва шариат одобларига амал қилиш орқали кучайтирилади.   

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳдан сақланишимизга ва солиҳ кишилар сафига қўшилишимизга сабаб бўладиган  ҳақиқий ҳаё билан сийласин!

 

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Read 2857 times

Мақолалар

Top