Мақолалар

Илмнинг фазилати

Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.

Дунёдаги ҳар бир соҳанинг, ҳар бир ишнинг ўз илми мажуд. Киши ўз ишининг билимдони бўлиши учун ўша соҳанинг илмини эгаллаши шарт. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни иймоннинг мевасига қиёслаб шундай марҳамат қилганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

Ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Муборак илм олиш йўлидаги ҳаракатларининг дастлабки пайтлари ҳадис ва фиқҳ илмлари бўйича атоқли олим Ҳаммод ибн Зайднинг ҳузурига келади. Суҳбатлашиб ўтириб, атоқли олим йигитнинг илми ва иқтидори, истеъдодининг ноёблигидан ҳайратланиб сўради:

— Сиз қайси юртдан бўласиз?

  • Хуросонданман, устоз, — деб жавоб берди Абдуллоҳ.
  • Ҳаммод ибн Зайднинг Хуросонда шогирдлари кўп эди, қолаверса, у кўпгина хуросонлик олимларни ҳам танирди. Шунинг учун дўстларию шогирдларидан янги хабар эшитаманми, деган ниятда:

—Хуросоннинг қаеридансиз, эй йигит? — деб сўради.

—Марвданман, - деди Абдуллоҳ.

Буни эшитиб Ҳаммод ибн Зайд бир қўзғалиб олди. Зеро, Марв — машҳур олиму уламолар, илм соҳибларининг юрти-да.

—Табаррук тупроқдан экансиз. Марв — дунё шаҳарлари орасида “шоҳи жаҳон” деб ном олган. Бу шаҳарда Абдуллоҳ ибн Муборак исмли ёш уламо етишиб чиққанини яқинда гап қилишган эди. Ғоят иқтидорли, илмли эмиш. Сиз шу йигитни билурмисиз?

—Ҳа, билурман, — деди Абдуллоҳ бироз ажабланиб.

Ҳаммод ибн Зайд ҳаяжонланиб кетди. Ахир, марвлик машҳур ёш уламо ҳақида сўнгги янгиликларни шаҳар аҳлига етказишнинг имкони пайдо бўляпти-да...

— Хўш, айтинг-чи, йигит, ҳозир Абдуллоҳ ибн Муборак нима иш қиляпти? – деб сўради Ҳаммод ибн Зайд.

— Абдуллоҳми? У ҳозир сиз билан гаплашиб ўтирибди, - деб жавоб берди Абдуллоҳ ибн Муборак.

Бу гапни эшитган Ҳаммод ибн Зайд ўрнидан туриб, келган меҳмон билан қайтадан қучоқлашиб кўришди, ҳол-аҳвол сўрашди. Икки ўртада ғоят самимий муносабат қарор топди.

Қиссадан ҳисса шуки, инсоннинг қадри, даражаси баланд бўлиши унинг илмий салоҳияти ва маънавий олами гўзал бўлишига боғлиқ экан. Ватандошимиз машҳур фақиҳ олим Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг аввали-олган илмидан фойдаланиши ва ўзидан у таълим олаётган кишига фойдали бўлиши учун ниятини тўғрилаб олишдир. Агар ниятини тўғри қилмоқчи бўлса, у тўрт нарсани қасд қилиши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Амаллар ниятга қараб мақбул бўлади”.

  1. Илм олиш билан билимсизлик ва жоҳилликдан халос бўлишни ният қилиш. Аллоҳ таоло “Зумар” сурасининг 9-оятида айтади: “...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!..”
  2. Ҳосил қилган илми билан халққа, ўзи яшаб турган жамиятга наф келтиришни ният қилиш. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир”, деб марҳамат қилганлар.
  3. Таълим олиш билан илму фанни камолотга, тараққиётга етказишни ният қилиш, чунки инсонлар илм ҳосил қилишга бепарво бўлсалар, уларнинг ўртасидан илм кўтарилиб зое бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу хусусда: “Илм ўрталарингиздан кўтарилиб, зое бўлишидан олдин илмни ўрганинглар”, деб марҳамат қилганлар.
  4. Таълим олиш билан бирга ҳосил қилган илмга амал қилишни ният қилиш, аксини эмас. Бамисоли илмсиз амал бекор бўлганидек, амалсиз сабабни талаб қилиш беҳуда ишдир. Илм амал учун сабабдир. Амалсиз илм уволдир, илмсиз амал залолатдир. Таълим – тарбия олувчи ҳар бир толиб ўз ҳаракатида Аллоҳ таолонинг розилигини, охират савобини талаб қилиши, дунё орзу-ҳавасини истамаслиги лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас”.

Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллоалоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қиладилар: Ё олим бўл, ё илм ўрганувчи, ё тингловчи, ё илмни севувчи! Бешинчиси бўлма — маҳв бўлурсан!.. Демак, илмдан юз ўгирувчи кимсаларнинг дунёда келажаги, охиратда заҳираси қашшоқ бўлиши мумкин. Ҳазрат Алишер Навоий “Арбаин” асарида “Илмда бахиллик йўқ” ҳадиси шарифини шундай ифодалайди:

Эй хирадманд олимеки, санга

Илмдин рўзий айлади сонеъ.

Киши ўрганса қилмағил маҳрум,

Ёки нафъ олса бўлмағил монеъ.

Дарҳақиқат, илм маъданида чегара бўлмаганидек, олим саховатида ҳам ҳудуд бўлмаслиги лозим. Чунки илму ҳикмат инсонга Жаноби Ҳақ томонидан туҳфа қилинган неъматдир. Пайғамбаримиз Саллоллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ, агар хоҳласа, бандасининг зеҳнини илм билан тўлдиради”, деганлар.

Аллоҳ таоло ёшларимизни одобли, илмли ва саодатли бўлиши насиб айласин.

 

Манблар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Икромов Шерислом тайёрлади.

Read 3656 times

Мақолалар

Top