Мақолалар

Либос борасида

Устозларимиздан жуда кўплари костюмларини узунроқ кийишга уринишарди. Шимлари ҳам ўртача кенгликда бўларди. Мақсадлари тана шакли билинмаслигига эришиш эди. Ҳа, шундай эди.

Бугунги кунда ёпиштириб шим кийган, танасининг шаклини билинтириб юрган эркакларни кўрганимда устозларимизнинг кийинишларидаги одоб эсимга тушаверади.

Намоз асносида кенг шим, кенг шалварларда бўлиш, шундай либосларда саждага бориш янада қулайроқ бўлади.

Бундан ташқари, биз номаҳрам аёлларнинг юзига ҳам, танасига ҳам, тор кўйлагу шимларига ҳам қарашимиз мумкин бўлмаганидек, улар ҳам бизга қарамасликларининг чорасини кўришимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нур сурасида шундай марҳамат қилган:

قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир (30-оят).

Аллоҳ таоло кейинги оятда бундай марҳамат қилган:

وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ

“Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар...” (31-оят).

Аёлларга эркаклар эътиборини тортадиган тарзда кийиниш таъқиқланганидек, биз ҳам уларнинг эътиборини тортмаслигимиз керак.

Шунинг учун тор, ёпишган либосларнинг ўрнига кенгроғини кийишга уринайлик!

Аёллардан фитналанмаслигимиз керак бўлганидек, улар ҳам биздан фитналанишмасин!

Аллоҳ таоло барчамизни иффатли бандаларидан айласин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2413 times

Мақолалар

Top