Мақолалар

Мўминлар зеҳни Аллоҳ муҳофазасида

“Инсон вужуди электрокимёвий тизим бўлиб, унга таъсир ўтказадиган механизм ишлаб чиқилган. Бу механизм миядаги электромагнит тўлқинларнинг нормал тарқалишини тўхтатиш орқали одамнинг хатти-ҳаракати ва феъл-атворини ўзгартира олади. Натижада, маълум вақт ичида инсон биороботга айлантирилиши мумкин”, деб ёзади “Microway News” журнали бош муҳаррири Луис Слайзен.

Бугунги кунда компьютер инсон миясининг фаолиятини аниқлаб, экранда кўрсатиши, айни пайтда, мияни назорат қилувчи тўлқинлар тарқатиши мумкин. Зеҳн назорати билан боғлиқ бундай тадқиқотлар узлуксиз давом эттирилмоқда. Бир пайтлар шу мақсадда одамлар бошига электронлар жойлаштириб, тажрибалар ўтказилган бўлса, ҳозирга келиб бу амалиёт кабелларсиз амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, Совет Иттифоқи қулашидан олдин Тошкентда фолбин ва экстрасенслар фаолиятини ўрганиш учун илмий марказлар ташкил қилинган. Уларни фолбин ва экстрасенслар мияси ишлаб чиқарган электромагнит тўлқинларнинг мижозларни қандай бошқариши қизиқтирган. Тадқиқотлар натижасида гипнозчи ёки экстрасенс ўзи ишлатган барабан товуши (ёхуд ўз овози) тўлқинлари билан мижоз мияси тўлқинлари орасида мувофиқлик топиши, кейин дуо ўқиб, дуо ичидаги буйруқларни мижоз миясига жойлаштириши аниқланган. Буни “нейролингвистик дастурлаш” дейилади.

Нейролингвистик дастурлаш усулларини кўпинча дистрибюторлар (дори, косметика ва ҳоказо тарқатувчилар) тайёрлаш марказларида, “рэп” мусиқасида, рекламаларда, аксарият фильмлар ва телевизион дастурларда кўриш мумкин.

Россияликлар ва америкаликлар фазодан ерга тўғридан-тўғри галлографик тасвир узатилиши лойиҳасини ишлаб чиққанига анча бўлди. Бугун бундай расмлар 100–150 километрлик диаметрдаги майдонда кўрсатилиб, муайян мақсадларга хизмат қилиши мумкин.

Олимларнинг айтишича, психотрон ва психотроп технология атом бомбаларидан хам хавфли. Яъни, берилган ҳар қандай буйруқни бажарадиган “зомбилар ишлаб чиқариш технологияси”дир. Бу бир киши ёки бир гуруҳга эмас, балки бутун миллатга қарши ишлатилиши мумкин бўлгани учун ҳам хатарли.

Қизиғи шундаки, бу даҳшатли тадқиқотларни амалга оширган кишилар фикрига кўра, психотроп ва психотрон қуролларнинг таъсиридан фақат имон эгаларигина омон қолишади. Имонли одамни гипноз билан ҳам, электромагнит тўлқин билан ҳам назоратга олиш имконсиз. Бу ҳақиқат тадқиқотлар сўнгида аниқ-равшан маълум бўлган. Масалан, изланишлардан бирида гипноз остига олинган одамга бир кишини ўлдириш буюрилган, аммо у пичоқни ушлаганида қўли тортишиб қолган. Демак, қотил бўлмаган киши гипноз таъсирида ҳам одам ўлдира олмайди, ҳаромдан ўзини сақлаган ҳаромга яқинлашмайди, ёлғончи бўлмаган кимса ёлғон сўзлолмайди, хоин бўлмаган одам хиёнат қилолмайди, имонли инсон куфрга бормайди.

“Албатта, имон келтирган ва фақат Парвардигорларига таваккул қиладиганлар устидан у(шайтон) учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир. Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутиб, Унга ширк келтирувчилар устидандир” (Наҳл, 99–100).

 

Миркамол Мирҳабибов,

Тошкент Педиатрия тиббиёт институти I босқич талабаси/irfon.uz

Read 4880 times

Мақолалар

Top