Мақолалар

Нега расмингни қўяверасан?

Ҳозир кўпчилик ёшлар телефонига термулган. Бошини кўтарай демайди. Доимо ёнида олиб юради. Уйғонса, аввал телефонига қарайди. Уйқуга ётганда ҳам телефонига тикилиб ухлаб қолади. Бир таниш йигит бор. У ҳам кўпчилик қатори телефон шайдоси. Қаерга борса, нима иш қилса, нима еса, нима ичса, кимлар билан ўтирса, ҳаммасини расмга олиб, интернетга жойларди. Агар ўша йигитга: 

“Ука китоб ҳам ўқиб тур. Доим телефонга термулиб ўтирасан. Нуқул селфи қилиб, расмингни қўяверасан. Вақт, умр ғанимат. Буни совурма” десам, нима деб жавоб бериши мумкин, буни аниқ билмаймиз. Тахмин қилиб кўрамиз.

Бироз уялиб, хижолат бўлиб, “Фойдали маълумотларни телефонда ўқийман. Расм қўйгим келаверади-да. Қаерда юрганимни, нима қилаётганимни, нима еб ўтирганимни қўйиш одат бўлиб қолган” деб ёки шунга ўхшаш маънода жавоб берса керак.

Мен яна ундан: “Китобнинг ўзидан ўқиган бошқа. Устозларимиз айтишганки, китобнинг муқовасини ушлаб, аста очиб, қўлинг билан варақлаб-варақлаб ўқиганинг бошқа. Унинг таъсири ҳам бошқача бўлади. Бундан ташқари сен еб ўтирган овқатни ея олмайдиганлар бор. Шуни ўйласанг бўлмайдими?!” деб сўрасам, у “Хўп, энди ўзимнинг расмларимни камроқ қўйиб, кўпроқ китоб ўқишга ҳаракат қиламан” деб ёки шунга ўхшаш маънода жавоб берса керак.

Охирида мен унга: “Ўқигин! Кўпроқ Қуръон ўқигин!” дейман. У эса “Хўп бўлади, раҳмат” деб айтса керак.

Азизлар, вақтимизнинг қадрига етайлик. Бу умр чегараланган. Бир кун тугайди. Ҳар бир дақиқамиздан савоб олишни йўлга қўяйлик. Бунинг учун аввало қиладиган ишимиз шариатга мувофиқ бўлсин. Кейин ўша ишни бажаришимиздан олдин ниятимизни чиройли қилиб олайлик!

Зеро, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Қиёмат куни то тўрт нарса ҳақида сўралмагунича банданинг қадами жойидан силжимайди:

1) Умрини қандай ўтказгани ҳақида;

2) Ёшлигидан қандай фойдалангани ҳақида;

3) Молини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани тўғрисида;

4) Билган нарсасига қанчалик амал қилгани тўғрисида”.

Аллоҳ таоло бизни вақтнинг қадрига етиб, ундан унумли фойдаланадиган бандаларидан қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2803 times

Мақолалар

Top