Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Эй Роббим! Қалбларимизни нифоқдан, амалларимизни риёдан, тилларимизни ёлғондан, кўзларимизни хиёнатдан поклагин!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

Эй Роббим! Қалбларимизни нифоқдан, амалларимизни риёдан, тилларимизни ёлғондан, кўзларимизни хиёнатдан поклагин!

Зеро, Сен кўзларнинг хиёнатини ва қалблар яширган нарсани биласан.

*****

«Агар инсонларнинг қалбларини кўришга имконингиз бўлганда, ҳар бир қалбда оғриқли қисса борлигини кўрган бўлардингиз. Шундай экан, бир-биримизга нисбатан раҳмли бўлайлик! Шоядки, Аллоҳ таоло бизга ҳам раҳм қилса!»

*****

Ким ҳавойи нафсни улфат қилиб олса, қулайди.

Ким тақвони улфат қилиб олса, юксалади.

*****

Қийинчилик ҳақида гапирадилар ва оғриқлар тўғрисида ёзадилар. Ҳатто ботиний ақллари маҳзунлик учун дастур ишлаб чиқади.

Офият неъматини англамоқчи бўлсанг, шифохонага бор.

Ҳуррият неъматини англамоқчи бўлсанг, қамоқхонага бор.

Ҳаёт неъматини англамоқчи бўлсанг, қабристонга бор.

Мазкур жойлардаги кишиларга нисбатан сенинг маҳзунлигингнинг вазни қанча?!

Эй Роббим! Неъматларинг учун Ўзингга ҳамд бўлсин!

*****

«Фалончининг шогирдиман» дейишнинг ўзи билан шогирд бўлиб қолинмайди. Аввало, устознинг гўзал хулқи, одоби, илми ўзлаштирилади ва қолдирган илмий меросига, кўрсатмаларига амал қилишда бардавом бўлинади. Қолаверса, ўша олим ҳам уни шогирдим, деб билиши керак. «Фалончининг шогирдиман» деган гапни бренд каби қилиб олмаслик лозим. Ўша олим билан кўп бирга бўлган, ҳатто бир уйда кўп йил бирга истиқомат қилган инсонлар бор, лекин ўзларини ҳадеб шогирдиман, шогирдиман деб кўз-кўз қилверишмайди.

*****

«Ихтиро қилди» эмас, «Кашф қилди» дейилади! Инсон ҳеч қачон бирор нарсани яратолмайди, яъни йўқдан бор қилолмайди, ҳосил қилолмайди! Балки, бор нарсани кашф қилиши, яъни бор нарсадан ҳосил қилиши мумкин.

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

Read 4024 times

Мақолалар

Top