Мақолалар

Cўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар

Оила аъзоларимиз, дўстларимиз билан овқатлангани ошхоналарга бориб турамиз. Борганимизда бизга ўша ерда хизмат қилувчи йигит “Хуш келибсизлар” дея пешвоз чиқади. Кейин бўш столни кўрсатади. Ўша ерга ўтирганимиздан сўнг олдимизга таомлар менюсини қўяди-да, “Нима буюрасизлар?” деб сўрайди. Кейин биз ўзаро маслаҳатлашиб, нимадир таом буюртма қиламиз. Таомланиб бўлганимиздан сўнг, официант йигит биздан иккинчисига нима ейишимизни сўрайди. Баъзиларимиз иккинчи таомга нима ейишимизни айтамиз ёки “Бизга ташқаридаги музқаймоқдан олиб келинг” деймиз. Ана шу тарзда таомланиб бўлганимиздан сўнг ўрнимиздан туриб, кассага пулни тўлаб, тарқаламиз.

— Балиқ егани фалон ошхонага борамиз. Нариги ошхонада балиқни яхши пиширолмайди;

— Биринчисига қанақа овқатларингиз бор?;

— Қовурилган товуқ эмас, грилл табака егим келяпти;

— Менга шоколадли ёки мевали музқаймоқ беринг.

Шу каби гаплар билан таомларни танлаб-танлаб тановул қилаётган пайтимизда, қорни очганда, егани нарса тополмай қийналадиганлар борлигини унутиб қўймайлик!

Эсимиздан чиқмасин, Аллоҳ таоло бизга ато этган ва этаётган барча неъматлари ҳақида қиёмат куни сўрайди. Бошқаларга ҳам таом улашдикми-йўқми, еган овқатимизнинг кучини ибодатга сарф қилдикми-йўқми, ҳаммаси ҳақида сўрайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ

“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар”. (Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми - сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.)

Аллоҳ таолонинг неъматларига кўпроқ шукр қилайлик! У Зот бизни шокирлардан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2403 times

Мақолалар

Top