Мақолалар

Биз унутиб қўймадикми?

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар билан сафарга чиққан эдилар. Кеч кириб қоронғу тушди. Саҳобалар дам олиш учун бир жойга тўхтадилар. Тун қоронғусида бир чўпон  подани ҳайдаб ўтиб қолди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу у билан суҳбат қилдилар:

– Кимсан?

– Чўпонман.

– Қўйларингдан бирини бизга сотгин.

– Қўйлар меники эмас, хожамники.

– Хожанг қаерда.

– Уйида. 

– Ундай бўлса, хожанг кўриб турибдими, сотавер.

– Аллоҳ-чи?!, У кўрмайдими?!... 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларини танитмадилар, лекин саҳобаларга: “Қул бўлса ҳам тақволи экан, Аллоҳ ундан рози бўлсин!” дея дуо қилдилар.

Эртаси куни қулни хожаси билан бирга топтириб келдилар ва қулни сотиб олиб озод қилдилар. Ислом тарихидан ўн беш аср ўтса ҳам ўша тақволи, ҳабаш қулнинг тақвоси зикр қилинади, аммо исми аниқ эмас. Иншааллоҳ у қиёматгача эсланади. Эсланганда ҳам “Аллоҳ ундан рози бўлсин!” деган дуо билан эсланади. Сабаби у доимо “Аллоҳ кўриб турувчидир” деган ақидада мустаҳкам турганидир. 

Хулоса: Биз-чи? Бугун бошқанинг ҳаққини бемалол ўзиники қилиб олаётган, ўғрилик ва фирибгарлик каби иллатлар билан оила боқаётган, аёлининг ҳаққини поймол қилаётган, эрга итоатсизликни оддий ҳол дея оила, никоҳ дея аталмиш муқаддас қадриятларимизни топтаётган, алал-оқибат, мурғак гўдакларни тирик етим қилаётганлар... “Аллоҳ кўриб турувчи” эканини унутиб қўймадикми?  

 

Абдулмажид ИСАҚОВ,
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби

 

Read 2831 times

Мақолалар

Top