Мақолалар

Саҳобалар ҳаётидан лавҳалар

Кўпинча ҳаётимиз хотимаси қандай якун топиши, амалларимиз охират сармояиси учун етарли ёки етарлимаслигидан хабарсиз ҳолда ўзимизни хотиржам ҳис этамиз. Оз яхшилликни кўп санаб, ўзимизга таскин берамиз.

Галдаги қаҳрамонимиз туғилган кунининг ўзидаёқ Ҳақ Пайғамбардан: “У гўзал ҳаёт кечиради, шаҳид бўлади ва жаннатга киради”, башоратини олди. Шундай бўлса-да, эл қатори  тинч, осойишта ҳаёт кечирмади. Балки қилган барча яхшилигини, эгаллаган ҳар бир илмини оз санади. Сўнгги нафасигача ҳақиқий солиҳ банда бўлиш йўлида жонбозлик кўрсатди. 

Нўъмон ибн Башир

Нўъмон ибн Башир ибн Саълаба. Бир қавлда: Ибн Саъд Ансорий, Хазражий, Бадрий. Куняси Абу Абдуллоҳ. Отаси: Башир розияллоҳу анҳу “Сақифа куни” Абу Бакр розияллоҳу анҳуга биринчилардан байъат қилган. Ақоба байъати, Бадр, Уҳуд ва Хандақда қатнашган улуғ саҳобийлардан. Онаси: Амро бинти Равоҳа розияллоҳу анҳо, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг сингилсидир.

Қиссамиз қаҳрамони Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан саккиз йил олдин туғилди. Кўпчиликнинг айтишича: “Набий алайҳиссалом ҳижратларининг иккинчи йили, яъни Мадинага келганларидан ўн тўрт ой ўтиб, рабиус сонийда Нўъмон ҳамда Абдуллоҳ ибн Зубайр дунёга келишган”.

Язид ибн Нўъмон ибн Башир отасининг бундай деганини эслайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан сўнг ансорлардан туғилган энг биринчи чақалоқ мен бўлганман. Ўшанда онам мени кўтариб Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига олиб келди. У зот алайҳиссалом танглайимни хурмо билан кўтарганларида тамшанган эканман. Буни кўриб Набий алайҳиссалом: “Ансорийда, хурмони яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар».

Яна ривоят қилинадики, Амро Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Ё Расулуллоҳ! Боламни моли ва болалари кўп бўлишини тилаб, дуо қилсангиз”, деб сўраган. Шундан сўнг Набий алайҳиссалом: “Тоғасига ўхшаб ҳаёт кечириши сени рози қилмайдими? У гўзал ҳаёт кечиради, шаҳид бўлади ва жаннатга киради”, деб хушхабар берганлар. 

Муҳаммад ибн Солиҳ айтади: «Амро гўдаги туғилганидан етти кун ўтиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келган. Чақалоқнинг қорин сочи олинмаган эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом буни шундоқ қолдиришни истамадилар ва “Сочини олинг”, деб буюрдилар. Айтганлари бўлганидан сўнг гўдакка барака тиладилар ва: “Битта қўй сўйиб, ақиқа қилинглар”, дедилар. Бу воқеа ҳижратдан ўн тўрт ой ўтиб, рабиус сонийда бўлганди».   

Нўъмон ибн Башир бундай эслайди: “Отам мени Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига кўтариб борди ва: “Эй Аллоҳнинг расули, сизни гувоҳ қилиб айтаман, мен Нўъмонга буни, буни бердим”, деди. “Ҳамма болаларинга бердингми?” деб сўрадилар. Отам: “Йўқ”, дегач, у зот алайҳиссалом: “Мендан бошқани гувоҳ қил!” деб айтдилар. Сўнгра: “Уларнинг яхшиликда баробар бўлишлари сени хурсанд қилмайдими?” дедилар. “Қилади”, деди. “Ундоқ бўлса, ҳалигидай қилма!” деб насиҳат бердилар.

Нўъмон ибн Башир яна бундай эслайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Тоиф узумидан ҳадя қилинди. У зот алайҳиссалом менга: “Мана бу узумни онангга олиб бор”, дедилар. Мен узумни онамга олиб боришдан олдин еб тугатдим. Кеч кирганда Набий алайҳиссалом: “Узумни нима қилдинг? Олиб бордингми?” деб сўрадилар. Мен: “Йўқ”, дегандим, у зот алайҳиссалом қулоғимдан тортиб: “Эй  (жажжи) ғодир (хиёнаткор)”, деб қўйдилар».  

Нўъмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар ривоят қилди. Улардан бирини зикр қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда эдик. Бир одам туясига мингашиб ухлаб қолди. Бошқа киши келиб унинг камонидан ўқ олди. Ухлаётган одам чўчиб уйғониб кетди. Буни кўрган Набий алайҳиссалом: “Мусулмонга бошқа бир мусулмонни қўрқитиш ҳалол бўлмайди”, деб танбеҳ бердилар.

Нўъмон яна бундай эслайди: «Набий алайҳиссаломнинг мана бундай деганларини мана шу қулоқларим билан эшитганман: “У зот алайҳиссалом: Албатта ҳалол очиқ-равшан. Албатта ҳаром очиқ-равшан. Иккисининг ўртасида шубҳали нарсалар бўлиб, уни кўп инсонлар билишмайди. Кимки шубҳадан тақво қилса, дини ва обрўсини сақлабди. Кимки шубҳага тушса, ҳаромга йўлиқибди. Амал қилувчи қўриқхона атрофига бориб, унинг ичига кириб қолиши мумкин. Ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бор. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўриқхонаси У ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса, жасаднинг барчаси ислоҳ бўлади. Агар у фасод бўлса, жасаднинг барчаси фасод бўлади. У ҳам бўлса қалбдир”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

***

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуо қилганларидек, Нўъмон ибн Башир баракали умр кечирди. Абдуллоҳ, Муҳаммад, Аматаллоҳ, Ҳабиба, Язид, Абон, Умму Абон, Валид, Яҳё, Башир, Ҳамида, Ғомра исмли фарзандларга оталик қилди.  

Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 124 та ҳадис ривоят қилди. Шулардан бири Имом Бухорий, қолган тўрттаси Имом Муслим ривоятидир.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу нафақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, балки Холид ибн Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Умар ва Ойша розияллоҳу анҳумдан ҳадис эшитди.

Нўъмон олган билимларига фақат ўзи эгалик қилишни истамади, ўғли Муҳаммад ва Бишир, Шаъбий, Ҳамид ибн Абдурраҳмон Зуҳрий, Абу Саллом Мамтур, Саммок ибн Ҳарб, Солим ибн Абу Жаъд, Абу Қалоба, Абу Исҳоқ Сабиий, Абдулмалик ибн Умайр, Урва ва бошқаларга ҳадисларни ривоят қилиб берди.

***

Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан сўнг ҳам Нўъмон у зот алайҳиссаломнинг издошларига эргашди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шаҳид кетганидан сўнг Сиффин урушида Муовия билан қатнашади.

 Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Муовия даврида Кўфада волийлик қилди. Кейинчалик Абу Дардо сўнг Фазола ибн Убайд қозилигидан кейин Дамашқда қози бўлди. Яна Яман, Куфа, Ҳимс шаҳарларида амирлик қилган.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Ҳимс диёрида ҳижратнинг 65-йили “Маржураҳт” воқеасида шаҳид бўлди.

 

 

Манбалар асосида

“Новза” масжиди имом хатиби

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ тайёрлади.

Read 4080 times

Мақолалар

Top