Мақолалар

Сичқонсимон кийик

Ушбу ҳайвон камёб жонзотлардандир. Бу қўштуёқлилардан бўлиб, кийикларнинг энг кичик туридир. Бу тур Жануби Шарқий Осиё ва Африка қитъасининг марказида яшайди. Осиёда яшайдиганининг вазни 8 килограм, Африкада яшайдиганининг вазни 16 килограм келади. Узунлиги 85 сантиметрни ташкил этади. Оёқлари калта, эркагининг қозиқтишлари бор бўлиб, ундан кураш пайтида фойдаланади. Бу турдаги кийикларнинг баъзиси сувда суза олади. Аммо буларда бошқа кийиклардагидек шохлар йўқ. Қулоқлари сичқоннинг қулоғига ўхшайди. Думи калта, кўзлари катта бўлади. Урғочисининг ҳомиладорлик даври 5 ой бўлиб, битта бола туғади. Боласи тахминан 5 ойда вояга етади. “Сичқонсимон кийик” тунда овқат излайди. Улар асосан дарахт барглари, гуллар, мевалар ва кўкатлар билан озиқланади. Хатар пайтида туёқларини ерга тез-тез уриб, турдошларини хавфдан огоҳлантиради. Бу жонзот тахминан 14 йил яшайди. Табиатда жуда оз қолгани учун бугунги кунда қўриқхоналарда парвариш қилинади.

Аллоҳ таоло бутун борлиқни, шу жумладан барча тирик жонзотларни ҳам Ўзи яратган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَاللَّهُ خَلَقَ كُلَّ دَابَّةٍ مِن مَّاء فَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى بَطْنِهِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى رِجْلَيْنِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى أَرْبَعٍ يَخْلُقُ اللَّهُ مَا يَشَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

“Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (Нур сураси, 45-оят).

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

Read 3072 times

Мақолалар

Top