Мақолалар

“Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлгай...

Атроф-муҳитдаги ҳодисалар моҳиятини англашга интилиш, “Дунё нега яралди?”, “Инсон яратилишидан муддао не?” каби азалий саволларга жавоб излаш инсонларда фалсафий тафаккурни шакллантирди, ривожлантирди. ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан 2002 йилдан бошлаб ноябрь ойининг учинчи пайшанбаси Умумжаҳон фалсафа куни деб белгиланиши, айтиш мумкинки, фалсафа илмининг аҳамиятига берилган юқори баҳо рамзидир.

Бугунги кунда фалсафа – илмий соҳа. У муайян давр, жамият, гуруҳ ёки шахс фалсафий қарашларини ўрганади.

Шу маънода, алломалар, улуғ зотлар қолдирган меросни фалсафий таҳлил қилиш бизни улар маънавиятини англашга яқинлаштиради.

Мана шу нуқтаи назардан, Бухоро заминида туғилиб камол топган аллома, хожагон тариқати асосчиси, “Хўжаи Жаҳон” номи билан машҳур пиру комил Абдулхолиқ Ғиждувоний рубоийсига юзланамиз. 

Гар бир кишидан дилда шикоят бўлгай,

Дил оғриғи андин бениҳоят бўлгай.

Ҳеч интиқом олишни ўйлама, чунки

Ёмонга ёмонлиги кифоят бўлгай. 

Рубоий форс тилида ёзилган. Бу ерда ўзбекча таржимаси келтирилди. Маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, аввало, Аллоҳга бўлган улкан ишонч шоҳиди бўламиз. Илло, фақатгина Аллоҳни қалбдан севган, имони бутун инсонгина бирор касдан кўрган жабру зулм учун қасос олишга, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришга интилмайди. Чунки Аллоҳ барчасини кўриб турганига, яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам мукофот ёки жазо борлигига шубҳа қилмайди. Шунинг учун “бениҳоят дил оғриғидан” қийналса ҳам, “ёмонга ёмонлиги кифоят” эканига ишонади.

Рубоийнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, унда барча замонда ва ҳар бир инсон ҳаётида учраши мумкин бўлган ҳолат ҳамда ушбу вазиятда инсон амал қилиши керак бўлган оқилона йўл ифодаланган. Пиру комил Абдулхолиқ Ғиждувоний XII асрдан туриб бизга жаҳлни жиловлашни, озор чекканда барчасини Аллоҳга солишни ва ёмонлик қилиб, гуноҳ орттирмасликни насиҳат қиляптилар.

Шундай экан, азиз муштарий, улуғ аждодларимиз қолдирган маънавий меросни, улар моҳиятида яширин ахлоқни ўрганайлик ва маънавиятимизни бойитайлик. Зеро ҳаётни эзгу амал учун берилган имкон деб билган, қалби пок, умр йўли ибратли азиз-авлиёларимизнинг, алломаларимизнинг маънавий оламидан баҳра олар эканмиз, қалбимиз ҳам, руҳимиз ҳам покланиб бораверади. 

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

Read 2702 times

Мақолалар

Top