Мақолалар

Бузғунчилар найранги

Маълумки Ислом дини инсонларни залолат ботқоғидан ҳидоят нурига чиқаришлик учун бутун оламларнинг Роббиси Аллоҳ таъоло тарафидан юборилган нозил қилинган энг тўғри диндир.Унинг маъноларидан бири эса тинчликдир.

Инсонлар агар Ислом ҳукмларига амал қилсалар ва таъқиқлаган ишлардан қайтсалар, икки дунё саодатига эришадилар.

Афсуски бугунги кунда бу муқаддас динимизни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилаётган кимсалар ҳам йўқ эмас.

Улар ўз мақсадларига эришиш учун муқаддас динимизнинг аҳкомларини бузиб талқин қилиш ва ўз маъносидан бошқа маънога ўзгартириб, бу аҳкомлардан кўзланган маънодан бошқа маъно-мазмунга буриб кўрсатмоқдалар.

Оқибатда эса дин аҳкомларини ҳали тўлиқ тушуниб етмаган баъзи кишиларни ўз ғаразли мақсадлари йўлида ишлатишга, ерда бузғунчилик қилишга ундамоқдалар.

Ваҳоланки, Динимиз бузғунчиликни, ерда қон тўкишни мутлақо қоралайди ва ундай кимсаларни бузғунчилар деб атайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

أَلا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَـكِن لاَّ يَشْعُرُونَ

“Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар” (Бақара сураси, 12-оят).

Бузғунчилар содда ва диний илмга, бу борада тушунчага эга бўлмаган ёшларни ўз домига илинтириш учун турли услублардан фойдаланадилар.

Уларнинг қўллайдиган биринчи услуби ўзлари яшаётган жамиятдаги баъзи қонун ва қарорлар дин аҳкомларига тўғри келмаслигини рўкач қилиб шу сабабли бунга амал қилганларни «куфрда» айблайдилар. Шу тариқа жамиятни «куфр жамиятига» ва шу диёрни «куфр диёри» деб атаб, энг хавфлиси куфр диёридан «ҳижрат» қилиш, у ерда яшаётганларга қарши «жиҳод» қилиш мумкин ва у диёрда яшаётганлардан ким уларнинг фикрига қўшилмаса, ким бўлишидан қатъи назар ўлдириш мумкин деган дўзахга ҳужжат бўлувчи фатволари орқали ёшлар онгига тасир қилиб кириб борадилар.

Гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган кишиларни “кофир”ликда айблаш ва бегуноҳ мусулмонлар (ҳатто аёллар ва болалар)нинг қонини тўкиши билан танилган “Хорижийлар” Ислом тарихидаги ана шундай гуруҳларнинг дастлабкиси эди. Мазкур гуруҳ тарафдорлари фақат ўзларини мусулмон деб билиб, қолган ҳамма, ҳаттоки, жаннатга тушиши башорат қилинган Али розияллоҳу анҳуни ҳам кофир деб эълон қилиш даражасига борган эди. Бугун ҳам аксар террорчи ташкилотлар юқоридаги ғояларни ўзлари учун дастуруламал қилиб олгани сир эмас, албатта.

Улар Қуръони карим оятлари ва ҳадислар асосида ҳукм юритмайдиган раҳбарларни, уларга эргашган ҳамда уларни куфрда айбламаган уламоларни ҳам кофир, деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, бу каби ғояларнинг нотўғрилиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда муфассал баён қилинган. Жумладан, Имом Довуддан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Уч нарса имоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни куфрда айбламаслик; амали туфайли уни Исломдан чиқармаслик”. Бошқа бир ривоятда, “Кимда ким ўз биродарини “кофир” ёки “фосиқ” деса, агар ўша инсонда шу нарса топилмаса, айтган инсоннинг ўзига қайтади”, деб таъкидланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди, кимда ким менга осийлик қилса, Аллоҳ таолога осийлик қилибди. Ким раҳбарларига бўйсунса, менга бўйсунибди, агарда уларга бўйсунмаса, менга осий бўлибди”, деган кўрсатмалари ҳам “такфирчилар”нинг юқоридаги каби ғоялари Ислом таълимотига бутунлай зид эканини кўрсатади. 

“Такфирчилар”нинг етук уламолар томонидан ёзилган тафсир ва ақидага оид китобларнинг барчасини йўққа чиқариб, олий, ўрта-махсус ва ўрта таълим муассасаларида таҳсил олишни ҳаром, деб эълон қилишида Ислом таълимотини бузишда “Хорижийлар”дан ҳам чуқур кетганларини кўриш мумкин. Улар ўзларининг бу каби ёндашувларини асослаш учун “Биз омий умматмиз” маъносидаги ҳадиснинг нотўғри талқинини келтирадилар. Ваҳоланки, уламолар ушбу ҳадисни шарҳлар эканлар, ундан мурод илмсизликка тарғиб эмас, балки Аллоҳгагина маълум бўлган нарсалар борасида инсонлар билимга эга эмаслигини таъкидлайдилар. Қолаверса, Қуръони карим оятлари, ҳадисларда илм ўрганишга кучли тарғиб қилинган. Бунда нафақат диний, балки дунёвий илмларни ҳам ўрганиш назарда тутилган. Жумладан, Имом Бухорийдан ривоят қилинган: “Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, деган ҳадиси шариф фикримизга далил бўла олади.

Инсонларни “куфр”да айблашни ўзига байроқ қилиб олган бундай ҳаракатлар фаолияти туфайли “экстремист”, “террорчи” деганда мусулмонларни кўз олдига келтирадиганлар ҳам пайдо бўлганини афсус билан қайд этиш лозим. Шундай экан, Ислом дини номидан фаолият олиб бораётган, аммо ўз моҳиятига кўра унга ёт бўлган, унинг таълимотини бузиб талқин қилаётган жамоаларнинг фаолиятига лоқайд бўлмаслик ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бундай бузғунчи оқимлар сафларини кенгайтириш учун ёшларни ўз найранглари домига илинтиришни замонавий ахборот воситаси интернет ва ундаги турли ижтимоий сайтлар ва каналлар орқали олиб бормоқдалар.

Шунинг учун интернет орқали бирор маълумот олаётган киши, айниқса ёшлар кимдан маълумот оляпти, кимдан фатво сўраяпти ва кимдан илм оляпти, бунга эътибор қилишлари лозим. Чунки илм инсоннинг эътиқодини шакиллантирадиган восита. Диний эътиқодда адашишлик эса залолатдир, яъни икки дунё саодатини қўлдан чиқариш ҳамда дунё ва охират хорлигини сотиб олишдир.

 

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Read 2481 times

Мақолалар

Top