Мақолалар

Оммавий манқуртликка сабабчи офат (ёҳуд компьютер ўйинларини ўйновчиларга олти савол)

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Аллоҳ таоло берган энг буюк неъматлар ичида, вақт – тенгсиз, такрорсиз, бебаҳодир. Аммо мазкур неъматнинг қадрига етмасдан, уни арзимас нарсалар бўлган, балки кони зарар ўйин-кулгулар, нафс ва шаҳватнинг истаклари бўлмиш кўнгилочар ўйинлар ёки оддийгина эрмак сифатида фойдаланиладиган нарсаларга сарф қиладиганлар кундан-кунга кўпайиб бораяпти, десак хато бўлмайди.

Албатта, мазкур салбий ҳолат кимларнингдир тегирмонига сув қуйишдан бошқаси эмас. Ўз-ўзидан, бу ишлар замирида уларнинг мўмайгина даромад орттиришдан ташқари, омматан халқни, ҳоссатан ёшларни илм ва маърифат ҳосил қилиб, ўзлигини, миллийлиги ва маънавиятини таниб қолишидан чалғитиш, уларни буюк ихтиро ва кашфиётлардан тўсиш мақсади ҳам йўқ эмас. Мазкур чалғитишлар сояси остида ҳозирги кунда компьютер ва бошқа жиҳозлар орқали янгидан-янги ўйинлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ўйинларнинг баъзи бирлари ҳаттоки шу даражада босқичма-босқич бўладики, ўз-ўзидан унга киришган инсон ҳар бир босқични эгаллагиси келади ва бунинг натижасида бир куннинг ўзида қанчадан-қанча вақт, маблағ, керак бўлса жисмоний қувватини ишлатиб, сиҳат-саломатлиги, кўнгил хотиржамлигига ҳар тарафлама путур етказади.

Ушбу маълумотларни етказишга қарор қилганимизга сабабчи бўлган нарса – ҳозирда юртимиз ёшлари оммалашган ҳолда ўйнаётган Clash of Clans («Жамоалар уруши») ўйинидир. Биз қуйида фақатгина мазкур ўйиннинг салбий оқибатларини эмас, балки умуман бефойда, баъмано бўлган ҳар қандай ўйин ёки шунга ўхшаш бошқа машғулотлар тўғрисида ҳам хабар бермоқчимиз.

Мазкур ўйинлар нафақат бефойда, балки инсоннинг умрини завол қилиб, унинг икки дунёда бадбахт бўлишига ҳамда ҳар тарафлама зарар кўрганлардан бўлиб қолишига сабаб бўлади. Биз мазкур салбий ҳолатларни юқорида зикри ўтган ўйин тимсолида келтириб ўтмоқчимиз.

Бу ўйиннинг тақдимоти сифатида ишланган видеороликни, ўйиннинг тузилиш шакли, қаҳрамонлари, сюжети, мақсадини ўрганиб чиқиб ҳамда уни ўйнашга муккасидан кетганлар билан суҳбатлашиш асносида қуйидаги хулосага келдик.

Ўйиндаги турли шаклдаги жину шайтонлар, девлар, жодугару сеҳргарлар ва бошқа қаҳрамонларнинг кийимлари ва ҳаракатлари, қўлларидаги баъзи нарсалари ҳар хил мажусий, оташпараст динлар ва шайтоний (сатанист) секталарга мансуб эканлиги яққол кўриниб турибди. Демак бу ўйиндан мақсад оддийгина эрмак эмас, балки буни ихтиро қилганлар унинг замирида ўзларининг диний эътиқодлари ва секталари ғояларига даъват қилиб, оммага сингдиришни ҳам мақсад қилиб олган. Ўйновчилар эса эътиборини фақатгина ўйинда ғалаба қозонишга қаратади-да, ўзлари билмаган ҳолатда мазкур секталарнинг ғояларини қўллаб-қувватлайди ва унинг аъзосига ҳам айланиб қолиши мумкин.

Мисол тариқасида, «Resident Evil 5» («Ёвузлик маскани 5») номли бошқа бир ўйинда, кейинги босқичга ўтиш учун, ўйин қаҳрамони бир хонага кирганда, унинг ўртасида бир нечта китоблар ерда сочилиб ётган бўлади. Демак буни ўйнаётган инсон бу хонадан ўтаётганда ҳеч иккиланмасдан кўнгилли ҳолатда ўша китобни босиб ўтиб кетади. Ваҳоланки, яқиндан ўрганиб кўрилганда, оёқости бўлиб ётган мазкур китоб Қуръони карим эканлиги маълум бўлади (қуйида ушбу ҳолат расми илова қилинади).

Шунингдек, ушбу ўйининг бошқа қисми бўлмиш «Resident Evil 4» («Ёвузлик маскани 4») ўйинида эса, ўйиннинг бир босқичига ўтиш учун кириладиган эшикни Мадинаи мунавварадаги Масжидун Набавийнинг кириш эшикларининг айнан шаклида қилиб кўрсатилган. Унинг биргина фарқи, ўйиндаги эшикнинг ўртасида шайтоний (сатанист)ларнинг икки шоҳли белгиси чизиб қўйилган.

Бундан ташқари, яна бир бошқа «Devil may cry 3» («Иблис ҳам йиғлаши мумкин 3») номли ўйинда эса (бу ўйинларнинг номларини бир-биридан совуқлигига эътибор биринг), энди тўғридан-тўғри Каъбатуллоҳнинг эшиклари кўрсатилган бўлиб, одам шаклидаги шайтон сифатлар бу эшикдан кириб-чиқиб юрганларини кўришимиз мумкин.

«Call Duty Modern Warfare 2» ўйинида эса, уруш кетаётган шаҳардаги бир вайрона уйдаги ҳожатхонадаги деворга иккита расм илинган бўлиб, бу расмнинг рамкасида “Албатта Аллоҳ гўзалдир ва у гўзалликни яхши кўради” ҳадиси ва бошқа сўзлар ёзилганини кўриш мумкин. Ушбу сўзлар шундай нопок жойда ёзилгани ҳам, бу ўйинларнинг ишлаб чиқарувчиларнинг қанчалик қабиҳ шахслар эканлигидан очиқ  далолат қилиб турганини билгандан кейин ҳам, бундай ўйинларни ўйнашда давом этадиганларни ким деб аташ мумкин?!

 

Мазкур ҳолатлар ҳамда бошқа ўйинларда шайтоний оқимлар томонидан исломга қарши бўлган, одамларни манқуртлаштириш бўйича қилинаётган макр-ҳийлалар ҳақида ушбу видеоролик билан батафсил  танишиб, тегишли хулоса чиқаришингиз ва бошқаларга ҳам тарқатишингиз мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=NO7q_gqKnzs

Бу маълумотларни ўқиб, баъзи бирлар таажжубланган ҳолда: «пашшадан фил ясабсизлар», дейишлари мумкин. «Мазкур ўйинларни ўйнаш мумкин эмаслигига бирор бир яроқли шаръий далил борми?», дейишдан ҳам қайтишмайди. Чунки айримлар кейин пайдо бўлган ҳар хил майда-чуйда нарсаларга ҳам албатта Қуръон ва Суннати Набавиядан аниқ лафзли далил ва ҳужжат бўлишини талаб қиладилар.

Аслида эса, шариатнинг асл манбалари умумий ва тафсилий далилларни келтиради. Усулул фиқҳ уламолари, қолаверса, фақиҳлар мазкур умумий далилларнинг нималарга далолат қилишларини бизларга батафсил баён қилиб берганлар. Айтайлик, баъзилар инкор қилаётганидек, айрим ўйинларда қайсидир секталарнинг диний эътиқодлари ташвиқот ва тарғибот қилинмаётгандир. Бу эса, мазкур ўйинни бемалол ўйнаш мумкин, дегани эмас. Чунки на дунё, ва на охират учун фойдасиз бўлган ҳар қандай машғулотлар бизнинг шариатимизда ман этилади. 

Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تُلۡهِكُمۡ أَمۡوَٰلُكُمۡ وَلَآ أَوۡلَٰدُكُمۡ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ ٩

 «Эй имон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир» (Мунафиқун сураси, 9-оят).

Одатда, инсонга берилган неъматлар ичида молу дунё ва фарзандлар алоҳида аҳамиятга эгадир. Лекин мазкур нарсалар неъмат бўлиши билан биргаликда, унга берилиб кетилиши туфайли Аллоҳнинг зикридан чалғитадиган бўлса, ўз эгасини ютқазувчилардан қилиб қўяди. Энди оддийгина кўнгилочар ёки эрмак учун туну кунни совуриб, турли бефойда ўйинларни ўйнаётганларни кимлар деб аташимиз мумкин?!

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

لاَ تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ اَرْبَعٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا اَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا اَبْلاَهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ اَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَ اَنْفَقَهُ وَعَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ ؟ « (رواه الترمذي

 «Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида» (Термизий ривоят қилган).

Демак, ҳар бир банда Қиёмат кунида мазкур тўрт нарсадан сўралиши аниқ! Биз зикр қилаётган ўйинлар эса, сўралаётган тўрт нарсанинг ҳаммасига мансубдир. Чунки бундай ўйинларда аввало умрни завол қилиш, ёшликни беҳуда ўтказиш, молу дунёни исроф этиш, илму маърифатни бекорчи ўйинга совуриш бор.

Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг шундай сўзлари бор: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар. Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: «Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди».

Улуғ муршидлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: «Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йул қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг».

Улуғлардан бири Абу Ҳафс Найсобурий раҳматуллоҳи алайҳи: «Ҳар бир вақтнинг ўз одоби бор, ким вақт одобларига риоя қилса улуғлар даражасига етади», деганлар.

Албатта, бунга ўхшаш далиллар ниҳоятда кўп бўлиб, уларнинг барчасини келтиришга ҳожат йўқ деб ўйлаймиз. Сўзимизнинг охирида мазкур ўйинларнинг қайси бирини бўлса ҳам ўйнаётганларга қуйидаги мантиқий саволлар билан мурожаат қилмоқчимиз.

  1. Аввало мазкур ўйинни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлайсизми (одатда ҳар бир эътиборли, яхши иш «Бисмиллаҳ» билан бошланади).
  2. Ўйиннинг якунида «Алҳамдулиллаҳ» деб дуо қиласизми?
  3. Ўйнаётган машғулотингиз гуноҳ эмасми? Агар гуноҳ бўлмаса, демак у савоб бўлиши керак.
  4. Агар мазкур машғулотингиз савоб бўлса, унинг савобини ўзингизнинг марҳум ота-оналарингиз ёки дода-момоларингизнинг руҳларига бағишлай оласизми?
  5. Тасаввур қилинг, ушбу машғулот пайтида сизнинг ажалингиз етса, нажот топа оласизми?
  6. Қабр ёки Қиёматда мазкур ҳолатда жон таслим қилганингиз учун жавоб бера оласизми?

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

  Олмазор тумани «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

«Олтин қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

 

Read 4871 times

Мақолалар

Top