Мақолалар

Исломга амал қилиш саломатлик гаровидир!

Маълумки, қон турли микроблар кўпайиши учун қулай муҳитдир. Шунингдек, қонда ҳеч қандай озуқавий модда мавжуд бўлмай, ҳазм бўлиши қийин нарсадир. Чунки, қондаги протеинлар жуда заҳарли моддалар билан аралаш ҳолатда бўлади. Ҳатто қоннинг озгинаси инсоннинг ошқозонига тушса, даҳол қайт қилиш жараёни бошланади. Мабодо қонни истеъмол қилинадиган бўлса, у ҳазм бўлмай, қора модда кўринишидан ташқарига чиқади.

Қонни ичиш ёки пишириш йўли билан истеъмол қилувчилар ўз таналарига катта зарарни қабул қилаётган бўладилар. Чунки, қон микроблар омборидир. Қон истеъмолига ўрганган кишилар микроблар, жуда заҳарли моддалардан ташқари, танада карбонат ангидрид гази ортиб кетиши сабабли ҳам ҳалок бўлишлари эҳтимоли катта. Қонни истеъмол қилиш ўзини ўзи ҳалокатга ташлашдир.

Роббимиз субҳанаҳу ва таоло бизга қонни, шу жумладан, оқизилган қонни ҳаром қилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

قُل لاَّ أَجِدُ فِي مَا أُوْحِيَ إِلَيَّ مُحَرَّماً عَلَى طَاعِمٍ يَطْعَمُهُ إِلاَّ أَن يَكُونَ مَيْتَةً أَوْ دَماً مَّسْفُوحاً أَوْ لَحْمَ خِنزِيرٍ فَإِنَّهُ رِجْسٌ أَوْ فِسْقاً أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلاَ عَادٍ فَإِنَّ رَبَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир. Ёҳуд фосиқлик ила Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган бўлса (ҳаромдир). Бас, киши музтар бўлиб, маза талаб қилувчи ва тажовузкор бўлмаган ҳолида (истеъмол қилса). Албатта, Роббинг мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир”, деб айт”. (Яъни, сиз ҳаром деб атаган нарсаларнинг бирортасини ҳам Аллоҳ ҳаром қилгани йўқ. Бу нарсаларни сиз ўзингизча ҳаром деб юрибсиз. Аллоҳ таоло менга ваҳий юбориб, нима ҳалол, нима ҳаром эканини баён қилди.) (Анъом сураси, 145-оят).

Бу оятдаги  مَّسْفُوحاً (масфуҳан) калимасида қоннинг ушбу қисми микроблар уяси эканига ишора бор. Маълумки, танада қонни тозаловчи аъзолар бор. Булар буйрак ва ўпкадир. Буйрак қонни заҳарли моддалардан, ўпка эса заҳарли газлардан тозалайди. Лекин ҳайвон ўлса, бу аъзолар ишдан тўхтагани учун танадаги қон микроблар манбаига айланади. Шу боис ҳайвонни сўйилганда, унинг танасидаги микробларга тўла қон оқизиб юборилади. Ҳа, жонлиқни Ислом ҳукмларига мувофиқ сўйиш унинг гўшти зарар эмас, фойда, озуқа манбаига айланишига сабаб бўлади.

Бугун эса ғарб мамлакатларида микроблар кашф этиланидан сўнг қон ва ўлимтик гўшти истеъмолини таъқиқлаш бўйича қонунлар чиқарилган. Улар қонда ва ўлган ҳайвон танасида микроблар кўп бўлишини билиб қолдилар. Лекин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундан 1400 йил олдин сўйилаётган ҳайвон танасидан оқиб чиқаётган қонни ва ўлимтик гўштини ейишни ҳаром қилган.

Қассобларнинг пичоғида минглаб микроблар бўлади. Ушбу микроблар ҳайвонни сўйиш пайтида қонига тегиши биланоқ кўпая бошлайди. Ҳар ярим соатда бир неча баробарга кўпайиб кетади. Уч соат деганда мингта микроб юз минглаб микробларга ортади. Бу маълумотларни ўқигач, Роббимиз азза ва жалла Ўзининг улуғ Китобида бизга қонни ва ўлган ҳайвон гўшти истеъмолини ҳаром қилганининг ҳикматини англаб етамиз.

Биз Қуръони Каримни ўқиётганимизда, у Роббимизнинг Каломи эканини англашимиз керак. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَبِيرٍ

“Ўта хабардор зотдек ҳеч ким сенга хабар бера олмас” (Фотир сураси, 14-оят).

Оламлар Роббининг кўрсатмасидан тўғри кўрсатма йўқ!

Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунмайдиган кишилар гўштни қони билан истеъмол қиладилар. Шу мақсадда улар ҳайвонни сўймай, электр токи бериб ўлдирадилар. Ана шундан кейин ўлган ҳайвонни майдалайдилар. Бу ҳолатда эса ҳайвоннинг қони гўштига уриб кетади. Кейин микроблар омбори бўлишга улгурган ўша гўштни пишириб ейдилар.

Агар сиз бахт-саодат ва саломатликни истасангиз, Холиқ таолонинг кўрсатмаларига амал қилиб яшанг!

Мўмин-мусулмон одам яхши тушуниб олиши керакки, Дин аҳкомлари инсон ҳурриятини чеклаш учун эмас, балки унинг саломатлиги гаровидир. Агар сиз симёғочга ёпиштириб қўйилган “Ҳаёт учун хавфли” деган ёзувни кўрсангиз, масъул кишилар ўша қоғозни сизнинг ҳурриятингизни чеклаш учун ёпиштирган деб ўйлайсизми ёки саломатлигингизни ўйлаб ёпиштирганларми?! Албатта, ўша ёзувли қоғоз инсонларни хавфдан огоҳ этиш учун ёпиштирилгани сир эмас.

Биз динимизни чуқур англашимиз керак.

Роббимиз азза ва жалланинг чегаралари бор. У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

  تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَعْتَدُوهَا وَمَن يَتَعَدَّ حُدُودَ اللّهِ فَأُوْلَـئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

“Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларида тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир” (Бақара сураси, 229-оят).

Юқори кучланишли электр токи атрофида магнит майдон ҳосил бўлади. Электр токи уришидан сақланиш учун ўша магнит майдонга ҳам яқинлашмаслик керак.

Гуноҳлар инсонни ҳалок қиладиган нарса экан, демак, унга олиб борадиган йўлларга ҳам яқинлашмаслик керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَقْرَبُوهَا

“Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг” (Бақара сураси, 187-оят).

Гуноҳга олиб борадиган йўллари бор ишларга яқин йўламаслик, ундай йўллардан, воситалардан узоқроқ юришимиз керак.

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

وَلاَ تَقْرَبُواْ الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً

“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”. (Оятда “зино қилманглар” эмас, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.) (Исро сураси, 32-оятлар).

Маълумки, зино бир неча босқичлардан иборат. Номаҳрам билан танишиш, гаплашиш, учрашиш, ушлаш, ўпиш, уйига бориш ва охирида фарж зиноси юз беради. Демак, мўмин-мусулмон одам зинога олиб борадиган барча босқичларга яқинлашмаслиги керак.

Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг барча чегаралари инсоннинг, унинг наслининг саломатлиги учундир. Агар сиз бу чегараларга яқин келмасангиз, Аллоҳ таолони розилигига эришасиз ва ўзингизнинг саломатлигингизни сақлашга ҳаракат қилган бўласиз. Агар сиз Аллоҳ таолонинг тоатида бўлсангиз, Унинг зиммаси, омонлиги остида бўласиз.  

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَأَنزَلَ اللّهُ عَلَيْكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُنْ تَعْلَمُ وَكَانَ فَضْلُ اللّهِ عَلَيْكَ عَظِيماً

“Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди” (Нисо сураси, 113-оят).

Пайғамбарига ва у киши орқали барча бандаларига билмаган нарсаларини таълим берган, уларга фойдали нарсаларни ҳалол қилиб, зарарли нарсаларни ҳаром қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва шукрлар бўлсин!

 

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳнинг

“Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар энциклопедияси”

китоби ва интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади 

Read 2422 times

Мақолалар

Top