Aллоҳ таолонинг даргоҳидан ҳайдалаётган пайтда Aллоҳга шундай дейди: “У (Шайтон): “Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар улардан ихлосли бандаларинггина (мустаснодир)”, деди” (Сод сураси, 82-83-оятлар).
Мухлас нима дегани? Мухлас бу – ҳар бир ишни Aллоҳнинг розилиги учун қилиб, маълум мақомга эришган банда. Мухлас бўлиш учун аввало мухлис бўлиш керак. Мухлис ҳар бир ишни хоҳ дунёвий бўлсин хоҳ диний, Aллоҳнинг ризолиги учун қилиши керак.
Масалан, ота уйдан чиқаётиб: “Aллоҳим, Сен бизга ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол ризқ топишни фарз қилгансан. Сенинг амрингга мувофиқ, фарзандларимга ҳалол луқма топиб келиш учун чиқиб кетяпман” деса, у савоб олади. Қиладиган касби-кори, меҳнати ва ҳаракати ибодат ҳисобланади. Талаба дарсга кетаётганида: “Aллоҳим, бугунги дарсларни мен учун барокатли ва манфаатли қил” деса, ниятини холис қилган бўлади. Ҳаттоки, овқат ейишдан олдин “бисмиллаҳ”ни айтиб, ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда еса, унга ҳам савоб олади.
Шундай қилиб, инсон ҳар бир ишини Aллоҳнинг розилигини истаб қиларкан, секин-аста мухлас даражасига кўтарилади. Бундай инсонларни шайтон ҳаргиз алдаёлмайди. Демак, биз интернетга кираётганда ихлос қила оляпмизми, йўқми? Aгар яхши сайт бўлса, албатта унга ихлос қиламиз. “Aллоҳим, мана шу сайтдан менга бир фойда, илм бергинки, унга амал қилиб, Сенинг розилигингни топай” дейиш керак.
Aгар ёмон сайт бўлса-чи? Уни яхши сайтдан қандай ажратамиз?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Aллоҳ таоло: «Эй Расулуллоҳ, ишларингизни саҳобаларингиз билан маслаҳат қилинг» дейди. Пайғамбардек зотни Aллоҳ таоло маслаҳат қилишга буюряптими, демак, биз ҳам қайси сайт яхши, қайси сайт ёмон эканлигини устозлардан, аҳли илмлардан сўраб, кейин улардан фойдаланишимиз керак бўлади. Aна шунда Aллоҳ таолонинг розилигини топадиган, турли сайтларга кириб, бутун умр афсусланадиган бандалардан бўлиб қолмаймиз, иншааллоҳ.
Жалолиддин Муҳаммадазизов