Мақолалар

Соф ислом ақидасини сақлайлик

Ислом — Арабистоннинг саҳро кенгликлари бағрида вужудга келган бўлиб, жаҳоннинг учта буюк динларидан биридир. Тарихий нуқтаи назардан ислом энг ёш дин ҳисобланади.

“Мусулмон” сўзи “ўзини Аллоҳга бағишлаган” деган маънони англатади. Ислом динига эътиқод рамзи қуйидаги икки калимада мужассамлашган: “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”. Ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ҳанафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий ва илмий-маданий ҳамда маънавий юксалишга қулай шароитлар яратиб келган. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

Ақида Исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар ўз вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридий раҳимаҳумаллоҳларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфий Оллоёр:     

Ақида билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деб таъкидлаганлар.

Хулоса қилиб айтганда, ҳанафийликнинг бошқа мазҳаблардан фарқ қилиб турувчи асосий фазилати, унинг мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир.

Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, бугунги кунда мусулмончилигимизни, эътиқодимизни соғлом қилишга, уни мукаммал ўрганишга имкониятлар мавжуд. Мана республикамизда кўплаб диний таълим муассасалари, жумладан, юртимизнинг кўплаб вилоятларида Ислом билим юртлари, Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти, 2 та аёл-қизлар таълим оладиган Ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб турибди. Билмаганларимизни мўътабар, ҳурматли олимларимиздан сўраб, таълиф этган китобларини ўқиб ўрганишимиз даркор. Уларнинг сўзларига доим қулоқ тутишимиз ва ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим. Барчамиз ниятимизни пок қилиб, динимиз, ватанимиз ва халқимизга манфаати тегадиган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб, “Аҳли суннат вал-жамоат” да собитқадам қилсин! Омин.

 

Авезов Музаффар

Имом Фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом билим юрти АРМ раҳбари

Read 2249 times

Мақолалар

Top