Мақолалар

Уламоларни мазаҳ қилиш жоҳиллик ва нодонликдир

«Қасамки, агар улардан (нега масхара қиласиз, деб) сўрасангиз, албатта, улар: “Биз фақат (баҳсга) чўмиб, ҳазиллашяпмиз”, де­йишади. Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингиз-ку?! Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз. Агар сизлардан бир тоифани (тавба қилгач) афв этсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганлари сабабли азоблаймиз» (Тавба сураси, 65–66-оятлар).

Ояти карималарнинг но­зил бўлишига қуйидаги ҳо­диса сабаб бўлган. Муфассирларнинг ёзишича, Абдуллоҳ ибн Умар ро­зиял­лоҳу анҳумодан ривоят қилина­ди: «Та­бук ға­зоти сафарида дам олиб ўтиришган­да бир киши: “Анави қо­риларимизга ўх­шаган қорни каттасини, ёлғончисини ва қўрқо­ғини кўрмадик!” деди. Ўша мажлисда ўтир­ганлардан бири унга: “Ёлғон айтдинг, сен мунофиқсан! Албатта, бу гапингни Ра­сулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказаман!” деди ва уни Набий алайҳиссаломга етказганида ушбу оятлар нозил бўлган эди».

Абдуллоҳ ибн Умар ро­зияллоҳу анҳумо айтади: “Мен ўша одамни кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари жабдуғига осилиб, суриниб, тошларга қоқилиб: “Ё Расу­лаллоҳ! Биз фақат гапга киришиб кетиб, ҳазил тариқасида шу сўзни айтиб юбордик!” дея зорланарди. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам эса ушбу оятни такрорлардилар: «Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингиз-ку?! Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз” (Тавба сураси, 65–66-оятлар).

Олусий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Истеҳзо камситиш ва масхаралашдир”.

Имом Ғаззолий раҳима­ҳуллоҳ: «“Истеҳзо” пастга уриш, камситиш ва айб-нуқсонлар устидан кулиш орқали танбеҳ бериш бўлиб, гоҳида иш-ҳаракат билан, гоҳо сўз билан, гоҳида эса имо-ишора билан ҳам бўлади. Истеҳзонинг асли енгилтакликдан келиб чиққан. Араблар туянинг тезлаб, лўк­киллаб кетишига истеҳзо калимасини қўллашади» деган (“Руҳул маъоний”, 1/158).

Уламолар аҳли илм ва солиҳ зотларни истеҳзо қилиш кофирларнинг сифатларидан ва мунофиқларнинг хислатларидан эканини алоҳида таъкидлашган. Бунга Аллоҳ таолонинг бир неча оятлари очиқ ишора қилади (Қаранг: Бақара сураси, 14–15- ва 212-оятлар; Муъминун сураси, 103–111-оятлар ва ҳоказо).

Истеҳзодан, асосан, Ислом динига душман бўлган гуруҳлар ва уларнинг “дум”лари фойдаланишади. Улар қадимдан мусулмон уламоларни масхара қилиш сиёсатини амалга ошириб келишади. Бу услуб билан илм улуғворлигини кетказишни хоҳлашади.

Мусулмон кишининг зиммасидаги во­жиблардан бири уламоларни ҳурмат қилиш, солиҳларга муҳаббатли бўлишдир. Шариат айнан ушбу муҳаббат ва ҳурмат борасида ҳаддан ошмаслик ҳамда сусткашликка йўл қўймасликни шарт қилган.

Туҳматлар асоссиз бўлса-да, тинмай тар­қатилаверилиши оқибатида айрим эътиборли олимлар ёмонотлиққа чиқиб қолади. Ҳозир ҳам бу услубдан билиб-билмай фойдаланаётган ёш ва ғўр мусулмонлар учраб турибди. Айрим ўринларда улар машҳур уламоларни “хоин”, “зулм малайи”, “динфуруш”, “ширкка чақирганига исбот бор”, “зино ва фаҳшга фатво берган!” деб айблашмоқда.

Бу ишларини “ҳақни гапиряпмиз” деган шиор остида амалга оширишади. Ваҳоланки, улар омилигини очиқчасига тан оладилар. Жоҳилнинг: “Ҳақни айтяпман”, дейиши кўр­нинг: “Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!” дейишига ўхшайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлжа тақсим қилаётганларида бир нобакор келиб: “Эй Муҳаммад, адолат қил!” деганида нимани назарда тутди экан? Бугун ҳам уламоларни беҳуда айблаётган нобакорларнинг мақсади нима?

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуни пичоқ­лаган ра­зил кимса хотин дардида ушбу жирканч ишга қўл урмаганмиди?!

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга қилич урганлар мансаб савдосида ёнганлар эмасмиди?! Улар ҳам “ҳақни айтаяпмиз” деган даъвони қилишмаганмиди?

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга: “Ҳукм ёл­ғиз Аллоҳ­никидир!” деганлар ҳақни айтган бўлсалар-да, мақсадлари ботил эмасмиди?! Хаворижлар дастлаб ҳазрат Али тарафдори сифатида жанг қилишган, кейинроқ таҳким ҳодисасини баҳона қилиб, Али розияллоҳу анҳуни ҳам, Муовия розияллоҳу анҳуни ҳам кофир деб эълон қилишган эди. Булар ҳақпарвар эканлари ҳақида жар солиб, шу шиор билан ҳазрат Алидек зотни қатл қилишмаганмиди?

Эътибор беринг! Ушбу жиноятларнинг бар­часи “ҳақни айтяпмиз”, деган даъво ила амалга оширилган. Бугунгача шу руҳият да­вом этмоқда.

Динимиз душманлари оммавий ахборот воситалари орқали “сўз эркинлиги”, “виждон эркинлиги”, “зулмга хизмат қилаётганлар”, “золим давлатлар”, “сиёсий маҳбуслар”, “са­рой муллалари” ва ҳоказо сўзлар билан дав­латларини ёмонлаш, динни, унинг айрим уқувсиз хизматчиларини сабаб қилиб, бемаъни сўзлар билан қоралаш, ҳар қандай йўл билан уламоларни таҳқирлашни буюришади. Бунинг оқибатини ўйлаб ўтирмайдиган кишилар бу фитналарга осонгина қўшилиб кетишади.

Ҳар қандай фитна унсурларига қарши илоҳий дастуримиз энг маъқул кўрсатмаларни берган. Шариатимиз масхара, истеҳзо, камситиш, таҳқирлаш кабиларни қаттиқ қоралар экан, улар орқали юзага чиқадиган салбий вазиятларнинг олдини олган.

Мухтасар айтганда, мазкур ояти карималарга кўра, инсон бир сўз ёки бир амал билан кофир бўлиб қолиши мум­кин. Илмни ва олимларни истеҳзо қилиш, беҳурмат этиш айнан куфрга тушириб қўювчи хатарли ишлар жумласидандир.

 

Аброр Мухтор АЛИЙ

 

Тошкент ислом институти Матбуот котиби

Read 2915 times

Мақолалар

Top