Мақолалар

Гўзал тарбия – жамият барқарорлиги

Тарбия ота-оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир.

“Тарбия” сўзи арабча калима бўлиб “ўстирди”, “риоясига олди”, “ислоҳ қилди” каби маьноларни англатади. 

Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар муҳим эканлигини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидан билиб оламиз: 

عن أبي هريرة أنه كان يقول قال رسول الله صلى الله عليه وسلم ما من مولود إلا يولد على الفطرة فأبواه يهودانه وينصرانه ويمجسانه كما تنتج البهيمة بهيمة جمعاء هل تحسون فيها من جدعاء ثم يقول أبو هريرة واقرءوا إن شئتم فطرة الله التي فطر الناس عليها لا تبديل لخلق الله ذلك الدين القيم. رواه الاربعة

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:

Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) билан туғилади. Бас, унинг ота-онаси уни яҳудий ёки насроний, ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус бутун ҳайвон туғилишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?”, дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра: “Агар хоҳласангиз, (Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Мана шу тўғри диндир”, деган оятни ўқинг”, дер эди. 

Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат ҳисобланади. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томон эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. 

Агар бола эьтиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки болани шу куйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади. 

Улуғ ва қудратли Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй мўминлар сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз”,

(Таҳрим, 6) 

Ота фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират олвидан ундан-да копроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота фарзандини охират оловидан сақлайди. Аксинча, бола дунё талабида улғайса абадий ҳалокатга юз тутади. 

Фарзанд дунёга келган илк кунлариданоқ, кузатув остида бўлмағи лозим. Болани эмизиш ва мураббийлик ишлари диёнатли, ҳалол аёлгагина ишониб топширилиши мумкин. Чунки, ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака йўқ. Агар ундан истеьмол қилса, боланинг қонига ҳаром аралашадида табиати ҳаромга мойил бўлиб қолади. 

Яхши ёмонни фарқлаш ҳисси болада шакллана боргани сайин назоратни кучайтирмоқ лозим. Бунинг аввалги белгиси унда ҳаёнинг илк нишоналари зоҳир бўлади. Шунчаки тортиниб туриш ҳали ҳаё эмас. Балки ақл нури ёришиб, бола баьзи ишларнинг бошқасига зид эканлигини кўради, хунук деб топган ишларни қилишдан уяли бошлайди. Бу Аллоҳ таолонинг унга ҳадяси, хулқининг поклигидан, қалбнинг софлигидан дарак берувчи башорат, ақлнинг камолга етаётганидан хушхабардир. 

Ҳаёли болани эьтиборсиз ташлаб қўйиш ярамайди. Балки унга ҳаё одобини ўргатиш билан ёрдам бермоқ лозим. 

Кўпинча болаларда таомга очкўзлик билан ташланиш туйғуси ғолиб бўлади. Бунда тарбия таом ейиш одобидан таьлим бериш билан бошланади. Масалан, таомни ўнг қўлда ейиш, бисмиллаҳ билан бошлаш, катталардан олдин таомга қўл чўзмаслик ва таомни фақат ўзининг олдидан олиш, еяётган кишининг оғзига қарайвермаслик, шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш, луқмани оғзига кетма-кет тиқавермаслик, таом юқини кийимига артмаслик, баьзан зиравор ёки ширинликларсиз қуруқ ноннинг ўзини ейишга одатланиш. 

Шунингдек, кўп таом ейишнинг ёмонлиги, бу ҳайвонларга хос хусусият эканлиги, одобли бола таомни кам ейиши, борига қаноат қилиши, таом танламаслик ҳақида гапирилса, бу ҳам тарбиядир. 

Болада ранг-баранг ва ипакдан бўлган кийимларга эмас, оддий оқ рангдаги кийимларга рағбат уйғотиш лозим. Ранг-баранг ипак кийимлар аёлларга хос эканлиги эркак киши бундай нарсалардан узоқроқ юриши боланинг ёнида бот-бот эслатиб турилиши керак.

Ана шунда болада ранг-баранг ва ипакдан бўлган кийимларни ёқтирмаслик туйғуси ҳосил бўлади. 

Болани тўкин-сочинликда, қимматбаҳо кийимлар кийиб ўсган болалардан, бундай дабдабали ҳаётга рағбат уйғотадиганлар даврасига аралашиб қолишдан асрамоқ зарур. Чунки вояга етаётган болани эьтиборсиз ташлаб қўйилса, кўп ҳолларда бу ахлоқнинг тубанлашувига сабаб бўлади. Натижада бола улғайгач, каззоб ҳасадгўй, ўғри чақимчи, қайсар бир кимсага айланиб қолиши мумкин. 

Булардан сақланишнинг йўли – чиройли тарбия. Кейин мактабда дарс билан машғул бўлмоқ, қурьон ва ҳадис таьлимини олмоқ. Солиҳ инсонлар ва уларнинг ҳолатлари ҳақида тингланган ҳикоялар қалбда уларга муҳаббат уйғотади. 

Боланинг тарбиясида отанинг қатьияти, сўзидан қайтмаслиги муҳим аҳамиятга эга. У ўзининг бу табиатини фарзандига доимо сездириб туриши зарур. Она ҳам ўз навбатида отанинг айнан шу хусусиятини боланинг ёдига солиб турмоғи шу тарзда фарзандини ёмонликлардан қайтармоғи лозим. 

Эрталабки уйқу болани ялқов қилиб қўяди. Кечқурун эртароқ ухлаш эса кони фойда. Тўшакнинг ҳаддан ташқари юмшоқ бўлиши гавданинг эгилувчанлигини камайтиради, аьзоларнинг қотишига олиб келади. Семириш таомга рағбатни кучайтиради. Шунинг учун болани дағалроқ тўшакка, одмироқ либосда, оддий таомга ўргатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа. 

Эрталабки бадан тарбия дангасаликни қувади. Кийимларининг олдини очиб, қўлларини ёйиб, шошиб юриш одобга мувофиқ эмас. У ҳар бир дўстига тавозуь ва ҳурмат билан муомала қилишга одатланмоғи, ўзаро суҳбатда меҳрибон ва мулойим бўлмоғи лозим.

Болаларни ўғирлик, ҳаром, хиёнат ёлғон бузуқлик каби иллатлардан қўрқитиб ўстирилади. Ёши улғайгани сайин болада бундай ишларнинг сирига етиш имкони кўрина бошлайди. Ўшанда унга шундай эслатиш мумкин: “Таомлар доридир. Уларни истеьмол қилишдан мақсад – барчамизни яратган Аллоҳ таолонинг тоатига қувват олиш. Дунё асл турар жой эмас, чунки унда абадий турилмайди. Ўлим дунё неьматини қирқади. Дунё ўткинчи бир қўналға, охират эса доимий қароргоҳдир. Ўлим – исталган соат келиши мумкин бўлган, кутилган нарса. Бу дунёда охират учун озуқа ғамлаган киши ҳақиқий оқил ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳузурида бундай кишининг даражаси баланд, жаннатдаги вазифаси янада бисёр бўлади”. 

Ота-онасига, муаллимига, хоҳ катта-кичик, яқин бегона бўлсин уларга ҳурмат кўзи билан қарашни сингдириш лозим.

  

Тўймурод Сайлиев

Read 2081 times

Мақолалар

Top