Мақолалар

Ислом - бағрикенг дин

«Инсон эътиқодсиз, иймонсиз яшай олмайди. Чунки комил ва собит эътиқод жамият маънавий қиёфасини белгилайди. Бу борада Ислом дини катта аҳамиятга эга».

И.А. Каримов 

 «Ислом» сўзи  араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда «итоат ва бўйсуниш», «ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш», ҳамда «сулҳ ва омонлик» деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр килган. Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

«Ислом» деганда ҳозирги кунда исламофобиянинг таъсиридан баъзилар фақат уруш, отиш, гаровга олиш, одамларни ўлдириш деб, баъзилар фақат намоз, рўза, таҳорат, масжид деб, баъзилар фақат салла, чопон, махси, калиш деб тушунадилар ва ҳоказо... Ваҳоланки ушбу Ислом дини ҚАНДАЙ дин экани хусусида муҳтарам Биринчи Президентимиз ниҳоятда серқиррали ва тўла-тўкис тушунтириб берадилар:

«Биз Ислом дини ота-боболаримиз дини экани, у биз учун ҳам иймон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини доимо юксак қадрлаймиз… Динга ҳурмат ва эътиқод – биз учун ўлмас қадриятдир».

«Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Ва халқимизнинг маънавиятини шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Аллох марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди».

Бу дин шундай бир динки, нафақат Ислом динини, ҳатто бошқа динларни ҳам инкор этувчи шахсларга нисбатан ҳам ширин сухан билан чиройли муомалада бўлишликка ундайдиган дин.

«Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,

Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,

Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».        

Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссаломларга ўзини «Худоман», деб даъво қилган Фиръавндек зотга ҳам Аллоҳ таоло юмшоқ ва мулойим сўз билан гапиришликка буюряпти:

“Эй, Мусо! Сен ўзинг ва биродаринг Ҳорун Менинг оятларимни одамларга олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у "Мен – худоман”, деб  ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки ҳалок қилишимдан қўрқса” (Қуръони карим Тоҳо сураси 42 – 44 оятлар).                                     

Ва ҳолбуки, Худои таоло қодир эди Мусо алайҳиссаломга: «Эй, Мусо, Фиръавнни олдига борганингизда асонгизни ушланг, аждаҳога айланиб Фиръавнни ютиб юборсин», – дейишликка. Лекин Худои таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарларидан бири бўлган, Аллоҳ таоло билан воситасиз гаплашган, Қуръони Каримда у кишининг номлари 136 марта зикр этилган, алоҳида бир Муқаддас китоб нозил қилинган, севимли пайғамбарларидан битталари бўлган бўлсалар-да, ширин сўз ва мулойимлик ила муносабат қилишни амр-фармон қилади.

«Агар бўлсанг ипак каби мулойим,

Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.

Қулоғимга берган пандинг олайин,

Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма». 

Аллоҳ таоло инсоният тарихида Ер юзининг қайси жойида одамлар ичида ёмон, разил, нохуш, қабих ишлар кўпайиб кетган замонларда Ўзининг ҳикмати илоҳийси ила шуларни ислоҳ қилиш учун огоҳлантирувчи, ислоҳ этувчи пайғамбар жўнатган… VI асрларда Арабистон ярим оролида тарқоқ қабила  тузумида истиқомат қиладиган халқлар бутпарастлик ва жаҳолат ботқоғига ботиб қолган бир даврда, қабилалар ўзаро тинмай жанглар олиб борадиган бир вақтда, ижтимоий ва мулкий тенгсизлик чидаб бўлмас даражага етган бир пайтда, жаҳолат шу даражага бориб, ҳатто айрим қабилаларда қиз фарзанд дунёга келса, уни тириклайин кўмиб юборадиган бир замонда Ер юзининг эгаси бўлган Аллоҳ таоло пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом орқали Ислом деган динни барпо этишни ихтиёр килди.

Тарихдан маълумки,  Пайғамбар алайҳиссаломнинг ватанпарварликлари, инсонпарварликлари ҳаммани лол қолдирган. У зоти шарифда ўтган барча пайғамбарларнинг яхши фазилатлари мужассам эди. Одам алайҳиссаломнинг яхши хулқ-атвори, Сиф алайҳиссаломнинг илму донишлиги, Нуҳ алайҳиссаломнинг жасорати, Иброҳим алайҳиссаломнинг шафқати, Исмоил алайҳиссаломнинг фасоҳати, Исҳоқ алайҳиссаломнинг камтарлиги, Лут алайҳиссаломнинг фаросати, Ёқуб алайҳиссаломнинг топқирлиги, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳусн-жамоли, Мусо алайҳиссаломнинг сабот-матонати, Юнус алайҳиссаломнинг ҳалимлиги, Довуд алайҳиссаломнинг хайрихоҳлиги, Илёс алайҳиссаломнинг олижаноблиги, Яҳё алайҳиссаломнинг мусаффолиги, Исо алайҳиссаломнинг тақводорлиги пайғамбаримиз Муҳаммад расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламда  мужассам бўлган эди.

Пайғамбаримизнинг турли қийинчиликлари, тинимсиз меҳнатлари, матонатли курашлари, бетакрор бағрикенгликлари ва беқиёс меҳрлари туфайли Ислом динининг жўғрофий доираси  кенгайди, қўшни мамлакатлар халқлари ҳам  ислом динига  ўтиб мўмину мусулмон бўлишди. Бу Исломнинг халқчиллигидан, кўпчилик мамлакат халқлари ўртасида қозонган ҳурматидан далолат беради.

Чунки ер юзасидаги барча мавжудотнинг энг ардоқлиси, икки дунё сарвари, Аллоҳнинг суюкли хабиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам халқни зулмату жаҳолату қабоҳат дунёсидан саодатли йўлга етаклади. Парвардигорнинг марҳамати ила ул зоти олий 23 йил мобайнида Ислом динини оммалаштирди, тарғиб ва ташвиқ қилди, Қуръони Каримни халққа  машъал қилиб тортиқ этдики, бутун аҳли Ислом ҳозиргача ундан баҳраманддир.

Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, қўни-қўшни ҳақларини адо этиш, бошқа дин ва ўзга миллат вакилларига чиройли муомала қилиш, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, Ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса, мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди. 

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган урф-одатлари ҳам инсонларни диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка тарғиб этади. Шу жаннатмакон заминнинг, буюк алломалар юртининг туб халқи бўлмиш ўзбекнинг ҳам феълий, ҳам қавлий жиҳатдан тўла-тўкис ва мукаммал этиб, мадҳиямизда ҳам «бағрикенг ўзбекнинг ўчмас иймони» деб тавсифлаб, баён этилади.

Эзгуликнинг ёрқин намоёндаси, диний бағрикенгликнинг улуғ тимсоли ва буюк намунаси, дунёдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг энг катта устози бўлган жаноб Пайғамбаримиз ҳар бир мусулмон кундалик фаолиятида ишлатиши лозим бўлган, ҳар кунги ҳаётида татбиқ этиши даркор бўлган мавзуларни меҳр-мурувват ила марҳамат қилганлар:

-Қўшниларингиз сизни яхши одам дейишаётган бўлса, демак, сиз яхшисиз. Агар улар сизни ёмон одам дейишаётган бўлса, демак, сиз ёмон одамсиз.

-Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир.

-Бирор киши бор айбингизни айтиб  сизни ҳақоратласа, сиз уни унда  бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур.

-Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга  одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди.

-Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз.

-Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур.

-Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан:  Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан? – дейди.

-Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди.

-Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак.

-Бутун умр эзгуликни тиланглар!

-Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар. Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар.

-Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг! (зулм илдизига болта уриш ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир.)

-Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар, тўғри йўл топасизлар, уларнинг айтганидан чиқманг, пушаймон бўласизлар.

-Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади. 

Доно халқимиз ислом динимиздаги кўрсатмаларни ўз тилида мақол сифатида ҳам ифода этган:

"Ёмонликка яхшилик  эр кишининг ишидир.

Ёмонликка ёмонлик  ҳар кишининг ишидир".

 *    *    * 

зингга раво кўрмаганни,

Ўзгага ҳам раво кўрма".

"Агар сен қиблага бурмасанг юзни,

Беш маҳал саждаю намозинг бекор.

Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни

Агар бир мўминга етказсанг озор”.

 *   *   *

Маккага етти қат борганча бўлур,

Бошини силасанг ўксик инсонни".

Ислом динимиз, айниқса, бизнинг заминимиздаги Ислом эзгулик дини эканлигини, таъбир жоиз бўлса, кўрга ҳасса ушлатгандек муҳтарам Биринчи Президентимиз ўз китобларида ўргатяптилар: «Эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош, оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди».

"Дасти қисқаларни камситма зинхор.

Савобнинг каттаю кичиги бўлмас.

Кимнингдир давлати беҳуда бисёр

Ва лекин бахилдир, толеи кулмас.

 *   *   *

Оч қолган гўдакка саховатли зот,

Яримта хурмони дилдан илинди,

Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,

Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.

 *   *   *

Демишлар савоб иш офатни тўсиб,

Эзгулик йўлига шайлангусидир.

Энг кичик ҳиммат ҳам тойчоқдек ўсиб,

Тулпордек савобга айлангусидир".

 

Илохо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз с.а.в. тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳим Иномов, 

ЎМИ раиси ўринбосари

Read 7206 times

Мақолалар

Top