Мақолалар

ЎСМИР ҚИЗГА НИМА КЕРАК?

Кечга томон телефон жиринглади. Жияним экан. Жавоб бердим. У мендан қизлар учун алоҳида таълим-тарбия, шарқона одоблар ва диний қадриятлар ўргатиладиган бирор маскан бор ёки йўқлигини сўраб қолди. 13 ёшли синглисининг тарбиясидан қаттиқ ташвишда экани, асабийлашгани овозидан сезилиб турарди. Уларнинг оиласини яқиндан билганим учун масалага бошқача ёндашдим:

– Тўғри, қизлар учун диний-таълим бериладиган билим юртлари бор, албатта. Лекин ўқув маскани ўзгаргани билан уйдаги муҳит ўзгармаса, нечоғлик фойда берар экан?..

– Ўзиз биласиз, биз акасимиз. Ишдамиз, оила боқамиз.

– Мен айтмоқчи бўлган нарса, қизга кўчадан таълим-тарбия берилса, аммо уйдагилар уни назорат қилмаса, у билан шуғулланмаса, илми, ибодатлари учун кўмак бермаса, ўзлари акс ўрнак кўрсатиб турса, фақат мадраса ёки маъҳадга юбориб қўйгани билан иш битмайди-да! Сен кўзлаган мақсадга ета олмайсан. Кўриниши, зоҳири чиройли кўринсада, асли, ботини ўзгармай қолаверади. Синглинг – ўсмир ёшида, у билан яқин бўлиш, дўстлашиш, унинг муаммоларини ўрганиш керак.

– Мени биласиз опа, қаттиққўлман, аяб ўтирмайман. Қизларга ортиқча “юмшоқ супурги”лик қилмайман. Ҳатто, хотинимга ҳам. Борим шу!

– Тўғри, “боринг шу”дир, лекин айнан мана шу қўрс ва қаттиқ феълинг учун ҳам синглинг сендан узоқда. Дўстлари – оила аъзолари эмас. Уларни ким эканлигига назар сол. Дарслардан қочиб юрадиган йигит-қизлар, “севишганлар” ва яна ёмон одатларга ўрганган ўсмир ёшлар. Сен уни койиб бераверсанг, ҳар битта қадами учун жазолайверсанг, қатъий ва кескир чора кўраверсанг, у албатта, уйдан безиб кўчадан “меҳр” қидиради. Сендан қўрққани учун “одобли” бўлиб кўринади, лекин ўз одатларини тарк қилмайди.

– Телефонини кўриб қолдим... “смс”ларини ўқиб фиғоним чиқиб кетяпти, аҳмоқ қиз! Ўғил бола бўлганида аямай савалар эдим, қиз болада бу...

– Қарагин-да, дин инсонларни қўполлик билан насиҳат қилишга чақирмаган, аксинча юмшоқлик ва мулойимлик катта самара берган. Яхшиси сен у билан дўстлаш.

– Дўстлаш?!

– Ҳа, дўстлаш. Дўсти бўлсанг, сирларини, ичидаги дардини айтади, шунда секин-аста касалликларини, ёмон одатларини билиб, бартараф қилиб бораверасан. Дўстлашиши учун сенга ишони керак, сендан меҳр, шафқат, яхшилик ва илиқлик кўриши керак. Бунинг учун машинангда бирор ерга олиб бор, кўнглига қўл сол, уни эшит. Кўп суҳбат қур. Ҳар хил маазуларда гаплаш. Уни ўрган. Ёқтирган нарсаларини, ширинликларини олиб бер.

Мени акамни биласан-а? Қанчалар меҳрибон, ғамхўр ва биз ука-сингиллари учун ўта жонкуяр. Мен ҳатто опам, синглим йўқ деб хафа бўлмайман. Опадан кўра яқин. Сингилдан кўра ҳожатбарор. Бу менинг яхшилигим учун эмас, бу ўзининг яхши инсон, намунали ака эканидан дарак. Сен ҳам мана шунақа ака бўла оласан. Фақат анча сабр, машаққат ва ҳафсала керак бўлади. Сенга ишончи орта боргач, ҳурматинг кучаяди. Натижада гапларингни қабул қила бошлайди. Астойдил куюкаётганингни тушуниб етади. Ўзи ҳам ислоҳ томон юра бошлайди. Кейин сен сўраётган диний тарбия ҳам, оддий насиҳат ҳам кор қилади. Кўриниши диндор ва тарбияли қизга ўхшаса-ю, қалби, одатлари ўша-ўша бўлиб қолаверса, чиройли расмдан фарқи қолмайди...

– Ҳа... Лекин ҳамма нарсаси бор. Ўзимизга тўқмиз... Яна нима керак бу беақлга?

– Унга моддий таскин керак эмас, яқинларининг меҳри керак... Тушуняпсанми, гапларимни мағзига етиб боролдингми?!

– Опа-а-а, ахир тўрт йил институтда ўқиганман мен ҳам! Тушуняпман.

– Ўн йил ўқиса ҳам, одам бефаросат, фаҳмсиз бўлиши, ҳикматсиз, тадбирсиз ўйламай-нетмай иш қилавериши мумкин жиян.

– Мен ҳам фаросатли ва фаҳмли йигитман. Мана катта рўзғорни эплаб, ҳаммани тадбирини қилиб юрибман. Шартнома пули борми, боғча пулими, солиқ-ижара борми – ҳаммасини жой-жойига қўйиб қўйганман, опа! Ота-онам бутун бошли катта тижоратини менга ишониб бериб қўйишган. Ўзлари мана роҳатда – дам олиш, гап-гаштак ёки бирор ерга саёҳат, бемалол бориб келаверишади. Уйда ўтириб қолишмаган. Яқинда ўзларига алоҳида машина олдик. Ойимга ҳам, адамга ҳам. Кўряпсиз, топиш-тутишимиз, еб-ичишимиз бировдан кам эмас. Фаросат-фаҳм дегани шунча бўлар.

Майли, вақтингизни олмай... Гапингизни ҳаммаси тушундим. Хуллас, ўқиш йўқ, денг. Ҳали ёш эканда, унақада? Бўпти, уйиздагиларга салом айтинг.

– Хайр...

Суҳбатимиз бироз фойда беради, деб умид қилгандим. Шунча гапдан кейин ҳам жияним ўз фикрида қолибди. Тарбия учун осон, тез ва ортиқча бош оғриғисиз йўл қидираётган эди. Бошқа самарали ва лекин машаққатли йўл мос келмади. Тўғрида, бошини қотириб, “дардлашиб” нима қилади?!

Кўпчилик фарзанди диний ўқишга кирса, ислоҳ бўлиб, тузалиб кетади, тарбияси ўнгланади, деб катта умидлар боғлайди. Аллоҳ тавфиқ берса, шундай бўлади, албатта. Лекин, юқорида айтганимиздек, баъзи унсурлар борки, ўсмир қизни оиладан қочишига, тарбияси ёмонлашишига сабаб бўлади. Масалан, тарбия истаётган ота-она ўзи таълим-тарбияга муҳтож бўлиши, алоҳида қиз фарзанд учун диний ва тиббий тарбиянинг етишмаслиги, оилада яқин дўсти, сирдоши ва маслаҳатгўй суҳбатдоши бўлмаслиги, ота-она ишдан, ака-ука ўз оиласи ва бола-чақасидан ортмаслиги, севимли ва фойдали машғулотлар билан шуғуллантирмаслик, китоб мутолаа қилмаслик, фақат жиянларга қараш,  ўсмир қиз ўзини уй юмушлари учун керакдек ҳис қилиши, ўта даражада чеклов ва қаттиққўллик, ҳар бир хатти-ҳаракат учун дакки эшитиш, фикрини мустақил айта олмаслик, оилада ундан ҳам маслаҳат ва фикр сўралмаслиги, унинг қизиқиш ва истаклари четлаб ўтилиши, бирор ишда ўзини намоён қилмоқчи бўлганида, шижоатини синдириш, ёхуд ўта даражада эркин қўйиб назоратсиз қолдириш ва бошқа биз ўйламаган “кичик хатолар” – ўсмир ёшдаги қизларни кўчага ёки бошқа “кўнгилочар” муҳитларга улоқтириб юборади, ахлоқи дарз кетади.    

  Бундай вазиятларда бобо-бувилар асосий тиргак ва насиҳатгўй бўлишлари, набираларини тушуниб, тўғри йўл кўрсатишлари жуда муҳим. Ота-оналар ҳам болани тинглаши, ҳар куни алоҳида суҳбатлашиши, фарзанди “дарди”ни тинглай билиши керак.

Оддий мисол, бир қариндошимизнинг қизи телефонда йигитлар билан танишиб, гаплашиб юрадиган одат чиқарибди. Аслида содда, камтарин қиз эди. Нега “айниб” қолганини сўрасам, отам жаҳлдор, онам ҳамма қилган ишимдан айб топади, дарров ура кетади. Ош-овқат, укаларимга қараш, дарсини қилдириш, қари бобомнинг инжиқликларини кўтаришим керак. Амаким уйга ичиб келиб, жанг бошлайди. Катталар мендан аламларини олиб: “Нега ҳам туғилгансан, сен?!” деб бақириб беришади. Ўқишга ҳам кирмас эканман... Уйдан топмаган хотиржамликни, телефондан топяпман, ойимгилар ишга кетганда бекитиқча бир-бир гаплашиб ичимдагиларни айтиб оламан, кенайи... юм-юм йиғлай бошлади.

Сизга шу керак-ми, азиз ота-оналар, катталар?! Бу қиз-ку, унсни телефондан топибди. Қанчадан-қанча ёшлар биз бермаган меҳрни кўчада бегона йигит-қизлардан, тунги клублардан, саёқ юришлардан, зарарли моддалардан тотмоқда. Ким қайга етакласа, ўшанинг этагидан тутмоқда. Турфа шиорларга бурканган чақириқларга эргашиб, ўз уйини ташлаб кетяпти. Баъзи руҳий тушкунликка тушган иродасизлари ўз умрига чек қўймоқда. Жонига, соғлигига шикаст етказмоқда. Яна кимдир жиноят, ўғрилик йўлига кириб кетмоқда. Хуллас, натижалар, кўрсаткичлар турфа, хилма-хил... Биз боламизни “қўғирчоқдек” кийинтирдик, моддий таъминотини зўр қилиб қўйдик, дея қувонамиз. Боламиз бировникига айланиб бораётганини пайқамаймиз ҳам...

Ўсмир ёшдаги йигит-қизлар учун у даражада кўп моддият керак эмас. Аксинча, ТЎҒРИ тарбия, доимий эътибор ва самимий меҳр керак!

Сўнгги сўз ўрнида Доктор Муҳамммад Ротиб Ноблусийнинг фикрларини келтирсак:

“Агар боланинг яқинлари уни яхши билсалар, тарбиясини чиройли қилсалар ҳамда шахсиятини ҳурмат қилсалар бола ҳеч нарса тенг келмайдиган одоб ва журъат соҳиби бўлиб етишади.

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдик. Биз ўсмирлар эдик. Ҳузурларида йигирма кеча турдик. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам раҳмдил ва меҳрибон зот эдилар. Бизни аҳлимизни соғинди, деб ўйладилар. Ортимиздан кимларни қолдириб келганимизни сўрадилар. Кимлар қолганини хабарини бердик. Шунда у зот айтдилар: “Аҳлингизнинг олдига қайтинг, уларнинг олдида туринг. Уларга таълим беринг. Буюринг, фалон намозни фалон вақт, бошқасини фалон пайтда ўқисинлар. Намоз вақти киргач, бирингиз сизга азон айтиб берсин, каттангиз сизга имомлик қилсин”.[1]

Қанчадан-қанча кишилар ўз вақтларини уйдан ташқарида иш, хизмат ёхуд сафар асносида ўтказиб юборадилар. Аксинча, бўш вақтларини оила аъзолари ила уйларидан узоқроқ бирор холи ерда ўтказсалар, болалар атрофда қувнаб югурса... Жуфти ҳалоли ва фарзандлари ўртасида алоқалар яхшиланиб, қалбларга хурсандчилик кирган бўлар эди. Дам олиш маскани қиммат ва машҳур бўлиши шарт эмас. Оддий табиат қўйни ҳам бўлади. Бу ҳам солиҳ амал турига киради, Охиратда савоб умид қилинади...”

 

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

 Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

 

[1] Имом Бухорий ривояти.

Read 3079 times

Мақолалар

Top