Мақолалар

ОЛИМГА ЭҲТИРОМ – ОЛАМГА ЭҲТИРОМ

Миллий маънавиятимиз қуёши ҳазрат Алишер Навоий бадиий-эстетик тафаккурнинг чўққиси ҳисобланган “Хамса” асарининг биринчи достони “Ҳайрату-л-аброр”да мана бундай ёзган эдилар:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,
Балки нишони анга иймон эрур.

Дарҳақиқат, кўпминг йиллик тарихимиз наинки шахс камолоти, балки жамият тараққиётининг ҳам асосларидан бири иймон-эътиқод эканидан далолат беради. Сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда.

Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби маърифат масканлари ташкил этилгани, олий диний таълим берувчи муассасалар сони кўпайиб, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Самарқандда Ҳадис олий мактаби иш бошлагани, калом, тасаввуф, фиқҳ, тафсир сингари исломий илмларни ўрганадиган илмий мактаблар очилгани бу борадаги ислоҳотлар кўлами нечоғлик катта миқёсга кўтарилганини кўрсатади. “Вақф” жамғармаси фаолиятининг йўлга қўйилиши диний-маърифий соҳа ривожида беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Мамлакатимиздан ҳаж ибодатига борадиганлар сони тобора ошиб бораётгани, умра зиёратига бориш имконияти қувонарли даражада кенгайгани... Бу соҳада амалга оширилаётган, аҳамияти беҳад катта бўлган ишларни санаб адоғига етиш қийин.

Куни кеча халқимиз яқин тарихимизда кузатилмаган бир хушхабарнинг гувоҳи бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий давлатимиз раҳбари Фармонига кўра “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Ҳақиқатан, диний соҳа раҳбарининг давлат мукофоти билан тақдирланиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги юксалиш босқичига кўтарилаётгани исботидир.

“Темур тузуклари”да ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур мана бундай ёзган эди: “...саййидлар, уламо, машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, тарихчиларни сара, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини ўрнига қўйдим”.
Жамиятда исломий маърифатни юксалтириш ишига катта ҳисса қўшиб келаётган муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандийга кўрсатилган юксак эътибор бугунги кунда мамлакатимизда буюк Соҳибқирон Амир Темур бошқаруви анъаналари муносиб даражада давом эттирилаётгани исботидир. Зеро, олимларга кўрсатилган эҳтиром Ватан ва миллат, маърифат ва диёнат ривожига кўрсатилган эҳтиромдир.

Муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари нафақат юртимиз ва Марказий Осиё минтақасида, балки дунё миқёсида эътироф этилган уламолардан бири, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ҳамда Бутунжаҳон уламолар кенгаши аъзосидир. “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани Ўзбекистон халқи учун ифтихор саналади. Муфтий ҳазрат қаламига мансуб “Тафсири Ирфон” туфайли она юртимиздан етишиб чиққан улуғ муфассирлар адади яна биттага кўпайди. “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби сара асарлари жамият маънавиятини юксалтириш ишига қўшилган муносиб ҳисса дейилса, муболаға бўлмас.

Муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларига мустаҳкам соғлик, жамият маънавиятини юксалтириш, диний-миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришдек эзгу ва савобли фаолиятларида ғайрат-шижоат ҳамда янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбой ЖАББОРОВ,
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети кафедра мудири,
профессор, филология фанлари доктори,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом
институти профессори

Read 2582 times
Tagged under

Мақолалар

Top