Мақолалар

НИЯТ ҚИЛИШНИ БИЛАСИЗМИ?

         Дунёнинг аввали – Сўз бўлган. Аллоҳ таолонинг “БЎЛ!” деган каломидан сўнг Ер ва Осмон, барча оламлар пайдо бўлган – бунга шаксиз иймон келтирамиз. Демак, дунёнинг асоси қандайдир “материя” эмас, балки СЎЗдир.

         Сўзни қўл билан ушлаб, ёки кўз билан кўриб бўлмайди. Лекин у шубҳасиз, мавжуд. Яна, Сўз – беқиёс катта кучга эга!

         Худди шунга ўхшаш, ният ҳам кўзга кўринмайди. У киши онгида пайдо бўлади. Аёнки, ниятни сўз билан ифодалаш мумкин. Ҳар бир иш ёки жараён аввало ниятдан бошланади. Ният, ўрни ва моҳиятига қараб, “дастур”, “истиқболли режа”, йўл харитаси ҳоказо номланиши ҳам мумкин. Масалан, деярли барча инсонларда яхши ўқиш, фаровон ҳаёт кечириш, уйланиш, фарзанд кўриш, яхши уй-жой қилиш... каби фикр-ниятлар албатта бўлади. Сўнгра, шу йўлда мос равишда, муайян ҳаракатлар амалга оширилади – яъни ўша фикр моддийлашади.

“Ният” луғатда бир нарсани қасд қилишни англатса, шариатда бир нарсани амалга боғлаб, қасд қилишга айтилади. Исломда ҳар бир нарсага ният шарт. Шунинг учун ҳам кўпчилик фуқаҳолар ҳар бир амалда ният фарздир, деганлар.

Ниятнинг макони қалбдир. Шу боис ҳар бир иш холис бўлиши учун қалбдан ният қилиш керак. Агар қалбдан ният қилиб ниятни тилда ҳам зикр этса, янада яхши. 

         Ҳеч бир иш йўқки, ниятсиз бўлиб, дарҳол “мақсадга” ўтиб кетилаверса! Дейлик, таҳорат олмоқчи бўлсангиз, “Таҳорат олишга ният қилдим. Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм”, дея аввал кўнгилдан ўтказиб, сўнгра тил билан ифодаланади. Ибодатга киришишдан аввал ҳам худди шундай, яъни, аввал ният дилдан ўтказилиб, кейин тил билан айтилади. Демак, Инсон ҳаётидаги ҳар қандай яхши-ёмон ҳолат, унинг ниятига чамбарчас боғлиқ.

Бахтли бўлиш учун ҳам аввал уни ният қилиш керак. Буни ҳамма билади-ю, лекин “тарки одат амри маҳол” деганларидай изтироб чекиб, тушкунликка тушаверади. Бу табиий ҳол, чунки биздаги бу нуқсон болаликдан илдиз отиб келаяпти-да! Аммо барибир, фикримизни ўзгартиришга мажбурмиз. Биз нохуш фикр-ўйларимиз билан нафақат атрофдагиларни кайфиятини бузамиз, балки ўз саломатлигимизга ҳам жиддий зарар етказамиз.

         Хўш, фикрлаш тарзимизни даволаш мумкинми? Мумкин. Бунинг учун рамзий тимсоллар ёрдамида фикрлаш усулига мурожаат қилиб кўрайлик. Тимсолий фикрлай олиш ва уни хотирада жамлаб туриш жуда муҳим.

         Масалан, Сиз орзу қилаётган нарсангизни хаёлингизда тиклашингиз мумкин. Уйингиз, мебелингиз эски русумдан қолган. Сиз эса уларни алмаштиришни истайсиз. Лекин имконингиз йўқ. Сиз буни хаёлан... хоҳлаган пайтда бажаришингиз мумкин.

         Тасаввур қилинг, ҳашаматли уйда ўтирибсиз. Хаёлан хонага истаган мебелни ўрнатиб безатинг, дарпардаларни ўзгартиринг… Ўзингиз эса шинамгина, қулай оромкурсиларнинг бирида ўтириб, хушбўй кофе ҳўплаяпсиз... Хуллас, нохуш манзараларни ёқимлиси билан алмаштиришни ўрганиш зарур.

         Турмушдаги муаммоларга келсак… Ўзингизни бемалол ҳис қилаяпсиз дейлик. Шу дамда ўзингиздан бирон касал изламанг сира. Агар излайдиган бўлсангиз, айнан ўша хасталикка йўлиқишингиз турган гап. Аксинча, ўзингизни соппа-соғ ҳолатда тасаввур қилинг. Бундан яқинларингиз қанчалар қувонишини, ўзингиз учун эса янги имкониятлар очилишини ўйланг. Асосий образ мукаммал тарзда чин хаётий кўринишда, шуурингизга сингиши лозим.

         Аслини олганда, биз аввал бошданоқ тимсолий фикрлашни биламиз. Фақат бугунги кунгача нохуш нарсаларни ўйлаганмиз холос. Масалан, қачондир ва қай даражададир, ишхонадаги бошлиқлар билан бўладиган жанжални, оиладаги етишмовчиликларни, нарх-наво, эр-хотин ўртасида бўладиган жанжаллашишни ўйлаганмиз. Кейин эса бу фикрий тимсоллар чин ҳаётга кўчади-да!

         Масалан, болангиз кўчада ҳаяллаб қолса, яхши нарса ҳақида ўйлайсизми, ёки ташвишланиб ёмон хаёлга борасизми? Албатта ёмон хаёлларга борасиз, чунки хавотирланмай иложингиз йўқ-да. Бундай пайтда одам ўзини идора қилиши жуда қийин. Аммо шунга ўзингизни мажбурлашингиз керак, акс ҳолда нохуш хаёлларингиз ҳаётга кўчади, зотан фикр моддий кучга эга.

Ислом дини яхши ниятсиз ва мақсадсиз амалларни беҳуда ҳисоблайди. Шу боис мўмин киши нималар қилаётганини англаб, ақл-идрок билан иш тутиши лозим. Мисол учун, ташқи кўринишидан Аллоҳга ибодат қилаётган кишининг нияти ибодат бўлмаса, унинг намози ибодат ўрнига ўтмагани каби кундузлари ейиш-ичиш ва жинсий яқинликдан ўзини тийган киши ҳам холис ният қилмаса, унинг рўзаси қабул бўлмайди.

            Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса, ўшанга бўлади”, дедилар”.

Демак, биз бандалар ният қилаётганимизда ва оғзимиздан чиқаётган сўзларга эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Зеро, бир ривоятда: “Мўмин кишининг нияти амалидан яхшироқ” (Имом Табароний, “Ал-Муъжам ал-кабир”, 6/185), дейилган. 

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 4570 times

Мақолалар

Top