Мақолалар

Исломда ватан ва унинг ҳимояси

 

       Ватан тушунчаси жуда ҳам кенг тушунча бўлиб, уни бир  сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ватан бу бизни ўз бағрига олган макон. Ватан  у шундай бир масканки, унда нафслар ором олади. У бир бепоён заминки , унда дунёга келамиз, унда яшаймиз, оила қурамиз, мақсад сари интиламиз ва унда вафот этамиз  ва унга дафн қилинамиз. У шундай диёрки, агар ундан сафар қилсак унга муштоқ бўлиб, уни соғинамиз. Сафардан қайтсак, соғинчдан унинг тупроғини шавқ ва завқ ила кўзга сурамиз. Ватан тинч бўлса биз ҳам тинч бўламиз. Ҳа,  Ватан тушунчаси айтиб ўтганимиз каби шунчаки айтиладиган сўз эмас, балки у қалб ва муҳаббат ила ҳис қилинадиган туйғу.

Динимиз инсонларни ватанпарвар бўлиб, юртини севишга, уни ҳимоя қилиб, обод этишга чақиради.  Юртини севган ўзини севибди.

        Тарихдан маълумки,  Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламга илк бор ваҳий нозил бўлганда,  Варақа ибн Навфал Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, ҳали шундай вақтлар келиб, у зотни қавмлари ўз юртларидан ҳайдаб чиқаришларини айтганларида,  Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлиб, "улар мени ҳайдаб чиқаришадими" , дейишлари ҳамда Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган ватанларидан чиқиб кетишга мажбур бўлганларида, “Эй Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дейишлари ҳар бир инсонни туғилиб ўсган ўз юртини севишига  ёрқин мисол бўла олади.

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». 

Алихон тўра Соғуний: “Она Ватанини севиш ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади”, деганлар.

 Ватанини севган инсон уни ҳимоя ҳам қилади. Динимиз таълимотига кўра ватанини ҳимоя қилган инсонга ажр ва савоблар берлиши айтилган. Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом; “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб айтганлар (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса бундай деб марҳамат қилинган: Расулулоҳ  саллолоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир».

           Буюк аждодларимиздан бири Кубравия таълимотининг асосчиси Нажмиддин Кубро мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанини ўз жонидан устун кўрган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарларни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, туғни қўлларидан кесибгина олишга муваффақ бўлишади.

      Ҳар бир фуқаро ўз ватанини севса уни ҳимоя қила олса ана шундагина ватан ва унинг ҳалқи ривожланади тараққий топади. Ватанни қўриқлаш ва уни ҳимоя қилиш фақат ватан ҳимоячиларини эмас балки,  ҳар бир юрт вакилларининг бурчидир. Аммо ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурчдир.  Ватан ҳимоячиси туғилиб ўсган заминини, оиласи ,ўз ота-онасини, бутун халқини ҳимоясини қилади. Бу эса ўз шаъни ва ор-номуси ҳамда иймон -эътиқодини ҳимояси билан баробардир.

Ҳар йили мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида нишонланишлиги ҳам бежиз эмас. Ватан  ҳимоясини шарафли бурч деб билган ватан поспонлари ҳамда юрт фидоилари бор экан, халқимиз тинч, юртимиз равнақи кундан кун тараққий топиб, бугунги кунимиз эртанги кундан ўзгача бўлиб бормоқдаки, бу ўзгаришларни халқаро ҳамжамит ҳам эътирофи этмоқда.

 

“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Зиёуддин Мирсодиқов

Read 4024 times
Tagged under

Мақолалар

Top