Мақолалар

“Пул емас ота” ҳақида эшитганмисиз?

“Пул емас ота” жоме масжиди нега, айнан, бундай номланганини билиш кўпчилик учун қизиқарли бўлса керак. Келинг, бу ҳақда аниқ маълумотга эга бўлиш учун оғиздан-оғизга ўтиб келаётган қуйидаги ривоятни ҳукмингизга ҳавола этсак: “Бундан беш-олти асрлар олдин ўн уч киши Ҳаж ибодатини адо этиш учун йўлга чиқишган. Улардан етти ой деганда бир кишигина соғ-омон Ҳаж ибодатини бажариб, уйга қайтган. Ундан шериклари ҳақида сўрашганда, у шундай дейди: ҳаждан қайтишимизда йўлда очлик бизни қийнади. Ейишга бирон нарсамиз қолмаган эди. Шунда кимсасиз биёбонда бир фил боласини учратдик. Шерикларим очликдан ўлгандан кўра, фил боласини сўйиб ейишни афзал билди. Мен эса емадим, дарахт издизларини еб жон сақладим. Орадан уч кун ўтгач, ортимиздан бир фил етиб келди. Шерикларимни ўлдирди... мени қайта-қайта ҳидлаб кўрдию, зарар етказмади. Шунда билдимки, у биз сўйган филнинг онаси экан. Боласининг гўштини ким еганини ҳидидан ажратди чамамда...”, деб жавоб берган экан.

Шундан сўнг ерлик аҳоли фил боласини емай, ҳаждан соғ-омон қайтган ушбу авлиёсифат кишини “Фил емас ота” дея таърифлашган. У зот ҳаждан қайтганидан сўнг бир чиллахона қуриб, ибодат билан машғул бўлган. Шогирдлари шу ерда деҳқончилик қилишган. Йўловчи мусофирлар эҳтиёжига кўра мева-сабзовот сўрашса, улардан пул олмай, ҳадя қилар экан. Одамлар орасида “Фил емас ота” номи билан танилган бу кишини халқ “Пул олмас ота”, деб ҳам таърифлай бошлаган. Кейинчалик халқ оғзида бу гап “Пул емас ота” бўлиб кетган.

Масжид жойлашган ҳудуд X-XII асрларга оид археологик ёдгорликлар жойлашган маскан бўлиб, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат инспекцияси рўйхатига олинган. Шундан ҳам маълумки, бу ер кўп йиллик тарихга эга қадимий жойдир. Маълумки, ўрта асрларга оид топилмалар ҳақидаги маълумотлар кўплаб тарихчилар томонидан ёзиб қолдирилган. Бироқ мўғуллар истилоси давридаги X-XII асрларга оид ёдгорликларнинг аксарияти сақлаб қолинмаган, борлари ҳам қисқа, аниқ маълумотлар эса йўқ қилиб ташланган.  Бу зот ҳақидаги аниқ маълумотлар ҳам босқинчилар томонидан йўқ қилинган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

 

 Хайрулло ТОҒАЕВ,

Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме

масжиди имом-хатиби.

Read 6237 times

Мақолалар

Top