Мақолалар

Луқмангиз ҳалолми?

Бир луқма егулик назаримизда арзимаган бўлиб кўринади. Шунинг учун ҳар қаерда ҳар қандай нарсани ейишдан таб тортавермаймиз. Аммо бир луқма ҳаром тановул қилган кишининг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслиги, ишларимиз нима учун юришмаётганини биласизми? Умуман қилаётган касбимиз, топаётган молу мулкимиз ҳалолданми?

Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси мустажоб бўладиганлардан қилсин”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоятлари).

Шариатимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу ҳадис умумий қоида бўлиб қолди. Ушбу ҳадисга амал қилиб, касбимизни пок қилсак, бир луқма бўлса-да ҳаромни оғзимизга олмасак, дуомиз қабул бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.

Ҳалолга интилиш, ҳаромдан ҳазар қилиш билан бирга, шубҳали нарсалардан четланиш салафи солиҳларимизнинг фазилатларидан бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қусиб юборганлари маълум ва машҳур.

Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Хофий раҳматуллоҳи алайҳга оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб қайтиб қусиб юборган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида мусулмонлар молни ҳалолдан топишга жидду жаҳд қилишар, ҳалол-ҳаромига қарамай бирор нарса олишни ҳатто ҳаёлларига ҳам келтиролмас эдилар. Чунки мусулмон киши ҳалолга интилиши, ҳаромдан ҳазар қилиши керак. Бу одат саодат асри мусулмонларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди.

Ўша даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъжизавий ҳадисни айтдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Одамларга бир замон келадики, унда киши молни нимадан – ҳалолданми ё ҳаромдан олганига парво ҳам қилмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Насоий).  

Асрлар ўтиб, айрим кишилар ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етишди. Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Мол-дунё тўплаш йўлида ҳар қандай жирканч ва пасткашликдан тап тортмайдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблаш даражага етишди. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадисдаги гаплари юзага чиқди.

Аслида инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир. Дуч келган нарсани суруштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми ёки ҳаром, фойдалими ё фойдасиз, ўзиникими ёхуд ўзганикими каби саволларни ўзига бериб кўриши керак.

Мусулмон киши ҳар бир нарса шариатга мувофиқ бўлишини тушунган ҳолда, ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилиб яшайди.

Ислом ақидаси бўйича шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир. Ҳаромни ҳаром билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса гуноҳи азимдир. Шунинг учун мусулмон киши нима ҳалол, нима ҳаром эканини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак.

Уламоларимиз мусулмон кишига бирор таом тақдим қилинса, ҳадя берилса ёки у бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлса, у нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўраб-суриштириб олсин. Чунки бундай нарсалар вазиятга қараб гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида мандуб ва гоҳида макруҳ бўлади. Жумладан:

  1. Молнинг эгаси ҳаромхўрлиги билан машҳур бўлса ёки молининг кўпи ҳаромлиги маълум бўлса, сўраб-суриштириб, ҳаромхўрнинг ҳалол моли ва кўп ҳаром аралашган молнинг ҳалол қисмидан муомала қилиш вожиб бўлади;
  2. Ҳаромхўрлиги маълум бўлмаган, ўзида ҳаромхўрлик белгиси, аломати ҳам бўлмаган кишининг молини сўраб-суриштириб, тафтиш қилиш эса беайб мусулмон кишидан ҳаромхўрликда шубҳаланиш бўлгани учун ҳаром саналади;
  3. Мол эгасининг ҳаромхўрлиги маълум бўлмаса, аммо унда ҳаромхўрликнинг аломатлари кўринса, у билан муомала қилиш жоиз, аммо тарк этган афзал.

Демак, сўраб-суриштириш шубҳага боғлиқ. Бир одам ҳаром мол топиш гуноҳ эканини англаб етди. Қўлида ҳаром аралашган мол бор, бу ҳолда нима қилади? Уламоларимиз бундай ҳолатда қуйидагича маслаҳат берадилар: “Агар ҳаром молнинг жинси ва миқдори аниқ бўлса, ўша аниқ жинс ва миқдорни чиқаради. Агар аниқ бўлмаса, ғолиб чамасига кўра ажратса ҳам бўлади. Аммо кўнгли равшан бўладиган даражада ишонч билан чиқарса, яна ҳам яхши. Кейин ўша молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини топиб қайтариб беради. Агар у молнинг муайян эгаси бўлмаса ёки топилмаса, садақа қилади ёки мусулмонлар оммасига фойда келтирадиган нарсаларга ишлатилади».

       Муаттар ВОҲИДОВА, 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудира ўринбосари в.б

Read 2477 times

Мақолалар

Top