Мақолалар

“Шоввоз”лар алдовига учманг ёхуд мантиқсиз эътирозларга МУНОСАБАТ

 Ҳурматли юртдошлар! Кейинги кунларда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқ саҳифаларида Ҳаж ва Умра сафарларига оид “Ноинсофлар касофати”, “Ҳажга қачон боришингизни биласизми ёхуд яна монополия ҳақида...”, “Rixos tour” раҳбари Ҳаж ва Умра монополияси ҳақида...” сарлавҳали мақола ва материаллар эълон қилинди. Шунингдек, турли айланма йўллар орқали Умра сафарига кетиб, у ерда қаровсиз қолган, саргардон бўлиб машаққат ва изтироб чекаётган фуқароларимизнинг аянчли ҳолатлари акс этган видеолавҳалар ҳам тарқалди. Мазкур видеолавҳаларнинг изоҳида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан турли фикрлар билдирилди. Аксарият фойдаланувчилар ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган умра тадбири орқали борилганда, бу каби сарсон-саргардонлик ҳолати юза келмаслигини таъкидлашган.

 Ҳақиқатан ҳам, аслида, шундай. Ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган Умра тадбирлари марказлашган ҳолда, ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик асосида амалга оширилиши эътиборидан ҳеч қачон бу каби нохуш ҳолатлар юзага келмаган.

 Ушбу мақола орқали ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган Умра сафари бўйича ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолалар ва уларнинг изоҳида қолдирилган шарҳларга ойдинлик киритиб кетмоқчимиз.

 Зиёратчиларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларда яратилган шарт-шароитлар ва бошқа қулайликлар ҳақида кўп гапирилди. Бу ҳақида яна тўхталмоқчи эмасмиз, қизиққан инсонлар, хусусан, мақола муаллифлари Ўзбекистон Республикаси «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг расмий телеграм каналига кириб (@hajumrauz) батафсил маълумот олишлари мумкин. Шундагина ҳар хил гап-сўз қилмасдан, асл ҳолатни ўз кўзлари билан кўриб, даъволари асоссиз эканини англайдилар, деган умиддамиз.

 Шунингдек, қолдирилган айрим шарҳларда ҳозирда умрага бораётган зиёратчиларимиз “Масжидул ҳарамдан” 4-5 км узоқликда яшаётгани айтилган, бунга жавобан, зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида “Масжидун Набавий”нинг шундоққина ёнида, атиги 50 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Пулман Зам-зам”, Макка шаҳрида “Масжидул ҳарам”дан 4-5 километр узоқда эмас(!), аксинча 600-650 метр масофада жойлашган 4 юлдузли “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонасида истиқомат қилишаётганини айтиб ўтмоқчимиз.

 Ҳурматли мақола муаллифлари! Умра бу саёҳат эмас, ибодат эканини унутманг! Бу диний ибодатда асосий масала одамларни жўнатиб, пулини санаб олиш эмас, уларнинг хавсизлиги ва дин амалларининг мукаммалигидир.

 Шу мақсадда, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган сафарда зиёратчиларимизнинг умра амаллари бекаму-кўст, барча арконлари билан тўлиқ бажарилиши учун билимли, малакали, тажрибали диний соҳа ходимларидан иборат гуруҳ раҳбарлари (элликбошилар) бириктирилади.

 Олдинроқ айрим “шоввоз”лар СОХТА умра визасини расмийлаштириб, Саудия Арабистони виза низомига зид равишда Ўзбекистон фуқароларини Саудияга киритишга урингани, Андижон вилоятидан бўлган 14 нафар ватандошимизнинг визаси қалбаки бўлиб чиққани, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатдан депортация қилингани ҳақида хабар берган эдик. Бу биргина ҳолат, холос! Афсуски, бу каби ҳолатлар тез-тез учрамоқда, Саудияда оғир аҳволда, машаққат чекиб, кўз ёш тўккан юртдошларимизнинг ҳасратлари акс этган фото ва видеолавҳалар бизга тақдим этилмоқда.

 Мўмай даромад топиш илинжида фуқароларимизни сарсон қилаётган, мукаммал умра ибодатини эмас, фақатгина нафсини ўйлаётганлар ҳеч нарсадан тап тортмаётгани, Умра сафарини ҳукумат ёрдамида расмий, хавфсиз ва ишончли ташкил этаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитани “монопол” деб айблаётганлар одамларни чалғитиб, алдовлар билан уларнинг ишончига кириб, чув тушираётгани ачинарли ҳол, албатта!

 Ўзлари асл ҳолатдан хабардор бўлиб, фуқароларимизнинг қийналганини кўриб-билиб туриб, тағин уларни чув туширганларнинг ёнини олаётган, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган умра тадбири ташкилотчиларининг фаолиятини қоралаб, тағин ўзлари бу тадбирни “аъло” даражада ташкил этиш ваъдаси билан дунёга жар солаётганларнинг жазавасини қандай қандай тушуниш мумкин?!

 Аслида, минглаб фуқароларимиз ҳукумат ёрдамида ташкил этилаётган Умра сафарига қийинчиликсиз, хавфсиз бориб келишмоқда. Бу ҳақиқатни бутун халқимиз билади, эътироф этади ва ташкилотчиларга раҳматлар айтишмоқда, бу ҳеч кимга сир эмас.

 Ҳурматли мақола муаллифлари, тафаккур қилиб кўринг! Саудияда ўз юртдошларини саргардон қилган, жиғилдонини ўйлаб, уларни шу кўйга солган айрим “шоввоз”лар эмасми?! Қани айтингчи, ҳукумат кўмаги билан ташкил этилган умра зиёрати билан боғлиқ бирорта шу каби нохуш ҳолат кузатилганми?! Албатта, йўқ! Чунки бу марказлашган тизим йиллар давомида ўзини оқлаб, шу даражага чиққан, халқни ишончига кирган, уларнинг олқиш ва дуосини олган.

 Айримлар, моддий манфаат илинжида халқни чалғитишга уриниб, ўзини “халқпарвар” қилиб кўрсатаётгани, аслида, улар учун юртдошларимизнинг ибодатлари мукаммал бўлиши кейинги даражали экани, бу даъволари ортида фақат ва фақат моддий манфаат борлиги барчага аён бўлиб қолди. Фақат ўз атрофларига “кўмакчи” сифатида кимларнидир йиғиб олиб, вазиятни беқарорлаштиришга уринишмоқда, холос. 

 Шу ўринда, мақолалардан биридаги “Аввал “Умра”, энди “Умра+” ҳам монопол бўладими?” деган саволга қуйидагилар маълум қиламиз:

 Дин ишлари бўйича қўмита ёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Умра+” дастурини амалга оширишга кўмаклашади. Бу фаолият билан бевосита тадбиркорлик субъектлари, жумладан, турфирмалар ва компаниялар шуғулланади.

 Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси – хорижий давлат делегациялари, хорижий ва маҳаллий ОАВлари, нуфузли дин арбоблари, жумладан, саёҳат агентликларининг мурожаатлари асосида юртимиздаги зиёрат маршрутларида жойлашган объектларга хорижий сайёҳларнинг зиёратларини намунали ташкил этишда яқиндан ёрдам беради.

 Ҳозирга қадар ўнлаб ўзбекистонлик туроператорларнинг шу каби мурожаатлари асосида Ўзбекистонга зиёратлар намунали ташкил этилмоқда. Марҳамат, “Vest Travel” сайёҳлик фирмаси ҳам Ўзбекистонга сайёҳларни олиб келиш ёки “Умра+” дастурида эркин равишда авиачипталарни сотиб олиши Ўзбекистонда барча сайёҳлик тадбирларини ташкил этиши мумкин, бу борада Қўмита яқиндан ёрдам беради. Истаган саёҳат агентлиги ушбу йўналишда “Умра+” зиёратчилари учун авиачипталарни “Uzbekistan airways” АЖга мурожаат қилган ҳолда эркин харид қилиши мумкинлигини ҳам эслатиб ўтамиз. Бу борада Дин ишлари бўйича қўмита ваколат доирасида доимо ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қиламиз.

 Муҳтарам юртдошлар! Юқоридаги мақола муаллифлари каби норози инсонлар ҳар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Биз учун энг муҳими – юртдошларимизнинг ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган умра тадбиридан миннатдорлиги, розилигидир. Биз учун асосийси – Сизнинг розилигингиз!

 Шу ўринда, мақолаларда келтирилган айрим масалаларга жавоб тариқасида қуйидаги жиҳатларга эътиборингизни қаратмоқчимиз:

 Умра сафари бўйича мавжуд квота батамом олиб ташланган.

 Жорий йил 10 декабрь кунидан эътиборан ҳар куни 2 тадан рейс йўлга қўйилди.

 Ҳар куни қарийб 500 га яқин юртдошимиз Умра зиёратига жўнаб кетмоқда.

 Сўнгги бир йилдан ошиқроқ вақт ичида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида республикамиз ҳудудларида умра навбатларининг сезиларли даражада камайишига эришилди.

 Мисол учун, 2019 йил 14 ноябрдан бугунги кунгача

 21 мингдан ортиқ юртдошимиз Умра ибодатларини адо этиб қайтдилар.

 Яна бир маълумот – ҳозирда ҳар куни 3 тадан рейс йўлга қўйиш масаласи бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бунда ҳар куни 700 дан ортиқ юртдошимизни умрага жўнатиш кўзда тутилган.

 Энг асосийси, буларнинг барчаси Давлатимиз Раҳбарининг халқимизни рози қилиш керак деган эзгу ташаббуслари остида амалга оширилмоқда.

 Шундай экан, юртдошларимиздан турли айланма йўллар билан эмас, ҳукумат ёрдамида ташкил этилаётган, хавфсиз, ишончли ва энг муҳими ибодатлар мукаммал бўлишини кўзда тутган йўл орқали Умра зиёратига отланишлари мақсадга мувофиқ эканини эслатиб ўтмоқчимиз. Зеро, биз кўзлаган мақсад ҳам аслида шу – Сизнинг ибодатингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз бўлишини таъминлаш!

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Read 2603 times
Tagged under

Мақолалар

Top