Мақолалар

Арши аъло ларзага келмасин (ёҳуд оила қуриш неъмати)

Аллоҳ таолонинг иродаси билан дунёга келган ҳар бир инсоннинг миллати, тили, динидан қатъи назар бу дунёда бахтли, саодатли яшагиси келади. Бундай юксак орзуга эришиш, яъни бахтли яшашнинг шарти ва гарови бўлган омиллар жуда кўп. Улар орасида ҳаётимизга маъно – мазмун берадиган ва ҳаётни янада ёрқин ва гўзал қиладиган бир омил борки, у ҳам бўлса инсоннинг ўз оиласидир. Дарҳақиқат, оила қуриб яшаш ҳам бир неъмат. Қай бир инсонга Аллоҳ оила қуришни насиб қилган бўлса, демак у Аллоҳнинг буюк неъматига сазавор бўлибди.

Ислом дини ҳар бир инсонни вояга етганидан кейин оила қуриб яшашини буюрган. Чунки оила қуриб яшамоқлик ҳаётни янада ёрқин бўлишига ва саодатни ҳис қилиб яшашга хизмат қилади. Аслида оила қуриш бир неъматдир. Мана шу неъматни сақлаш, эҳтиёт қилиш, ҳар бир оила қурган инсонга ўз навбатида оила қуриш неъмат эканлигини ҳис қилиб яшаш, бунинг учун Аллоҳга шукр қилишлари керак. Бунинг неъмат эканлигини ҳис қилмасак, ўша неъматдан маҳрум бўлишига сабаб бўлиб қолишини унутмаслик лозим. Аллоҳ ҳар бир кишини оила қуриб яшашга буюради ва оиланинг бузилишига рози бўлмайди. Аллоҳ таолонинг оила қуришга буюришдан муроди инсонлар ўзларидан покиза насл қолдиришларидир. Муқаддас динимизда арзимас дунё ва унинг арзимас матоҳларини деб ёки сабрсизлик ва қаноатсизлик сабабли, ёки бўлмаса жоҳилона такаббурлик сабабли оилаларнинг бузилишига олиб келиш қаттиқ қораланади. Унутмаслик керакки, оиланинг масъулиятини ўзига олмай бунга енгил қараш катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло Фотир сурасининг 6-оятида “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг” дейди. Ҳаргиз шайтонни дўст тутмаслик лозим. Буни зикр қилишимиздан мурод шуки, кишилар ҳалол йўл билан оила қуриб, аҳил бўлиб яшасалар ва ўзларидан покиза авлодларни дунёга келтирсалар шайтоннинг қаттиқ ғазаби келади. Оилаларнинг ажралиб кетишларида эса Шайтоннинг чексиз мувафаққияти ва қувончи ётади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Иблис ўз курсисини сув устига ўрнатиб, шайтонвачча малайларини ҳар тарафга инсонларни йўлдан оздириш топшириғи билан жўнатади. Иблисга энг яқин ва яхшиси энг катта фитна қилгани бўлади. Шайтонваччалар ишларни қилиб келгандан сўнг Иблис улардан сўрайди. Шунда улардан бири мен фалончини ҳеч ҳолига қўймадим, фалон гуноҳларни қилдирдим охири йўлдан оздирдим дейди. Шунда Иблис ишидан қониқмасдан, ҳеч нарса қилмабсан дейди. Кейигиси ҳам, ундан кейингиси ҳам турли гуноҳларни қилдирганлигини айтади ва уларга ҳам ҳеч нарса қилмаганлигини айтади. Ваҳолангки, улар қилдирган ишлар катта гуноҳлар эди. Улардан сўнггиси келиб “Мен фалончини ўз хотинидан ажратдим” дейди. Иблис бу ишдан қаноатланиб, шод бўлади ва уни қучоқлаб, “Сен энг зўрисан” дейди”.

Мана, азизлар, биз эҳтиёт бўлишимиз керак бўлган иш қаерда? Оила бузилишида шайтоннинг хурсандчилиги, Аллоҳнинг эса ғазаби бор. Доимо Аллоҳни рози қиладиган ишларни қилайлик. Ҳаргиз, оилаларнинг бузилишига сабаб бўлиб қолмайлик. Оиланинг бузилишида катта хатарлар бор. Хусусан, оила эгалари ва аҳлларининг қалбида аламли оғриқ ва изтироб пайдо бўлади. Бу ўз навбатида, қариндошлар орасида ҳам катта адоватни пайдо қилади. Бунинг оқибатида қанча кўнгилсиз ишлар пайдо бўлади. Қолаверса, ўртада фарзандлар тирик етим бўлиб қолиши бор. Уларнинг меҳр-муҳаббатсиз бўлиб қолишларию, таълим-тарбиясининг нуқсонли бўлиши бор. Ота-онасидан тўлиқ тарбия ололмаган фарзандлардан келажакда ноқобил инсонлар пайдо бўлиши бор. Бундан кўринадики, бир оиланинг бузилиши, жамиятга қай даражада зарар келтиради. Демакки, оила жамият ва давлат ҳаётида, унинг ривожи йўлида катта аҳамият касб этади. Арзимас сабаблар ила ажралишнинг оқибати қанчалар аянчли экан. Мана нима учун ажралиш сабабидан Аллоҳнинг арши ларзага келади. Бугун атрофга ибрат кўзи билан қарамасак, келажак авлодларимизнинг ҳаётига бепарволик билан енгил қарасак, бошимизда ташвишимиз ортиб бораверади. Агар биз оила қуришни бир неъмат билиб, уни қадрласак, арзимас ишлар учун ажрашиб кетишнинг гуноҳ эканлигини  ҳис қилсак, оилани сақлаб қолишимиз мумкин бўлади.

Аллоҳ барча оилаларга офият берсин.

 

Усмон бин Мазъун жомеъ масжиди имом-хатиби Ўткир Ҳакимов

 

Read 2530 times

Мақолалар

Top