Мақолалар

Бир болага етти маҳалла ота-онадир!

Тарбия биз учун ё ҳаёт- ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,
ё саодат – ё фалокат масаласидир.

Абдулла Авлоний

Маълумки, Исломнинг оламшумул илоҳий таълимоти кишилик жамиятини бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга даъват этади. Оила ва фарзанд жамиятнинг узвий асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ислом шариати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан илму фан, касбу ҳунар малакаларини эгаллашлари борасидаги тегишли кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади. Ёш авлод, хусусан, фарзандларимизнинг қизиқишлари, ақлу заковатлари, иқтидорларига мувофиқ  илм, касб ва ҳунар танлашларида имкон борича ёрдам беришимиз зарур. Ёшлар олтиндан ҳам қимматли вақтларидан ҳар томонлама унумли фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу ҳақда Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёшлигингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг” (Термизий ривояти), дея унинг қадрига етишни таъкидлаганлар.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларни солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушки анбар сотувчидир. Атирдан олинган тақдирдагина ҳам унинг ҳушбўй ҳиди димоғдингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқинидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да тутуни димоғингни ачитади”, деганлар.

Фарзандларига таълим бериш оила бошлиғининг энг асосий бурчидир. Одамлар орасида “Ўзингни бил, ўзгани қўй” деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота-она болалар учун масъулдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас", деб марҳамат қилганлар.

Бир куни халифа Маъмун одоб билан сўзлаётган бир боладан: Кимнинг ўғлисан?” деб сўради. Бола: “Одобнинг ўғлиман”, деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Маъмун: “Қандай чиройли отанг бор экан-а”, деб унга таҳсин ўқиди.

Исломда тарбия таълимдан кўра устунроқ ва кенг қамровлидир. Чунки тарбия болани уйида, кўчада, мактабда ўзини тута билиши одобларини, ақл билан иш юритиб, жисмини, нафсини ўзига бўйсундиришдек оғир ишни йўлга қўяди. Тарбиянинг асоси оила муҳитидир. Бола уйда нимани кўрса, шунга тақлид қилиб ўсади. Оилада ота олижаноб, кенг феъл, босиқ, мулоҳазали ва озгина сиёсатлироқ бўлиши, она эса меҳрибон, раҳимли, болаларни беҳуда қарғамайдиган ва мулойим бўлмоғи лозим. Шунинг учун ҳам аждодларимиз фарзанд тарбиясига қаттиқ аҳамият беришган.

Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба, 119).

Ҳадисда айтилишича, рўстгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидоийлик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб ҳайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи бир куни ёшлар тарбиясига эътиборини жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Эй кексалар! Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилади?”, деб савол бердилар.  “Хосил йиғиб олинади”, дейишади. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Эй йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг  келажакда ким бўлиб етишиши муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада уларни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир”, деганлар.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғида берилган”, деган.

Касб-ҳунар ўрганиш ва шу орқали ҳалол меҳнат қилиб чиройли ҳаёт кечириш шариат талабларидан биридир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида айтдилар: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради” (Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Табароний ва Байҳақий ривояти).

Буюк имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг иқтидорли шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний касб-ҳунар ва унинг жамиятидаги муҳим ўрни ҳақида биринчи бўлиб “Яхши ризқни касб қилиб топиш” номли китоб ёзди ва касб-ҳунар, тижорат, зироат, саноат кабилар билан машғул бўлиш зарурияти ҳақида батафсил маълумот беради.

Буюк ватандошимиз шайхур-раис Ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: “Ёш бола  бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олгандан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва саноатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли алоҳида аҳамиятга эгадир (Муҳаммад Атия, Исломий тарбия ва унинг фалсафаси. 197-бет)”.

Ёш авлод тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: “Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари лозим” (“Иҳё...” китоби, 3-жуз, 70-бет).

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш ва, шу жумладан, уларни гиёҳвандлик офатидан эҳтиёт қилиш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласи экани ҳаммамизга яхши маълум. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилилб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг Расули ҳамда раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.

А.Наимов,
Қувасой шаҳар бош имом хатиби

Read 3347 times

Мақолалар

Top