Мақолалар

“Вақф” фонди атрофидаги асоссиз маълумотларга муносабат

Жорий йилнинг 14 январь куни “Озодлик” радиосининг “BUGUNUZ” расмий телеграм каналида “Маданият вазирлигидан “Вақф” жамғармасига ўтказилган 189 обида қаровсиз қолди” номли мақола эълон қилинди.

Дастлабки таассуротда ушбу мавзунинг ёритилиши юртимиздаги тарихий қадамжолар ва муқаддас зиёратгоҳларни асраб-авайлашга жонкуярлик сифатида кўринади. Аммо мақолани теранроқ мутолаа қилувчи зийрак муштарий маълумотлар фақат бир ёқлама экани, айбланаётган ташкилотнинг ёритилаётган масала бўйича изоҳлари келтирилмагани, айрим асоссиз маълумотлар мавжудлиги (мисол учун, нима сабабдан мақоладаги “баъзи бинолар ичидаги ложувард кошин ва ўймакор устунлар ғойиб бўлди” каби ҳолатларни аниқлаган мутасаддилар ёки ушбу маълумотга эга шахслар тегишли идораларга хабар бермаган) ушбу мақола айрим манфаатдор тарафнинг хоҳиш-истакларини кўзлаб ёки навбатдаги “сенсация” орқасидан обрў орттириш илинжида эълон қилинганини дарҳол англайди.

Мўътабар манбаларимизда ҳам адолатли ҳукм чиқаришда икки тарафнинг важларини тинглаш лозимлиги таъкидланади. Хусусан, “Сод” сурасининг
21-24-оятлари тафсирида Довуд алайҳиссаломнинг тавба қилишига сабаб бўлган хатоси даъвогарларнинг иккисидан баробар сўраб, муаммони аниқлаб, сўнгра ҳукм чиқармасдан, бир томоннинг гапи билан ҳукм қилиб юборгани келтирилади.

Энди мақолада келтирилган важлар юзасидан батафсилроқ маълумотлар келтирсак:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги 708-сонли Фармойишида қайд этилган 189 та зиёратгоҳ Маданият вазирлигидан тўлиқ Фонд тасарруфига ўтказилмаган, балки вазирликнинг Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий департаментлари баланси ва тасарруфида бўлиб, “Вақф” фондига уч томонлама ижара шартномаси асосида текин фойдаланиш учун бириктирилган.

Иккинчидан, мақоладаги “ëдгорликларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар йўқлиги” иборасига ҳам аниқлиқ киритиш талаб этилади. Агар ушбу фикрда “моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳолатини кузатиб бориш, муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни ҳамда нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш” бўйича мутахассис назарда тутилган бўлса, унда бу фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 265-сон қарорига мувофиқ моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспекторлар томонидан амалга оширилади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди фаолият йўналишини эътиборга олган ҳолда, жойларда доимий штат асосида ишлайдиган санъатшунос мутахассисларга ҳам эҳтиёж мавжуд эмас. Чунки зиёратгоҳларда амалга ошириладиган реставрация ҳамда маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қимматини асрашга доир ишлар жойлардаги инспекциялар билан келишилган ҳолда олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан ҳамкорликда, меҳнат шартномаси асосида Илмий кенгаш рухсати билан ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, ҳозирда ушбу масканлар фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш мақсадида “Вақф” фондига бириктирилган 189 та зиёратгоҳда 
760 нафар ходим фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти аввалдан зиёратгоҳларда фаолият олиб борган.

Учинчидан, “Вақф” фонди томонидан зиёратгоҳ ва қадамжоларда амалга ошириладиган ташкилий-ҳуқуқий ҳамда маданий-маърифий ишлар бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Ушбу “Йўл харитаси” доирасида 2019 йилда зиёратгоҳ ва қадамжоларни сақлаб туриш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантиришга ишлари учун жами 18,6 млрд сўм маблағ сарфланди. Биргина мисол, ободонлаштириш ишлари учун Самарқанд вилоятидаги “Шоҳи Зинда” мажмуасига 1 млрд 142 млн сўм, “Хўжа Дониёр” зиёратгоҳига 29,7 млн сўм вилоят бўйича 5,5 млрд сўм ҳамда Хоразм вилоятидаги зиёратгоҳларга
910 млн сўм миқдорда маблағ ажратилган.

Гўёки қаровсиз қолгани айтилаётган Бухородаги “Чор Бакр” мажмуаси ҳамда Самарқанддаги “Ҳазрати Хизр” обидаларида 2018-2019 йиллар давомида 3 млрд. сўмга яқин кенг кўламли реставрация ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Хивадаги “Саид Муҳаммад Моҳи рўйи Жаҳон” мажмуасида сақланаётган туман ободонлаштиришга тегишли бўлган ашёларга келсак, ушбу “супургилар” айнан зиёратгоҳ Фондга бириктирилганидан сўнг ички ҳудуддан алоҳида хўжалик хонасига кўчирилган.

Тўртинчидан, Фонд мутасадди раҳбарлари хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб¸ фонд тасарруфидаги биноларни талон-торож қилгани ва хайрия маблағларини ўзлаштиргани ҳақидаги ёлғон иддаолари масаласида ҳам етарли раддиялар берилган эди.

“Маданият вазирлигидан “Вақф” жамғармасига ўтказилган 189 обида қаровсиз қолди” номли мақолани синчковлик билан ўқиган муштарий “Нуруллабой” саройи ҳақидаги қисмига келганда, шубҳасиз муаллифнинг мақсади нима эканини англаши қийин эмас.

Доно халқимизда “иш бор жойда камчилик бўлади”, деган гап бор. Жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фондининг зиёратгоҳлар йўналиши бўйича фаолияти ҳам хатолардан холи эмас. Эътироф этиш керакки, Сиз азиз юртдошларимизнинг таклифларингиз, амалий саъй-ҳаракатларингиз билан ривожланиб бормоқда. Ушбу фонднинг келажаги, ривожи ҳам, шубҳасиз сизларнинг ташаббусингиз билан амалга ошади.

Сўзимиз сўнгида, турли баҳс-мунозалардан четланган ҳолда, ҳурматли муаллифга бирор муаммоли масалани кенг жамоатчиликка етказишдан аввал уни атрофлича ўрганиш, қандайдир хусуматларни четга суриб, ислоҳ учун ҳаракат қилиш манфаатли бўлишини эслатиб ўтишни лозим топдик.

Шунингдек, “Вақф” фонди ўз фаолиятини такомиллаштириш бўйича билдириладиган барча ўринли таклиф ва мулоҳазаларни мамнуният билан қабул қилишга тайёр эканини маълум қилади.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 3145 times

Мақолалар

Top