Мақолалар

Гўзал хотиманинг 7 та аломатини биласизми?
  1. Мусулмон киши вафот этаётганда пешонасидан тер оқиши.

Бурайда ибн Ҳусайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мўминнинг ўлими пешонадан тер чиқиши билан бўлади” деганларини эшитдим”. Аҳмад, Насоий, Термизий ва бошқалар ривоят қилишган. 

  1. Мусулмоннинг жумъа кечаси ёки жумъа куни вафот этиши.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қайси бир мусулмон жума куни ёки жума кечаси вафот этса, Аллоҳ уни қабр фитнасидан сақлайди”. Термизий ривояти.

  1. Ўлимидан олдин шаҳодат калимасини айтиши.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Кимнинг дунёдаги охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”. Абу Довуд ва Ҳоким ривоятлари.

  1. Шаҳид бўлиб ўлиш. Шаҳид бўлиб ўлиш деганда кўпчилигимиз Аллоҳнинг динини ҳимоя қилинаётган жангда Ислом душмани томонидан ўлдирилишини тушунамиз. Бундай киши ҳақиқий шаҳид дейилади. Аммо шаҳидлик ҳукми бериладиган яна бир қанча кишилар бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Шаҳидлар бештадир: “Вабодан ўлган, қорни оғриб ўлган, сувга чўкиб ўлган, вайрона остида қолиб ўлган, Аллоҳ йўлидаги жангда ўлган”. Муттафақун алайҳ.

Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнғинда ҳалок бўлган, ўзини, молини ва шаънини ҳимоя қила туриб ҳалок бўлганларни ҳам шаҳидлар қаторида зикр қилганлар.

  1. Аллоҳнинг тоати устида вафот этиш. Масалан, намозда, рўзадор ҳолда, ҳаж ёки умра қилаётганда, Аллоҳнинг йўлига даъват қилаётганда ва ҳоказо ҳолатларда вафот этиш.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар “Агар Аллоҳ бир бандага яхшиликни хоҳласа, уни ўлимидан олдин поклаб қўяди”. Саҳобалар “Банданинг покланиши қандай бўлади?” деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Уни бир солиҳ амалга илҳомлантиради, тоинки унинг устида жонини қабз қилади” дедилар. Имом Тобароний ривоятлари.

Бошқа бир ҳадисда бундай дейилган: “Агар Аллоҳ бир бандага яхшиликни хоҳласа, унга амал қилдириб қўяди”. Саҳобалар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули, унга қандай қилиб амал қилдириб қўяди?” У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Уни ўлимидан олдин бир солиҳ амал қилишга муваффақ этади”. Имом Термизий ривоятлари.

  1. Кўпчилик мусулмонларнинг мақташи.

Анас розияллоҳу анҳу дедилар: “Бир жанозани кўтариб ўтиб қолишди. Одамлар ўша маййитни мақташди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди” дедилар. Кейин бошқа жанозани олиб ўтишди. Одамлар у маййитни ёмонлашди. Бу сафар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди” дедилар. Шу пайт Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Нима вожиб бўлди?” деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар мақтаган маййитга жаннат вожиб бўлди. Сизлар ёмонлаган маййитга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз” деб жавоб бердилар”.

  1. Юзнинг ёришиб, ярақлаб кетиши ва унда ҳурсандчилик аломатларининг зоҳир бўлиши. Албатта, бу ўлим фариштасидан эшитган жаннат хушхабарининг юзда акс этишидир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2533 times

Мақолалар

Top