Мақолалар

“Бизларга тош отишдан уларга не наф?”

Аллоҳ таоло ер юзини ва ундаги диёрларни ва жониворларни ҳар хил қилиб яратганидек, одамларни ҳам турли кўриниш ва феъл атворли қилиб қўйган.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 13-оятида шундай марҳамат қилади:

“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир”.

Маълум бир диёрда бор бўлган моддий ва табиий бойликлар бошқа ҳудудда бўлмаганидек, қайсидир ҳудуддаги тинчлик ва осойишталик ўзгасида йўқ бўлиши мумкин. Ахир, бу мезонни Яратганнинг Ўзи ирода этган. Сабабчи эса албатта банданинг ўзи бўлади.

Тарихга назар солсак, бир қавм ёки миллатнинг бойлик илинжида ва ўз манфаатларини кўзлаб ўзга диёрларни босиб олганлигига кўплаб далиллар келтирилган. Бундай босқинлар натижасида минглаб одамлар ноҳақ ўлдирилган.

Бугун ҳам ўтмишдаги каби босқинчилик “уруш”лари содир этиляптими? Албатта, ахир инсонда нафс ва орзу бор экан, босқинлар асло тўхтамайди, фақат улар турини ва тусини ўзгартиради холос.

Айни замонамиздаги босқинчилик “юришлари” жанг орқали эмас балки ахборот хуружлари, онгни эгаллаш ва қалбга ғулғула солиш орқали амалга оширилмоқда. Бу борада турли ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари асосий қурол вазифасини бажаради.

Хўш, улар қандай “ҳужум” қилади? Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича уларнинг асосий нишони инсонлар, уларнинг онги ва қалби экан. Мўлжалга олинган мамлакат ёки ҳудуднинг миллий, диний, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини чуқур ўрганган “ёвузлар”, ҳужумни аввало, халқни қийнаётган муаммоли масалаларни шов-шувли тарзда гапиришдан бошлайди. Сўнгра, унга ишонган “оломон”нинг яшаш тарзи ва маҳаллий уламолар ва етакчиларни ёмонлашга тушишади.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: Хўш бизларга тош отишдан уларга не наф? Жавобни интернетдаги исталган хабарлар саҳифасининг яқин шарқ номли рукнидан топишингиз мумкин.

Уламолардан бири шундай деганлар: “Сенинг оилангдаги тинчлик ва фаровонликни кўра олмайдиган, бахт ва камолингга раҳна солишни истайдиган ҳасадгўй кимсалар албатта топилади. Агар имкон қилсалар оилангни бузишга уринади. Энг ёмони шуки улар уйингга ислоҳотчи сифатида ташриф буюриб бузғунчи бўлиб чиқиб кетади. Улардан огоҳ бўл! Белгилари: бахтсиз, маддоҳ, нафсибузуқ ва жоҳил. Мақсадлари эса сени хонавайрон этиб, бор-будингга эга чиқиш”.

Мазкур фикрни кенгроқ манода тушунсак, оила бу бизнинг ватанимиз, ватанимиздаги тинчлик, осойишталик ва тараққиётни хушхабардек қабул қила олмайдиганлар дунёда етарлича. Афсуски, улар орасида ўз ичимиздан чиқиб ўзга юртларда ватан номига турли бўҳтон тошларини отаётганлар ҳам топилади. Мана бу ҳақиқий хиёнат ва мусибат. Улар арзимаган пулга, жуда оз бўлган манфаат учун ўз она диёрига, жигарларига ва тупроғига маломат қилмоқда.

Камчилик, муаммо ва ечилиши лозим бўлган масалалар ҳамма жойда, ҳатто катта-катта давлатларда ҳам бор. Аммо, бу муаммоларни четдан туриб тош отиш билан юрт шаънини, олимларни, мусулмон уламоларини ёмонотлиқ қилиш билан ҳал этиб бўлмайди. Ахир, у      йимиздаги камчиликни қўшни чиқиб тўлдириб қўймайдику... Ҳар ким ўз оиласидаги камчиликларни ўзи ҳал этиши керак. Демак, ватан бу умумий оиламиз бўлса уни тараққий эттириш ҳам ўз қўлимизда.

Муваффақият, тараққиёт ва бахтга ғараз, хусумат, ҳасад ва жаҳл эмас, балки ақл, илм, маърифат, тақво ва ҳамжиҳатлик билан эришилади.   

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. (Моида сураси, 2-оят)

Хулоса ўзингиздан!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 1964 times

Мақолалар

Top