Мақолалар

Ғаройиб жониворлар: Ботинкатумшуқ

Ботинкатумшуқ – лайлаксимонлар гуруҳига мансуб бўлиб, ботинкатумшуқлар оиласининг вакили ҳисобланади.

Ботинкатумшуқ йирик қуш бўлиб, ўртача баландлиги 1.2 метрни, қанотларининг узунлиги 2.3 метрни, вазни эса 4-7 килограммни ташкил этади. Шарқий Африканинг тропик ўрмон ботқоқликларида яшаб, балиқ овлаб кун кечиради. Ёғоч поябзалга ўхшаган тумшуғи унинг балиқ овлашда моҳир уста бўлишига хизмат қилади. Бошқа қушлардан фарқли ўлароқ, ботинкатумшуқнинг кўзлари бош суягининг икки ёнида эмас, балки олди тарафида жойлашган. Бу эса унга узоқдаги нарсаларни яқинлаштириб кўриш имконини беради. Бу жониворнинг тумшуғи йирик бўлгани учун у дам олаётган пайтда тумшуғини кўкраги устига қўяди.

Бу қуш Африканинг Судан, Эфиопия, Конго, Уганда, Кения, Танзания, Замбия ва Ботсвана давлатларида ботқоқли жойларда яшайди. Унинг узун оёқлари ва кенг панжалари ботқоқлик устида бемалол юришга имкон беради. Узоқ вақт саёз сувда ҳаракатланмай тура олади. Бу қуш кун давомида ов қилади, бироқ тонгда жуда фаол бўлади. Асосан балиқлар билан, шунингдек, қурбақа, илон ва кичик тошбақалар билан ҳам озиқланади. Бошини сувга тиқиб, қимирламай, ўлжасини сабр билан кутиб туради. Бу қуш қамишзорда аста-секинлик билан юриб, ўлжасини кўрган заҳоти қанотларини кенг ёйиб, унинг ортидан юугуради, аввал тумшуғи билан қисиб олиб, кейин тумшуғи учидаги илгаги билан ўлжасини илиб олади. Овдан сўнг у ўлжани хас-ҳашак, ўсимликлардан ажратиб олади-да, кейин ютиб юборади.

 

 

Бу жонивор уясининг диаметри 2.5 метрга етади. Уя учун папирус ва қамиш пояларини ишлатади.

Бу жониворнинг насл бериш даври у яшайдиган минтақага боғлиқ. Масалан, Суданда ёмғирли мавсум тугаши билан жуфтлашиш бошланади. Бу қушнинг табиатда қандай жуфтлашиши билан боғлиқ маълумотлар жуда оз.

Беш кун ичида урғочиси 1-3 та тухум қўяди ва уни кўпинча тунда иситади. Жўжалар тахминан 30 кундан сўнг тухумдан чиқади. Улар юмшоқ, кулранг туклар билан қопланган бўлиб, тумшуқлари кичик, аммо ўткир, илгакли учга эга бўлади. Жўжалардан, одатда, биттаси омон қолади. Ота-оналари унга ярим ҳазм қилинган таом беришади. Бир ойдан сўнг ёш жўжа йирик ўлжаларни ҳам юта бошлайди. Жўжа уяда тахминан икки ой давомида қолади. Тўрт ой ўтгач эса ота-онасидан мустақил ҳолда яшай бошлайди. Бу қуш жуда ноёб бўлиб, уларнинг сони тахминан 10-15 минг атрофида.

Азизлар, Аллоҳ таоло ҳамма жонзотлар қаторида бу қушни ҳам яшайдиган муҳитига мослаб яратган. Ботқоқда эркин юра олиши учун узун оёқлар ва панжалар, ов қилиши учун катта тумшуқ, овни ушлаб туриш учун тумшуқ учида илгак, ўлжани чўчитиб юбормаслик учун сувда ҳаракатланмай туриш, қамишзорда секин юриш каби кўплаб имкониятларни яратиб берган.

Буларнинг ҳаммаси Буюк Яратувчининг барча нарсага қодир ва ўта ҳикматли Зот эканига далолат қилади.

Сўзимиз сўнггида Аллоҳ таолонинг ушбу оятини келтирсак:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

 

Read 2319 times

Мақолалар

Top