Мақолалар

Мазҳаблар – бирлик рамзи!

Мазҳаб сўзи араб тилидан олинган бўлиб луғатда йўналиш,  оқим,  йўл,  таълимот демакдир. Муқаддас динимиз истилоҳида эса фиқҳий йўналишларга нисбатан айтилади.

Фиқҳ сўзи ҳам араб тилидан олинган бўлиб луғатда бир нарсани нозик жойларигача тушунишга айтилади. Шариат истилоҳида эса, “шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга фиқҳ деб аталади”. Фиқҳ фани тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаган эди.

Ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони карим ва Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Шундай қилиб, аста-секин, кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади.  Аста-секин Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар. Ушбу уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.

Булар, Қуръони карим, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ижмо – бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Қиёс, яъни аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани шунга ўхшаш мазкур манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.

Фақиҳларимиз суянадиган масдарлардан яна урф, масолиҳул-мурсала,  шаръу ман қаблана шаръун лана каби баъзи манбаълар ҳам бор. Улар мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан, фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган.

Аммо мусулмонлар орасига кенг тарқалган шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар “фиқҳий мазҳаб соҳиблари” деб тан олинган.  Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан “расмий фиқҳий мазҳаблар” деб тан олинган.  Булар, Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳабларидир.

Ҳозирги кунда мазҳабларга беписанд бўлаётган, мазҳабнинг нималигини билмайдиган даражада илми саёз одамлар борки, улар Қуръон билан ҳадис бор, мана шунинг ўзи етади, биз шу иккисидан ҳукм оламиз, мазҳаб кeрак эмас, дeйишади.

Қуръоннинг ўзи етарли бўлса, Аллоҳ таоло нима учун пайғамбарларни юборди, нима учун Забур, Таврот, Инжил ва Қуръон нозил қилинди? Ибн Мурдавайҳнинг ривоятида жамики пайғамбар алайҳимуссаломларнинг сони бир юз йигирма тўрт мингга етган, дейилади. Инсоннинг ҳидояти учун илоҳий китобнинг ўзи етарли бўлса, бу китоблар нозил қилинган пайғамбарларни юборишдан мақсад нима бўлган?

Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай буюк вазифани бажариш учун юборилганлари айтилган. У зот умматга Қуръони каримни ўргатиш, унинг аҳкомларини тушунтириш учун юборилдилар. Зеро, Қуръони карим фақат Қурайшга эмас, фақат арабларга эмас, фақат асри саодатга эмас, балки бутун дунёга,  қиёматга қадар дунёга келадиган бутун башариятга юборилган илоҳий кўрсатма эди. Одамлар ҳар хил, уларнинг тили, миллати, дунёқараши, тушунчалари, маданияти ҳар хил.  Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий ҳикмати,  ниҳояси йўқ илми билан бу диннинг араблардан сўнг ажамларга ҳам тарқалишини билар эди, ажамларнинг араблардан ҳам кўпайиб кетишини биларди. Биргина мисол: «Саҳиҳи Муслим»да бир ҳадис кeлади. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бу ҳадисда эҳтилом бўлганда маний теккан кийимни қандай тозалаш айтилган. Бир ривоятда Набий алайҳиссалом уни қуригандан кeйин сидириб ташлаганлари, сўнгра шу кийим билан намоз ўқиганлари айтилган. Яна бир ривоятда эса Оиша онамиз ўша маний тeккан жойини ювиб, кeйин намоз ўқиганлари айтилган. Иккала ҳадисни ҳам имом Муслим ривоят қиляптилар, иккаласи ҳам саҳиҳ ҳадис.

Қуръон ва ҳадисдангина ҳукм оламан деганлар айтишсин, бу ҳадисларнинг қай бирини олишимиз керак? Қайси бирини ҳукм қилиб оламиз? Ахир иккала ҳадис ҳам саҳиҳ, иккиси ҳам тенг кучли. Имом Шофeъий алайҳир-роҳма қуриб қолган манийнинг доғини сидириб ташлашни олганлар. Имом Абу Ҳанифа эса ўша жойни ювиб тозалашни олганлар. Бу зотлар бу ҳукмни ҳам ўзларича, ўз хоҳишлари билан танлаб олишмаган. Балки ҳукм олиш учун бу мавзуга оид барча далилларни тўплаб, қиёслаб, истинбот қилишган, таҳлил қилиб, холис ёндашишган.

Машҳур устозлардан бирлари бу борада қуйидаги сўзларни айтганлар:

«Биз фақат Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламиз, чунки Қуръон ўзгармайди. Ҳадисни эса Набий алайҳиссалом айтганлар. Набийлар маъсум, яъни гуноҳдан сақланган бўлади, дейишади. Аммо Аллоҳ таоло «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» деб, Набий алайҳиссаломдан кейин келадиган уламоларни назарда тутган. Улар эса маъсум эмаслар. Аллоҳ таоло уламолардан сўранг деб буюриб турса ҳам буни рад этасизларми?»

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳидоятидан адаштирмаган ҳолатда барчаларимизни “Аҳли сунна вал жамоа” эътиқодида юрмоқлигимизни муваффақ айласин!  Барчамизни ютимизда кенг тарқалган Ҳанафий мазҳабида бардавом қилсин!

 

Ҳумоюн АЗИМОВ,

Қўқон шаҳар “Авғонбоғ” масжиди имом-хатиби

Read 2788 times

Мақолалар

Top