Мақолалар

Намозда қўлларни киндик остига қўйиш ва  унинг илмий асослари

Дин иши ҳассос масала саналади. Унга аҳл бўлмай, илмсиз равишда бир оғиз сўз айтмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Мана шу қоида бузилди турли кўнгилсизликлар бошланади.

Ҳар бир инсон ўз ҳаддини билиб яшаган вақтлар тарихга зарҳал ҳарфлар билан муҳрлангани ҳеч кимга сир эмас.

Кейинги вақтларда диний масалаларга енгил қараш эътибориданми уларни мустақил ўрганиб, ҳаммани ташвишга солаётган, ихтилофга сабаб бўлаётган ҳолатлар киши дилини хира қилмоқда.

Ана шундай масалалардан баъзилари: оминни жаҳрий айтиш,  намозда оёқларни кериб туриш, қиём қўлни кўкси устига қўйиш, имом билан бирга Фотиҳа сурасини ўқиш ва ҳаказолар.

Мана шу шахслар айтиб ўтганимиздек динни ҳадислардан ўрганиш кераклигини даъво қилиб, раҳмат ҳисобланган мазҳаблар ўртасидаги фуруъий масалаларни рўкач қилиб, ўзларини ҳам ўзгаларни ҳам аташтирмоқдалар.

Бугун биз ўрганмоқчи бўлган ҳукм намозда қўлни қўйиш масаласидир. Олдиндан айтиб қўяйлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада турли ривоятлар келган. Одатда у зот ибодатларни таълим бераётганларида эркак ва аёлларнинг ажратмай амал қилганлар. Илло, истисно ҳолларда бундай бўлмаган. Бу ҳадисларни чуқур ўрганган мужтаҳид олимлар эркакларга хушуга муносиб ҳолат киндик ости, аёлларга эса сатри аврат маъносида кўкрак усти дея ҳадисларда келган турли ривоятларни мувофиқлаштирдилар. 

عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ أَنَّ عَلِيًّا رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مِنْ السُّنَّةِ وَضْعُ الْكَفِّ عَلَى الْكَفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Абу Жуҳайфадан ривоят қилинади. Али розияллоҳу анҳу айтади: “Намозда киндик остига кафтни кафт устига қўйиш суннатдир”. Абу Довуд, Аҳмад ва Дорақутний ривоят қилган. 

عَنْ أَبِي وَائِلٍ قَالَ: قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: أَخْذُ الأَكُفِّ عَلَى الأَكُفِّ فِي الصَّلاةِ تَحْتَ السُّرَّةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Воил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Намозда кафтларни кафтлар устига, киндик остида ушлаб турилади”. Абу Довуд ривояти.

Ривоятлар заиф бўлсада бир-бирини қувватлаб ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилади ва ҳужжат сифатида қабул қилинади. Мусталоҳул ҳадис илмидан воқиф бўлганлар буни жуда яхши билади.

Аллома Саҳаранпурий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Базлул мажҳуд шарҳу сунани Аби Давуд» китобида шундай дейди: (Намозда қўл қўйиш масаласида тўрт мазҳаб) уч йўлга-мазҳабга чекланган. Биринчи мазҳаб: киндик ости, иккинчи мазҳаб кўкрак ости, киндик усти, учунчи мазҳаб ирсол-икки ёнга ташлаб туриш. Балки қўл боғлаш икки кўриниш: кўкрак ости ва киндик остига чекланади. Қўлни кўкрак устига қўйишни айтган бирорта мусулмонлар мазҳаби йўқ. Қўлни кўкрак устига қўйиш ҳақидаги гап мусулмонлар мазҳабидан ташқари ва уларнинг келишилган ижмосини бузишликдир.

Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълолус сунан” китобида юқоридаги ҳадисларни келтириб, унга қуйидагича изоҳлайди: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ икки қўлни киндик остига қўяди, деган. Молик ва Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳлар икки қўлни кўкрак остига,  киндик устига қўяди, деганлар. Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан уч хил ривоят бор. Уларнинг энг машҳури ҳанафий мазҳаби кабидир...”.

Энг қизиғи, эркаклар учун икки қўлни кўкрак устига қўйиш ҳақида Ибнул Қаййим ва Ибн Ҳазм раҳматуллоҳ алайҳлардан ривоятлар бор.

Ибнул Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ «Бадоиъул фавоид» китобида айтади: «Икки қўлини кўкси устига қўймоғи макруҳ бўлади».

Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ икки қўлни қўйиш ҳақида ҳадисларни ривоят қилиб, уларни кўкрак устига қўйишни зикр қилмаган.

Масаланинг фиқҳий ҳукми.

Мўътабар китоблардан саналган  «Мухтасарул виқоя»да қиёмда қўл тутиш борасида шундай дейилади:

ويضع يمينه على شماله تحت سرّته فى كلّ قيام فيه ذكر مسنون ويرسل فى قومة الركوع وبين تكبيرات العيدين

“Суннат қилинган зикр мавжуд бўлган ҳар бир қиёмда киндик остига ўнг қўлини чап қўлининг устига қўйиб туради. Рукуъдан турганда ва икки ҳайит такбирлари орасида ёнига туширади”.

 Имом Косоний “Бадоъи” асарида: 

أَمَّا مَحَلُّ الْوَضْعِ فَمَا تَحْتَ السُّرَّةِ فِي حَقِّ الرِّجْلِ وَالصَّدْرُ فِي حَقِّ الْمَرْأَةِ

“Қўлни қўйиш ўрнига келсак, эркакларга киндик ости, аёлларга кўкрак устидадир”. 

Аллоҳ таоло мазҳабимизда собит бўлиб, унга гўзал амал қилиб боришимизни насиб айласин. Турли ихтилофлардан омма халқимизни Ўз паноҳида асрасин.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Равшанбек ЎРИНБОЕВ

Read 3339 times

Мақолалар

Top