Мақолалар

Диққат! Диққат! “КоронаВирус” – Аллоҳга қочинг!

Ҳозирги кунда ҳаммани ташвишга солиб турган оммавий бало – “КаронаВирус”нинг хабари ёмғирдек атрофга сочилиб бормоқда. Бундай вазиятда мўмин киши эътиқоди, нияти ва қиладиган амалларини саралаб, қайта тафтиш қилиб олса, иншаллоҳ, хайрли бўлади.

Биз бу бало қаердан ва нима учун тарқаганини баҳс қилмаймиз. Уни Аллоҳ таоло туширгани яхши биламиз. Шу боис, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ўргатган кўрсатмаларга риоя этамиз. Аллоҳ томон қочамиз!

Мўмин кишига неки мусибат, бало, офат ва касаллик келмасин, аввало уни Аллоҳдан, Яратганнинг тақдиридан деб қабул қилиши лозим. Шунда ҳар қандай саволларга ва маъсиятга етакловчи фикрларга тўсиқ қўйилади. Негаки, мусибат ва касалликлар мўмин учун раҳмат, гуноҳларига каффорат ва даражаси кўтарилишига сабабдир.

Халқимизда бир гап бор: “Асрамаса даво йўқ, асраганга бало йўқ”. Дард ва касаллик Аллоҳ хоҳласа юқади. Тақдир қилмаса, заррача таъсир кўрсатмайди. “КаронаВирус” агарчи ёнимизда бўлса-ю, Аллоҳ истамаса, баданга кирмайди. Агар юқишини тақдир қилган бўлса, ўйламаган томонимиздан, ўйламаган одамимиздан, ўйламаган нарсамиздан олиб келиб қўйиши мумкин. Шу боис, бу масалада Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилишимиз шарт! Аллоҳ Роббимиз, бизни иҳота қилиб - ўраб туради. Унинг тақдиридан ҳеч қаерга қоча олмаймиз. Қочсак, энг узоғи билан ойга чиқишимиз, ёхуд маълум миқдорда ернинг қанчадир қаърига шўнғишимиз мумкин. Аммо, Аллоҳнинг чегарасида тураверамиз. Аллоҳнинг мулкида фақат Унга суянамиз. Яхши гумонда турамиз. Ўзига таваккулни маҳкам қиламиз. Вирус “даҳшати”дан, “миш-миш”идан изтиробга тушмаймиз.

Тўғри таваккулни шакллантиргач, унинг асосий шарти – сабабиятни амалда қўллаймиз. Улар:

  1. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларга таълим берган дуоларни эрта-ю кеч ўқиб юриш

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

بِسْمِ اللَّهِ الَّذي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شئ فِي الأرْضِ وَلا في السَّماءِ وَهُوَ السَّمِيعُ العَلِيم

“Бисмиллаҳиллазий ла ядурру маъасмиҳи шайун фил арди ва ла фис сама. Ва ҳувас Самиъул Аълийм”.

Маъноси: “Аллоҳнинг исми билан, на ерда ва на самода унинг исми билан ҳеч нарса зарар бера олмайди. У Эшитгувчи ва Ўта Билгувчи Зотдир”. (Имом Термизий ривояти)

عن ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يُعَوِّذُ الْحَسَنَ وَالْحُسَيْنَ وَيَقُولُ إِنَّ أَبَاكُمَا كَانَ يُعَوِّذُ بِهَا إِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّةِ مِنْ كُلِّ شَيْطَانٍ وَهَامَّةٍ وَمِنْ كُلِّ عَيْنٍ لامَّةٍ

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнларни шайтондан паноҳ сўраб дуо қилар ва: “Албатта, отангиз (Иброҳим) Исмоил ва Исҳоқни шайтондан паноҳ сўраб қуйидаги дуони ўқир эди: “Аъзу бикалиматиллаҳит таамати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин ва мин кулли аъйнин”.

Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари ила ҳар бир шайтондан, зараркунандадан ва ҳар бир кўздан паноҳ сўрайман”. (Имом Бухорий ривояти)

عبد الله بن خبيب رضي الله عنه قال

خَرَجْنَا فِي لَيْلَةِ مَطَرٍ وَظُلْمَةٍ شَدِيدَةٍ نَطْلُبُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِيُصَلِّيَ لَنَا ، فَأَدْرَكْنَاهُ فَقَالَ : أَصَلَّيْتُمْ ؟ فَلَمْ أَقُلْ شَيْئًا . فَقَالَ : قُلْ . فَلَمْ أَقُلْ شَيْئًا . ثُمَّ قَالَ : قُلْ . فَلَمْ أَقُلْ شَيْئًا . ثُمَّ قَالَ : قُلْ . فَقُلْتُ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ! مَا أَقُولُ ؟ قَالَ : قُلْ : ( قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ ) وَالْمُعَوِّذَتَيْنِ حِينَ تُمْسِي وَحِينَ تُصْبِحُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ تَكْفِيكَ مِنْ كُلِّ شَيْءٍ

Абдуллоҳ ибн Ҳубайб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ёмғирли ва зулмат қоплаган кечада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни бизга намоз ўқиб беришларини истаб у зотни қидириб чиқдик. Бас, у зотни топдик. “Намоз ўқидингизми?” деб сўрадилар. Мен ҳеч нарса демадим. “Айт”, дедилар. Ҳеч нарса демадим.  Сўнгра яна “Айт”, дедилар. Мен яна ҳеч нарса демадим. Такрор “Айт”, дедилар. Мен: “Я, Расулуллоҳ, нимани айтай?”, дедим. Ул зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон кечга етсанг ва тонг оттирсанг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва “муаввизатайн”ни уч маротаба айт, у сенга ҳамма нарсадан кифоя қилади”, дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти )

Бундан ташқари, тонгги ва тунгги дуоларни бардавом ўқиш, истиғфорни кўпайтириш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш айни муддаодир. Ўзимиз ва фарзандаларимизга ухлашдан олдин, уйқудан уйғонгач, “Фотиҳа”, “Оятал курсий”, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нас” суралари билан дам солиш лозим. Яна кўчага, ишга кетаётганда: “Бисмиллаҳи. Таваккалту аълаллоҳ. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил аълийил аъзийм”, дуоси ила қадам ташлашимиз – Аллоҳга қилган таваккулимизнинг амалий исботидир. Бу дуо ила Аллоҳдан нажот сўраймиз, Аллоҳга боримизни омонат топширамиз.

  1. Ўзимиз, яқинларимиз ва юртдошларимизни ушбу офатдан сақлашини сўраб дуо қилишимиз
  2. Одамларни қўрқитиб турли миш-миш, ваҳима ва қўрқинчилик хабарларни, айниқса ёши катталарга айтиб юрмаслигимиз
  3. Таваккалнинг яна бир сабаби бўлмиш – карантинни жорий қилиш

*   Имом Муслим “Саҳиҳ”ларида бир ривоятни келтирадилар. Унга кўра, мохов касаллигига чалинган Сақифлик бир одам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига байъат бергани келади. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ортингга қайтавер, биз сени байъатингни қабул қилдик”, дейдилар. Ҳалиги касал киши соғларга касалини юқтириб қўймаслиги чорасини кўрдилар. Соғлом кишиларга аралаштирмадилар. “Худо айтгани бўлади-да!”, дейиш хатодир.

*  Касал киши то тузалгунча, соғ юрганларга аралашмаслиги, эҳтиёт чораларини кўриши ҳам суннатдир. Бундан ташқари, болалар шамоллаб қолса, ота-онаси мактаб ва боғчага юбормаслиги, уйда даволаши шарт.

*  Умар ибн Хаттоб даврида бир аёл мохов касали билан оғриб қолади. Шунда Ҳазрат Умар: “Эй, аёл. Уйингни лозим тут, уйингни лозим тут. Аллоҳнинг бандаларига азият берма!”, дедилар. Бояги аёл уйидан чиқмай қўйди. То Умар вафотига қадар кўчага чиқмади. Ҳазрат Умар вафот ҳам этди. “Умар ўтди, энди чиқавер”, деб айтганларида, у: “Тириклигида осийлик қилмагандим, ўлганидан кейин ҳам осийлик қилмайман”, деди ва ўлгунича кўчага чиқмади.

Бу билан касални жамиятдан ажратиб, уни ёлғизлатиш тушунилмайди. Балки, юқумли касали бор киши соғларга касалини юқтириб юбормаслиги учун то шифо топгунига қадар уларга аралашмай юргани афзал саналади. Бу ҳам суннат.

*  Беморнинг олдига борган киши унинг олдида узоқ ўтирмайди, таом емайди. Касаллик юқиши олдини олади.

  1.    Касалликнинг шифосини излаш

عن أبي الدرداء قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إن الله أنزل الداء والدواء وجعل لكل داء دواء فتداووا ولا تداووا بحرام

Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта Аллоҳ таоло касалликни ҳам, шифони ҳам туширгандир. Ҳар бир касалликнинг давоси бордир. Даволанинглар. Ҳаром билан эса даволанманглар”. (Абу Довуд ривояти) Бошқа бир ҳадисда худди шу мазмунда кўрсатма берилган. Фақатгина қарилик ва ўлимнинг шифоси йўқлиги таъкидлаб ўтилган.

Шуаро сурасида: “Агар касал бўлсам, Унинг Ўзи менга шифо беради”, мазмунида ҳам оят бордир.

Демак, киши қайси касал билан оғримасин, шифосини ҳалол йўл билан излаши шартдир. Бепарво юриши гуноҳдир.

 Ислом ҳукамолари қуйидаги қоидани келтирадилар: 

المعالجة باخبار طبيب مسلم حاذق ورع ترقي الي مستوي الفرض

“Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа  фарз аъйн даражасигача кўтарилади”. Шифокор айтаётган тўғри кўрсатмага мусулмон одам амал қилади. Унга қарши иш қилмайди.

Бундан келиб чиқиб, шифокорлар ҳам нимани тавсия қилаётгани, қайси дорини ёзаётганига ҳам бепарво бўлмаслиги шарт. Беморга тўғри рецепт ёзиши Худо олдидаги омонатдир.      

6 . Аллоҳ ҳалол қилган ҳалол ва покиза нарсаларни истеъмол қилиш

Қуръони каримнинг Мўминун сураси,  51-оятида қуйидагича айтилади:

يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ

“Эй, Пайғамбарлар! Покиза нарсалардан енг ва солиҳ амал қилинг. Мен сизни нима қилиб турганингизни Билувчи Зотман”.

Ўзини мўмин-мусулмон деб билган одам тоза, ҳалол ва соғлигига фойдали нарсалардан танавул қилади. Бу ҳам касалликни олдини олади. Тузалишга кўмаклашади.

  1. Озодалик қоидаларига амал қилиш

Замонавий тиббиёт ҳамиша касалликни олдини олишнинг бирламчи чораси сифатида “шахсий гигиена” қоидалирини илгари суради. Бу Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, ҳаёт тарзларида ўз ифодасини топгандир. Мўминларнинг турмуш тарзи озодаликка қурилган. Масалан, беш вақт таҳорат олиш, жума куни ғусл қилиш, овқатдан олдин ва кейин қўлларни тозалаб ювиш, мисвок ишлатиш, хушбўйланиш, тоза кийим кийиш, уй-жойларни покиза сақлаш, мева ва сабзавотларни ювиб ейиш шулар жумласидандир.

  1. Спорт билан шуғулланиш

Жисмоний саломатлик, унинг машғулоти айнан мўминга хосдир. Пайғамбармиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари кураш, югириш, камон отиш, от чоптириш ва бошқа спортнинг жабҳаларида пешқадам бўлганлар. Саламаъ ибн Акваъ югуришда отдан ҳам тез чопгани китобларда келтирилган.

Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам ҳали мусулмон бўлмаган Руконани курашда қайта-қайта енгиб, курагини ерга теккизиб қўйганлар.

Мусулмон ҳамма нарсада биринчидир. Қўрқоқ, заиф, нимжон бўлмайди. Ҳалол бўлган машғулотлар албатта, унга ярашади. Мартабаси, даражасига асло зид эмас.

Мусулмон киши “Зарар бериш ҳам йўқ, зарар келтириш ҳам йўқ”, қоидасига амал қилади. Касалликни олдини олади, сабабларни жорий қилади. Лекин шунда ҳам касалликка чалинса, у Аллоҳнинг тақдиридан деб билади.

Хулоса ўрнида, нафақат “КоронаВирус”, балки бошқа касалликларда ҳам юқоридаги кўрсатмаларга амал қилишимиз ўзимиз ва яқинларимиз учун кони фойдадир.

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фахриддин Муҳаммад Носир

Read 3309 times

Мақолалар

Top