Мақолалар

МУНОСАБАТ:  "АЛЛОҲНИНГ СЎЗЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ ЙЎҚ"

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Юртимизда мўмин-мусулмонлар учун диний аҳкомларни адо этиш учун кенг имконият яратилган. Сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки бутун мусулмон дунёси томонидан эътироф этилмоқда.

Таассуфки, мўмин-мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор берилаётган бир даврда уларнинг эътиқодларига тааллуқли масалаларда кенг жамоатчилик орасида салбий руҳдаги, кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган фикр-мулоҳазаларни эълон қилиш ҳолатлари бизни ташвишга солмоқда.

“Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Сафар Каттабоев” номли профил эгаси томонидан Ўзбекистонда Қуръони каримнинг айрим оят ва сураларини тақиқлаш кераклиги юзасидан билдирган қарашлари оммавий муҳокамага сабаб бўлаётганидан хабарингиз бор.

Аслида, Ислом динининг муқаддас манбаи ҳисобланган Қуръони каримдаги оятлар жамиятда тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлашга, одамлар орасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга, илм-маърифат тарқатишга, эзгу ва савобли ишларга чақиради. Аллоҳнинг каломини англаган киши борки, аждодларимиз буюк мутафаккир бўлиб камолга етишишида Қуръони карим асосий манба бўлганига амин бўлади.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг муқаддас китоби. Ундаги сура ва оятларни банда томонидан таъқиқланиши мантиқсизлик. Қуръони каримга нисбатан бундай фикр айтиш ортида дин душманларининг яширин нияти бор. Ғарб давлатларидаги шундай хатти-ҳаракатлар оқибатида, норозиликлар келиб чиқиб, талафотлар бўлгани барчага аён. Ислом тарихида эса шундай ишларнинг якуни қандай аянчли якун топгани кўпчиликка маълум.
Қуръони каримни таъқиқлаш даъвосини қиладиганлар тарих мобайнида ҳам ҳар замонда чиқиб турган. Бундай беҳуда ҳаракат янгилик эмас, ваҳий замонида ҳам бўлган, айни таклиф ваҳийни қабул қилиб турган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам берилган ва ҳамиша муваффақиятсиз якун топган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида миллатлараро адоват уйғотиш ва фуқаровий тотувликни бузишда, вазиятни беқарорлаштирувчи маълумотларни тарқатиш учун ҳам жавобгарлик белгиланганлигини сира унутмаслик керак.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний соҳа ходимлари томонидан Ислом дини аҳкомларини ўз манфаати йўлида талқин қилаётган, ёмон ниятли кучларнинг фитналаридан огоҳ этувчи тушунтириш ишларини мунтазам олиб бормоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, Қуръони каримни Қиёматга қадар ўзгаришсиз сақлашни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган: «Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлагувчимиз» (“Ҳижр” сураси, 9-оят). Бошқа ояти каримада "Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ" (Юнус, 64), дея таъкидланган. Демак, Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримни муҳофаза қилар экан, унга бандаси дахл қила олмаслигини англаб етиш керак.

Яна бир муҳим жиҳатни ёдда сақлаш зарур. Биз Интернет тармоқларидаги воқеа-ҳодисаларга фикр-мулоҳаза билдириш асносида эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлишимиз лозим. Мўмин киши бундай вазиятда қалб ва ақл амри билан иш тутади. Ҳиссиёт ва фитнага солмоқчи бўлганларга имкон бермайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек “Мўмин киши оқил, зийрак ва ҳушёр бўлади”.

Сўзимиз якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиз мўмин-мусулмонларини Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарадиган фикрларни тарқатишдан сақланишга, бу каби турли фитна ва тушунмовчиликларга сабаб бўладиган ҳолатларга аралашмасликка чақиради. Зеро, бу каби ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилотлар қонунчилигимизда белгиланган талаблар асосида чора кўришга ваколатлидир.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3089 times

Мақолалар

Top