Мақолалар

Ибрат

“Саҳиҳи Бухорий”да қуйидаги ҳадиси шариф келган:

حَدَّثَنَا أَبُو مَعْمَرٍ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عَمْرٍو قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَارِثِ قَالَ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ صُهَيْبٍ عَنْ أَنَسٍ قَالَ أُقِيمَتْ الصَّلَاةُ وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُنَاجِي رَجُلًا فِي جَانِبِ الْمَسْجِدِ فَمَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ حَتَّى نَامَ الْقَوْمُ

Бизга Абу Маъмар Абдуллоҳ ибн Амр ҳадис айтди, у айтди: бизга Абдулворис ҳадис айтди, у айтди: бизга Абдулазиз ибн Суҳайб ҳадис айтди: Анас розияллоҳу анҳу бундай деди:

“Намозга такбир айтилди ҳамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиднинг ёнида бир киши билан гаплашиб туравердилар, ҳатто (айрим) намозхонлар ухлаб қолдилар”.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳодисани далил қилиб, боб сарлавҳасида имом иқоматдан кейин бирор ҳожат билан машғул бўлиб қолиши жоизлигини келтирдилар. Яъни шу ҳолатда намоз кечикса, рухсат этилади, демоқчилар. Лекин бу ерда ривоятнинг муфассал баёни зикр қилинмаган. Яъни Набий алайҳиссалом ким билан нимани муҳокама қилганлари, нима сабабдан  у жойда қолиб кетганлари борасида маълумот берилмаган. 

Ибн Ҳажар Асқалоний ва Аллома Бадриддин Айний раҳматуллоҳи  алайҳимо: “Бизга ҳам ушбу ривоятнинг шарҳлари учрамади”,  яъни ўша пайтда ким билан нимани муҳокама қилганлари, нима сабабдан  у жойда узоқ муддат қолиб кетганлари ҳақида маълумот ҳеч қаерда берилмаган, дедилар.

“Саҳиҳи Бухорий”нинг бу икки улуғ шориҳлари - икки улуғ олим учратмаган масалани, машҳур муҳаддис олим Анвар Шоҳ Кашмирий роҳимаҳуллоҳ излашга тушдилар. Китобларни кўриб чиқиб кўп изланишлардан кейин Имом Бухорий раҳматуллоҳи  алайҳнинг “Адабул-муфрад” китобларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан гаплашиб қолган ўша одамнинг исмини ҳам, бунга нима сабаб бўлганини ҳам топдилар. Яъни ривоятда зикр қилинган киши келиб: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), менинг шундай зарур ишим борки, жамоат намози сабаб ўша ишим кечикса, менга зарар етади”, деган экан. Бундан маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша одамга зарар етмаслиги учун жамоат намозини кечиктирган эканлар. Аммо Имом Бухорий ўша ўринда у одамнинг исмини зикр қилмаган эдилар.

Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи  алайҳнинг битта масала ечимини топиш учун не машаққатлар билан қилган бу изланишлари хулосаси ўлароқ, биз бундан илмга бўлган муҳаббат борасида улкан ваъз-насиҳат олишимиз мумкин. Албатта, илм жуда катта меҳнатни талаб қилади. Бу киши биргина шу ҳадисни қидириш учун қанча тадқиқот олиб бордилар. Ваниҳоят, “Адабул-муфрад” китобидан бу ҳадисни топдилар. Аммо ҳадисни бу китобдан топишнинг  ўзи бўлмади. Чунки у китобда “Намоз” ва “Рўза” бўлимлари мавжуд эмас эди. Балки бу китоб одоб-ахлоққа доир мавзуларни ўз ичига олган. Бу китобга қадар у зот намоз ва рўза боби мавжуд бўлган барча китобларни тадқиқ қилганлар. “Адабул-муфрад” китобини эса, шу изланиш давомида учратиб қолганлар. Чунки бу ҳадисни  ушбу китобда борлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бу изланишлар оғир меҳнат натижаси ўлароқ ўз самарасини берди. Аслида “илм талаб қилишлик” дегани - чанқоқни қондириш демак. Инсон қачонки ўзида чанқоқни ҳис қилса, кейин сувни излашга тушади. Чанқоқни ҳис қилмаган инсон сувга эҳтиёжи тушмайди. Демак илм талаб қилиш бу чанқоқни қондириш экан.

Шайх Тақий Усмоний айтадилар: “Падари бузрукворим айтадилар: “Ҳақиқий толиби илм доимо бир масалани пайида бўлади. “Дарсимни қилдим”, “Дарсим тайёр”, дейиш билан иш битмайди. Фикру хаёли бир масалада бўлар экан, ўшани ечмагунча кўнгли жойига тушмайди. Мавлоно Анвар Шоҳ Кашмирийга ҳақиқий толиби илм мақоми берилган эди. У киши инсоний зарур ҳожатлардан ташқари доимо  илм билан шуғулланганлар”.

Отам сўзларида давом этиб айтадилар: “Анваршоҳ Кашмирий умрларининг охирги вақтлари эди. Бетоб эдилар. Шу кунларни бирида: “Анваршоҳ Кашмирий вафот этди”, деган хабар тарқалди. Биз бу хабардан маҳзун бўлиб қолдик. Мен билан бирга бир неча уламолар ҳам бор эди. У зотни аҳли оилаларига бориб кўнгил сўрамоқчи бўлдик. Лекин тун зулмати бизни бу ишни қилишдан тўсди. Тонг ҳам отди. Субҳи дамда бу хабар нотўғри экани зоҳир бўлди. У зот тирик экани хабарини эшитдик. Биз шайхни зиёратига бордик. Не кўз билан кўрайликки, китоб ошиғи бўлмиш бу зот ҳали кун ёришмасдан ғира шира вақтида хонасидаги бир тахтачада чўкка тушиб, китоб мутолааси билан машғул эканлар”.

 У зот ва отам бир устоздан илм таҳсил қилган эдилар. Анвар Шоҳ Кашмирий отамдан ёшлари улуғ эди. Шу сабаб отам Анвар Шоҳ Кашмирийга устозидек муомала қилар эдилар. Аммо  шайх билан эркин муомалада ҳам бўлар эдилар. Отам: “Ҳазрат бир савол сўрасам майлими?”, деганларида, Анваршоҳ Кашмирий: “Майли сўранг”, дебдилар. Сўнг отам: “Ҳазрат, умрингиз давомида бизга неча-неча номаълум масалаларни ечиб бердингиз. Саволим шуки: “Сизни қандай масала ҳаста ўрнингиздан туриб, китоб мутолаасига ундади? Бундан ташқари бизлардан бирортамизга айтмай ўзингиз қидиришга бел боғлаган масалани билсак бўладими? Наҳот шунчалик зарур, тез ечимини топиш лозим бўлган нарса бўлса? Бизга айтсангиз, ўзимиз таҳқиқ қилиб берар эдик. Сиз касал ҳолингизда бунча ўзингизни қийнамасангиз”, дебдилар. Шунда у зот: “Гапингизда жон бор. Мен нафсимга бунчалик зулм қилмаслигим керак. Аммо нима қилай, китобни яхши кўришим ҳам бир касаллик. Китоб мутолааси билан шуғулланмасам ўзимни хотиржам ҳис қила олмайман”, деб жавоб берибдилар

Мана шу воқеа “Бешикдан то қабргача илм излаш керак”лиги ҳақидаги ҳадисни ҳаётий намунаси бўлади. Демак, кимда шундай илмга бўлган муҳаббат пайдо бўлса, Аллоҳ таоло ўша инсонга илмдан маълум ҳисса ато қилади. Агар муҳаббат шу даражада юксак бўлмаса, илмга ҳам етиб бўлмайди. Инсон ўзидаги бор нарсаларни берганда илм ўзидан бир қисмини беради, холос. Илмни орқасидан тинмай чопаверасиз, уни этагини ҳеч қўйиб юбормайсиз, ана ўшанда илм сизга қиё боқади. Бунинг акси ўлароқ, ўзингизни илмга муҳтож  эмасдек тутсангиз, илм сира ҳам сизга яқин йўламайди.

Юқорида баён қилганимиздек Аллома Айний ҳам, Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи  алайҳлар ҳам ушбу ҳадисни шарҳини билмаслигини баён қилдилар. Шунда Анваршоҳ Кашмирий бу ҳадисни шарҳидан воқиф бўлишга уриндилар. У зот бир қанча машаққатли уринишлардан сўнг ҳадиси шарифнинг тўғри шарҳини топишга муваффақ бўлдилар. Аммо бунинг учун озмунча ҳаракат сарфланмади. У зот ўзини, вақтини фидо қилиб бунга эришдилар. Аллоҳ таоло илм талаб қилувчига илмга ошиқликни берса, бундан ортиқ бахт йўқ. Инсон бу завқни коинотдаги ҳеч бир нарсага алишмайди.

Агар мен: “Еру осмонда толиби илм учун илмдан ҳам кўра лаззатлироқ нарса йўқ”, деб қасам ичсам, сўзимни устидан чиқмаган бўлмайман. Бу гапимда ҳеч қандай муболаға ёки ёлғондан асар ҳам йўқ. Лекин бунинг учун инсон ҳақиқий илмни таъмини тотган бўлиши лозим”.

Шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг ушбу ҳикоя ва ўгитлари сиз билан бизга ибрат бўлса, ажаб эмас. Бизнинг диёрлардан ҳам яна аждодларимизга ўхшаган улуғ олимлар етишиб чиқишини буюк Раббимиздан сўраб қоламиз.

 

Ҳикматуллоҳ Абиев,

Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори”

жомеъ масжидининг имом ноиби

Read 2619 times

Мақолалар

Top