Мақолалар

Ҳалол луқма – тарбиянинг асоси

Жунайд Боғдодий айтадилар: Ҳорис Муҳасибий фақирликдан қийинчиликда яшар эдилар. Кунларнинг бирида уйимнинг олдида ўтирган эдим. У зот ўтиб қолдилар. Юзларидан очликдан толиққанликлари билиниб турарди.

– Амаки, агар уйимизга кирсангиз, таомланардик, – дедим.

– Шундай  қиласанми? – дедилар. 

– Ҳа, хурсанд  қилган бўлардингиз, – дедим.

Ул зотни амакимнинг уйига олиб киришни ният қилдим, чунки амакимнинг уйи кенг, бунинг устига уларнинг уйида бор таом бизникда йўқ эди. Турли хил таомларни у зотнинг олдига қўйдим. Шайх ҳазратлари қўлларини таомга узатиб, оғзиларига олиб бориб, чайнадилар, лекин юта олмадилар. Шунда ўрниларидан турдилар-да, менга ҳеч нарса демасдан чиқиб кетдилар. Эртасига устозни кўриб қолиб:

– Эй амаки, кеча уйимизга кириб хурсанд қилган эдингиз, сўнг ноқулай аҳволга солиб, индамай чиқиб кетдингиз?!

– Эй болажоним, ҳақиқатдан ҳам кеча қорним ўта оч эди. Қўйган таомларингни иштаҳа билан тановвул қиламан, дегандим. Лекин мен билан Аллоҳнинг ўртамизда бир аломат бор: вақтики, Аллоҳ рози бўлмайдиган, шубҳали таом келса, димоғимга билинади ва қабул қилмайди. Шу ҳолат бўлганди ташқарига чиқиб, оғзимдагини ташлаб кетавердим, – дедилар.

Бу воқеага Қошайрий зиёда қиладилар:

Жунайд, бугун уйимизга киринг, – дедилар. Устоз кирганларида қаттиқ, синиқ нонни олдиларига қўйдим. Ундан едилар ва агар фақир кишини таомлантирмоқчи бўлсанг, мана шу ҳолатдаги каби таомлантир, – дедилар.

Жаъфар айтдилар: Ҳорис Муҳасибийнинг вафотларига гувоҳ бўлдим. У зот айтадиларки, агар мен яхши кўрган нарсамни кўрсам, табассум қиламан ва агар яхши кўрганимдан бошқа нарсани кўрсам, юзимдан билиб оласизлар.

Муҳасибий табассум қилдилар-да, жон топширдилар (Аллоҳ раҳматига олсин, мақомларини улуғ қилсин).

Хулоса: Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги айнан луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир. Аксинча, бировнинг молини ботил йўл билан ейишга – рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, ўғрилик, товламачилик, қарзга олган нарсаларни қайтариб бермаслик ва бошқа шу кабилар ишлар эса икки дунёсини барбод қилади. Аллоҳ бундай оқибатдан барчамизга паноҳ берсин!

Камолиддин АКБАРОВ,
Қўштепа тумани “Қорашбува” масжиди имом-хатиби

 

Read 2477 times

Мақолалар

Top