Мақолалар

Тил одоблари ва уни сақлаш

Аллоҳ таоло инсонларга чексиз неъматларни инъом қилган. Бу неъматларнинг ичида энг буюги, афзали, нодир бўлган неъматлардан бири бу – тил (сўзлаш, нутқ) неъматидир. Берилган ушбу неъматни қандай ишлатиш керак, уни нималар билан машғул қилмоқ керак бу борада ҳам кўп тавсиялар ва кўрсатмалар берилган.

Аллоҳ таоло Ар-Роҳман сурасининг 4-оятида ҳам

لَّمَهُ الْبَيَانَ

Яъни: “Унга баённи (нутқни) таълим берди”, деб марҳамат қилган.

 Тил одоблари ҳақида, хусусан, уни фаҳш, беҳаё сўзларга эмас балки яхшиликка, тиловатга, зикрга, ибодатга Юртни, жамиятни, мўмин-мусулмонларнинг манфаати йўлида ишлатишга динимиз таълимотларида бод-бод такрорланган.

Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатлагувчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Термизий ривояти).

Мазкур ҳадисдан ҳам тилни беҳаё фаҳш сўзларга ишлатмаслик лозимлиги маълум бўлади.

Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир. У билан уришиш куфрдир”, деб марҳамат қилганлар. (Икки шайх ва Имом Термизий ривояти).

Анас (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаҳш нарса борки, у шармандалик келтиради. Ҳаё нарса борки, у зийнат келтиради”, дедилар. (Имом термизий ва Ибн Можа ривояти).

Ушбу ҳадисдан ҳам кишилар тилни фақат яхши сўзларга ишлатиши лозимлиги келиб чиқади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.): “Тилдан кўра қамоқда туришга ҳожатлироқ нарса йўқ” деганлар. Яъни киши кўпроқ сукут сақлаб турса, соҳиби учун фойдалироқ бўлиши таъкидланмоқда.

Абу Дардо (р.а.): “Икки қулоғингни оғзингдан сақла. Оз гапириб, кўп эшитишинг учун сенга битта оғиз, иккита қулоқ берилган” деб марҳамат қилганлар. Бундан бандалар тилларидан ҳар хил бўлар-бўлмас сўзлар чиқармасдан, балки кўпроқ эшитиб, фақат манфаатли сўзларни гапиришлари тушунилади.

Мухалад ибн Ҳусайн: “Эллик йилдан бери узр айтишга сабаб бўладиган бирор оғиз сўз айтмадим” деганлар. Яъни кишилар узр сўрайдиган ишни, гапни айтишдан олдин ўша ҳолатни юзага келишидан эҳтиёт бўлишлари лозим бўлади.

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшниси ва меҳмонини ҳурмат қилсин, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин” деганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Инсоннинг бошига келадиган балоси, унинг тилидан келади” деганлар.

Луқмон Ҳаким ўғлига шундай васият қилганлар: “Эй ўғлгинам, ким ёмонлик эгасининг суҳбатида бўлса, омон бўлмайди, ким ёмонлик кирадиган жойга кирса, туҳматланади ва ким тилига эгалик қилмаса, пушаймон бўлади”.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Донишманднинг тили юрагигинг орқасида бўлади. Агар гапирмоқчи бўлса, юрагига қарайди, мабодо унда яхшилик бўлса, гапиради. Агар бировнинг зарарига бўлса, гапирмасдан сукут сақлайди. Жоҳилнинг юраги тилининг атрофида бўлади. У юрагига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади” деганлар. Яъни инсонлар гапирганда ҳам этибор билан, одоб, ахлоқ, динимиз таълимотларида келган тавсиялар ва кўрсатмаларга зид бўлмаган ҳолда сўзламак бу инсоннинг кўркидир. Аксинча бўлса, у инсонга зийнат эмас, балки кулфат олиб келади.

Ҳакимлардан марҳамат қилинади: “Жим туришлик (тилни сақлашлик)да етти минг яхшилик бор. Унинг ҳаммаси етти калимада жам бўлади. Ҳар калимада минг яхшилик бор”, деганлар.

  1. Жим туришлик чарчоғи йўқ ибодатдир;
  2. Безаксиз зийнатдир;
  3. Давлатсиз ҳайбатдир;
  4. Деворсиз қўрғондир;
  5. Бировларга узр айтишдан беҳожатдир;
  6. Яхшилик ва ёмонлик амалларни ёзувчи фаришталарга роҳатдир;
  7. Айблари учун беркитувчидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганларида Муоз: Эй Аллоҳнинг расули, менга васият қилинг деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) тилларига ишора қилиб, яъни тилингни сақлагил, деганлар. Муоз буни осон санаб, “Эй Аллоҳнинг элчиси, васият қилинг” деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Онанг сени йўқотиб қўйсин. Одамларнинг юзлари билан дўзахга тушишларига сабаб тилларининг ёмонлигидандир”, деб марҳамат қилганлар. Бундан кўринадики, инсонлар тилларини барча манфаатсиз сўзлардан сақламоқлари лозим экан.

Ҳасан Басрий айтади: “Кимнинг сўзи кўпайса, хатоси кўпаяди; кимнинг моли кўпайса, гуноҳи кўпаяди; кимни ҳулқини ёмон қилса, ўзига азоб беради” деди. Яъни гап-сўзи кўпайган инсон дунёда ҳам охиратда ҳа барака топмаслиги эслатилмоқда.

Аллоҳ барчамизни тилларимизни ёмон, фахш, беҳаё сўзлардан сақлаб, фақат Ўзини розичилиги мужассам бўлган сўзларни гапиришни насиб этсин. Умрларимизни охиригача тил одоблари ҳақида келган барча кўрсатмаларга, тавсияларга, таълим-тарбияларга амал қилиб ҳаёт кечиришдек бахтга сазавор қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги ходими,

“Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин АХРОРОВ

Read 8974 times

Мақолалар

Top