Мақолалар

Кимки фитнага аралашса, ҳалокатга учрайди!

Тарихдан маълумки, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши жамиятнинг осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ бўлган. Тинчлик – барча миллат ва элатлар қаторида ўзбек халқининг ҳам асраб-авайлайдиган энг олий қадриятларидан ҳисобланади. Қуръони каримдаги 50 дан зиёд сурадаги юзлаб оятларда инсонларни мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бағрикенгликка чақирилган.

Сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари бошчилигида юртимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар замирида ҳам айнан мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик экани ҳеч кимга сир эмас.

Афсуски, бугунги кунда қора кучлар томонидан Яқин Шарқ минтақасида, қўшни Афғонистонда содир этилаётган қонли тўқнашувлар уюштирилиб, сиёсий ва иқтисодий танглик келтириб чиқарилмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, ваҳшийликларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар кўпайиб кетди. Ушбу ҳолат биздан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.

Таассуфки, Ислом динини ниқоб қилиб олган мутаассиб шахслар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида Ироқ ва Сурия каби мамлакатларда террорчилик ҳаракатлари олиб бораётган жангариларни қўллаб-қувватлашга тарғиб қилмоқда. Хусусан, шу кунларда Инстаграм тармоғида мутаассиб ғоялар тарғиботчиларидан бири Инстаграмда фуқароларимизни жангариларга қарши кураш олиб бораётган Сурия ва Россия Федерациясига қарши гўёки “жиҳод” қилишга чақирди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби радикал ғоя тарғиботчилари “ҳижрат”, “жиҳод” каби диний тушунчаларни бузиб талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг тарбиясидан чалғитиш, тинчлик ва омонликда яшаётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Уларнинг асл мақсадлари алданган ёшларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Ливия ёки Афғонистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборатдир.

Шу ўринда юқорида келтирилган тушунчаларга изоҳ берадиган бўлсак, “ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, истилоҳда эса, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка шаҳрини тарк этиб, Мадина шаҳрига боришга қиёсан Ислом дини йўлида мусулмонларнинг яшаб турган ерларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетиши назарда тутилади. Бироқ, ғараз мақсадларни кўзлаётган кимсалар “ҳижрат килмаганлар кофир, кофир юртда яшамоқлик куфр” деган сохта даъво билан ватандошларимизни алдамоқчи бўлмоқда.

Аслида эса, ислом таълимотига мувофиқ, ислом диёри бўлган, яъни, аҳолисининг 90 фоизидан зиёди Ислом динида бўлган, мусулмонлар ўз эътиқодларини очиқ айтоладиган, азон айтиладиган, кундалик, жума ва ҳайит намозлари эмин-эркин адо этиладиган, йил сайин масжид ва мадрасалари ҳамда ҳожилари кўпаяётган, хуллас, исломнинг беш арконлари тўлиқ адо этилиб, фуқаролари хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ўзбекистон каби мусулмон мамлакатдан “ҳижрат” қилинмайди.

Айни вақтда Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ...”, дедилар” (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий; Саҳиҳи Бухорий, Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ; 3078-3079-ҳадислар) дейилганини ҳам эслаш жоиздир.

Ўз навбатида, “жиҳод” сўзи “жидду-жаҳд”, яъни инсон ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятини ишга солиб, ҳаракат қилиш маъносини англатади. Хусусан, дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларни ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмирни илм йўлида жиҳод қилмоқда, деса бўлади. Ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жиҳодга изн сўраб келди. Шунда унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида жиҳоднинг афзали ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деб таъкидлаганлар.

“Жиҳод” тушунчаси такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги алоҳида таъкидланган бўлсада, радикал оқимларнинг тарғиботчилари томонидан ёшлар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча шакллантиришга қаратилган ҳаракат давом этмоқда.

Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш жиҳоднинг асосий мағзи экани баён этилган.

Имом Нававий ўзларининг “Ал-Манҳаж фий Аввал китаб ал-Жиҳад” китобида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “... яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган. Имом Дирдийр ўзларининг “Ақроб ал-Масалик” деган асарининг “жиҳод” бобини шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаганлар.

Ислом оламининг етук уламо ва олимлари томонидан бугунги кунда мусулмонлар эмин-эркин яшаётган, мусулмончилик кўринишлари амалда намоён бўлаётган мамлакатлар “ислом диёри” экани нуқтаи-назаридан “жиҳод” бу – ўша давлатларнинг мудофааси бўлиши эканини, ушбу мамлакатларда беқарорлик келтириб чиқараётганлар эса фитна қилаётгани таъкидланмоқда.

Шу ўринда, Инстаграмда ўзбекларни гўёки “жиҳод” қилишга чақираётган профил эгасига савол туғилади. Фараз қилайлик, Сурияга “жаннат” излаб борган ака-укалардан бири вазият тақозоси билан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” жангариларига, иккинчиси эса ўзини “Ислом давлати” деб атаётган гуруҳга бориб қўшилди. Маълумки, бу иккала гуруҳ ҳукуматга қарши чиқиш баробарида ўзаро ҳам жанг олиб бормоқда. Хўш, жанг майдонида ўзаро рўбаро келиб қолса, ака-укалардан қайси бири “мужоҳид”, қайси бири эса ислом душмани саналади? Бир-бирларини ўлдиришса, қайси бири шаҳид бўлади, қайси бири дўзахга тушади? Ушбу саволларга жавоб битта. Сурияда ҳам, Ироқда ҳам, Афғонистонда ҳам ҳеч қандай “жиҳод” бўлаётгани йўқ, балки ғаразли кучлар томонидан катта фитналар амалга оширилмоқда. Юқоридаги профил эгаси ёвуз ниятли ҳомийларга малайлик қилиб, ёшларимизни ушбу фитна оловига ўтин қилишга хизмат қилмоқда.

Ислом таълимотида, бегуноҳ одамларни ўлдириш, мулкига эга чиқиш, аёлларини ўзларига ҳалол деб эълон қилиш каби қабиҳ ишлар орқали фитна чиқариш, халқнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини бузиб, таҳликага солиш катта гуноҳ.

Мусулмонларга фитнада қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб) дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).

Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда мусулмонлар фитнадан огоҳлантирилиб, айтилади: “Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса, юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуриб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки фитнадан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” (3601-ҳадис).

Уламолар ушбу ҳадисларни мусулмон одам жамиятда беқарорлик келтириб чиқарувчи фитналардан қанчалик узоқда бўлса, ўзи ва мусулмон жамияти учун шунчалик фойдали бўлади, деб шарҳлайдилар.

Ёшларимиз юқоридаги ҳадислардан тўғри хулоса олиб, фитна бўлаётган жойларга югурмасликлари, она-Ватани ва оиласида, илм ва ҳалол ҳунарда паноҳ топишлари лозим.

Масаланинг яна бир жиҳати шундан иборатки, бугунги кунда Сурияда 6,5 миллиондан зиёд фуқаролар жон сақлаш мақсадида мамлакатни тарк этган бир вақтда террорчи ташкилотларнинг домига илинган шахслар ушбу мамлакатга турмуш ўртоқлари ва болаларини ҳам етаклаб бораётгани на мантиққа сиғади, на ислом таълимотига тўғри келади.

Зеро, Қуръони Каримда Аллоҳ таоло барчамизни огоҳлантириб айтади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси, 195-оят).

Террорчи ташкилотлар сафида бўлган, жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топган ёки Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўтаётган шахсларнинг турмуш ўртоқлари ва болалари аянчли аҳволда, бир бурда нонга зор абгор ҳолатда қолиб кетмоқда. Бегуноҳ норасида болаларнинг руҳий ва жисмоний қийинчиликларда қолиб кетишига, бир томонидан ота-оналарининг нотўғри қадам босиши сабаб бўлган бўлса, асосий айбдорлар четда туриб, Интернет орқали уларни алдаётган, мусулмонлар орасига фитна солаётганларнинг қўлида “қўғирчоқ” бўлаётган кимсалардир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан “Меҳр” ва “Меҳр 2” амалиётлари доирасида Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ўзбекистонга қайтарилган 48 нафар аёллар ва 171 нафар ёш болаларнинг бошидан кечирган азоб-уқубатлари юқоридаги фикримизга далил бўлади.

Ҳаётимизда жамият барқарорлигига раҳна солиши мумкин бўлган айрим ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни асраш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар ҳамда фарзандлар тарбияси ва юрт келажаги билан қизиқмайдиган фуқаролар ҳам борлигини афсус билан қайд этиш лозим.

Ёш авлоднинг ватанпарвар, халқпарвар, миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашга ғамхўрлик нафақат ҳукуматимиз, балки жамоат ва диний ташкилотлар, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг ҳам бурчи саналади.

Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, ёшларимизни фитна тўрларидан асраб-авайлаш диёримизда яшаётган барча фуқаролар, у давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, тадбиркор ёки бошқа касб эгаси бўлишидан қатъий назар энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади.

 

Ў.ҲАСАНБАЕВ

Read 2253 times

Мақолалар

Top