Мақолалар

Сотаман - у кетаман ёҳуд "Ғассол"ларнинг биз билмаган "иш"лари...

Ўлим ҳақдир. Ҳар бир тирик жон борки, ўлим шарбатини тотгувчидир. Бу Аллоҳнинг бандалари учун битиб қўйган тақдиридир. Шариатда ўлим ва унга тегишли бўлган ҳолатлар тўғрисида қонун ва қоида кўрсатмалар бор. Бу одатларга инсон бетоблигидан токи, қабрга қўйилгунгача бўлган ҳолатлар киради. Бу амаллардан бири майитни ювиш амалларидир. Майитни ювиш фарзи кифоя амалларидан ҳисобланади. Шариатда ҳар бир инсонга тегишли бўлган майитни ўз фарзандлари ва яқинлари ювишлиги жоиз. Она ўтса қиз фарзандлари, хола, аммалари, ота ўтганда эса, ўғил фарзандлар, амакилар ва яқинлари ювишлари керак бўлади. Агарда фарзанд ва яқинлари ичида ювишга лаётқатлилари топилмаса, айтайлик бемор ёки ботинолмаса «ғассол» ёллаш жоиз бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам “Ўликларингизни ишончлиларингиз ювсин” – дедилар. Демак, бундан кўриниб турибдики, ювувчи кишидан ҳам бир қадар билим ва қоидалар талаб этилади. Тақдир тақазоси билан бир жанозада иштирок этдим. У ерда нотаниш аёлнинг гаплари мени диққатимни тортди. Аёл “Болам, - дея сўз бошлади, онам раҳматлик ўтганларида «ғассол»ни қай тарзда ювганини ҳеч эсимдан чиқара олмайман. Уч чойгардон сув билан онамни уч жойларидан қуйиб жанозага ҳозирлаб берган эди. Кейинчалик билсам ювишни ҳам ўз тартиб ва қонун-қоидалари бор экан. Онамни қай ҳолатда ювганларини эсласам, ҳали-ҳануз ўзимни кечира олмайман. Сизга насиҳатим, «ғассол»ларни ишларидан бохабар бўлингларки, бошқа майитлар ҳам менинг онам каби ювилиб кетмасинлар”. Шундан сўнг, «ғассол»лар ишини кузата бошладим. Ҳақитдан ҳам, онахоннинг гаплари ниҳоятда тўғри эканлигини гувоҳи бўлдим. Майит ювишда «ғассол»ларни ювиш қонун-қоидаларини умуман билмасликлари, ирим-сирим, бидъат-хурофотларга ва нафс илинжига берилганликлари ва бунинг натижасида, майитлар нопок ювилаётганликларини шоҳиди бўлдим. Энг ҳайратга соладиган томони шундаки, майит кузатилиб улгурмасдан «ғассол» аёлларни ўз нафси илинжида майит эгаларидан бош оёқ сарупо, янги кўрпа-тўшак, идиш-товоқ, қимматбаҳо тақинчоқлар талаб қилаётганликлари ва энг ачинарлиси майитни бор бисотидаги нарсаларни йиғиб олиб фарзандларига фалон пул эвазига “сотаману-кетаман” қабилида кўтара нархларга сотиб олишларини талаб қилишлари, умуман мантиққа тўғри келмайди. Бундай таъмагирлар инсонларнинг бошига тушган мусибатни, ўз нафси йўлида фойдаланаётганликлари жуда ҳам ачинарли ҳолдир. Бу амалларнинг орқасидан қанчадан–қанча майитларимиз охирги манзилларидаги савол-жавобга қай ҳолатда юзланганликларини тасаввур қилиш қийин эмас. Уламоларимиз, агар майит нопок ювилиб кўмилса, қабр янги бўлса, ковлаб олиниб, қайта ювиб кафанлашга изн беришади. «Ғассол» ювиш ишларини яхши биладиган таҳоратли, ишончли, тақводор, оқил бўлиши, ювиш тартиб қонун-қоидаларини яхши билмоқлиги лозим. Динимизда «ғассол» хизмат ҳаққини майит эгалари билан олдиндан келишиб олса ҳам бўлади. Бунга шариатимизда хеч бир қаршилик йуқ. Агар хизмат ҳақи олдиндан келишилмаган бўлса, “бой борича, йўқ холича” қабилида иш тутилмоғи лозим. Ислом динимизда эса хақидан зиёдасини сўраб олиш гуноҳ ҳисобланади. Кўзимизга арзимас бўлиб кўринадиган бу каби ишларни аслида Роббимизга юзланиш учун энг муҳим ва энг масъулиятли амаллардан эканлигини ва Яратганнинг ҳузурига покиза ҳолатда боришлигимизга ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз лозим бўлади. 

Навоий вилояти бош имом хатибининг 
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова

Read 2909 times

Мақолалар

Top