Мақолалар

ОТА-ОНАГА МЕҲРИБОН БЎЛИНГ

Каъбул Ахбордан «Ота-онага оқ бўлиш нима?» деб сўрашганда у киши мисол тариқасида ота ёки она фарзандига ишониб, унинг номидан қасам ичса, аммо фарзанд ўша қасамни, ота-онанинг ишончини оқламаслигини айтганлар. Шунингдек, ота-она бир иш буюрса, уларга итоат қилмаслиги, бирор нарса сўраса бермаслиги, омонат берса, унга хиёнат қилишини ҳам айтиб ўтганлар.

Фарзанднинг ота-онага оқ бўлиши ана шундай кўнгилсиз ҳолатларда юз берар экан. Шунинг учун бу улкан гуноҳга, унинг даҳшатли доирасига тушиб қолмаслик учун ота-онанинг ҳаққидан ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз керак. Ота-оналаримизга ўзгача, алоҳида муносабатда бўлишимиз, иззат-икром кўрсатишимиз керак. Аввало, барча ишларда ота-онадан маслаҳат сўраш керак, «Булар кексайиб қолган, қариб қолган, ҳозирги шарт-шароитни билмайди» демаслигимиз керак. «Қари билганни пари билмайди» деган гап бекорга айтилган эмас. Тўғри, уларда биздагидек куч-қувват йўқдир, зеҳнлари бизчалик ўткир эмасдир, сусайиб қолгандир, лекин уларда бизда йўқ нарса борки, бу – ҳаёт тажрибасидир. Улар бизга шундай неъмат ато қилишганки, биз уни уларга ҳеч қачон бера олмаймиз – бу Аллоҳ ато этган фарзанд меҳридир. Ота-онамиз бизга меҳр кўрсатгандек биз уларга меҳр кўрсата олмаймиз, биродарлар!

Биз бу меҳрни ўз фарзандимизга кўрсатишимиз мумкин, аммо ота-онага улар берган меҳрни кўрсата олмаймиз. Бу табиий ҳол, фитратимизда бор нарса. Аммо шу иккита нарсанинг ўзи ота-онамиз биздан доим устун бўлишлари учун, бизнинг яхши муомаламизга, ҳурмат-эҳтиромимизга лойиқ бўлишлари учун етарлидир.

Ота-онанинг маслаҳатлари, насиҳатларини жону дил билан қабул қилиш, ота-она дам олаётганда уларни безовта қилмаслик, уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик, гапириш уёқда турсин, ҳатто «уфф» демаслик, ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик, ота-онадан юқорида ўтирмаслик, ота-онанинг олдида оёқ узатиб, ёнбошлаб ётиб олмаслик – буларнинг барчаси биз фарзандларнинг бурчимиздир.

Ҳар бир мўмин-мусулмон фарзанд ота-онанинг кўнглини топиб, уларнинг розилигини олиши шарт. Ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиб туриш керак. Бу — фарз амалдир, уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади. Агар биз ўз фарзандимизга ёки оиламизга ота-онамиздан кўпроқ эътибор қилаётган бўлсак, бу биз учун нуқсондир.

Аллоҳ раҳмат қилсин, марҳум устозимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига интернетдан бир савол тушган эди. Биз бу саволни кўриб, ҳайратланган эдик. Саволга диққат қилайлик: «Ҳазрат! Онам билан хотиним келиша олмаяпти. Қандай йўл тутай? Мен уларга қандай муомала қилай?».

Ҳазратнинг жавобларини қаранг: «Суф сизга, суф сиздек фарзандга! Суф она билан аёлнинг ўртасида нима қилай деб савол берган фарзандга!»
Дарҳақиқат, нима қилай деб, бошқалардан сўраб юрадиган нарса эмас эди бу сўралган вазият. Чунки ҳеч қачон она билан аёлни бир даражада кўрилмайди. Чунки ҳар бирининг ўз ҳақлари бор. Уларнинг ҳақларини адолат билан жойига қўйиш лозим бўлади. Онанинг ҳаққини адо қилинг, аёлингизнинг ҳаққини ҳам адо қилинг. Ана шу адолат бўлади.

Қуръони Каримда ота-онага яхшилик қилиш ҳақида, уларнинг ҳақларини адо қилиш ҳақида бир нечта ояти карималар келган. Алҳамдулиллаҳ, уларни ҳаммамиз биламиз, тафсирларини ўқияпмиз.
Динимизда, халқимизда ота-она билан бирга устозларни ҳам тенг ўринда ҳурмат қилиш маданияти бор. Ота улуғ, отанинг ўз улуғлиги бор, онанинг ўз улуғлиги бор, ҳеч ким уларни ўрнини боса олмайди. Устознинг ҳам улуғлиги бор, унинг ҳам ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Шунинг учун доим намозда ҳам, дуо қилганимизда ҳам ота-онани аввал зикр қилиб, сўнг устозларни ҳам эсланади, кейин жамики мусулмонларни қўшиб дуо қиламиз.

 

А. Ибайдуллаев

Олтинкўл тумани «Уйшин»

жоме масжиди имом-хатиби

Read 2428 times

Мақолалар

Top