Мақолалар

МУСУЛМОННИ КОФИРГА ЧИҚАРИШНИНГ ХАТАРЛАРИ

Мусулмон устидан кофир хукмини бериш энг нозик ва хатарли масалалардан бўлиб, унга далилсиз якинлашиш мумкин эмас. Чунки, кофирлик хукми берилган одам шу ҳукмга лойиқ бўлмаса, ҳукм килган кишининг ўзи кофир бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Бир киши биродарига: "ҳой кофир" деса, у иккисидан бири (кофир бўлишга) дучор бўлади"- дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

         Жумҳур уламолар ижмоси билан куфр исобланган сўз мутлоқ куфр сўздир. Бу сўзни талаффуз қилган ҳар бир киши устидан кофир ҳукмига лойиқ шартлар бўлиб, монеликлар йўқолмагунига қадар ҳукм чиқариш мумкин эмас. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дейди.

 Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) умматни ҳаддан ошишдан қайтариб шундай марҳамат қилдилар:  

وقال صلى الله عليه وسلم إيَّاكم والغلوَّ في الدِّين؛ فإنَّما هلك مَن كان قبلكم بالغلوِّ في الدِّين ، وهو حديث صحيح، أخرجه النسائي وغيرُه، وهو من أحاديث حَجة الوداع،

         Маъноси: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиш билан ҳалокатга учрадилар”.                 

         Ушбу ҳадисни Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашиш ҳажидаги маърузаларида баён қилганлар. Ҳадисдаги ғулув сўзи “ҳаддан ошиш”, “тажовуз қилиш” маъноларини англатади. Ҳаддан ошиш турли масалаларда бўлиши мумкин,  жумладан, шиалар ҳазрати Али (р.а)га бўлган муҳаббатларида ҳаддан ошганлиги натижасида баъзилар уни худо даражасига кўтаришган, хулафои рошидинларга нисбатан таъна тошларини отишган. Кўриниб турибдики, муҳаббатнинг ҳам чегараси бор. Қуръони каримда Аллоҳ таоло аҳли китобларга динларингизда ғулувга кетманглар, деб амр қилган. Чунки насоролар Исо алайҳиссаломни худо даражасига кўтариб, уни худонинг ўғли деб ғулувга кетишган. Бугунги кундаги такфирий жамоалар эса мусулмонларни куфрга чиқаришда ғулувга кетишган. Тарихдан маълумки, ғулув катта фожеаларга сабаб бўлган, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкилишига олиб келган. Ҳазрати Али ҳалифалик даврларида вужудга келган хаворижлар тоифасининг ғулувга кетиш сабаби ҳам ҳозирги ғулувчилар билан бир хил, яъни, мусулмонларни куфрга чиқаришда эди.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабидан Қуръон ва Суннат ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” 94-оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом ибн Касир ўз тафсирида шундай дейди: Имом Аҳмад ибн Аббос (р.а)дан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзини қўйларини боқаётганда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га олиб келганларида ушбу оят “Эй иймон келтирганлар” дан охиригача нозил бўлдива улар бу ишдан қаттиқ қайтарилдилар.        

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умар (р.а)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.

Абу Зарр (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна шундай деганлар: Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам қибла аҳлларидан бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган экан.

Ақида китоблари, жумладан, “Таҳовий ақидаси”да: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”, – дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорат бўлиши, мободо вафот этса, бу – Аллоҳнинг ҳоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён қилинган.

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг видо ҳажларида айтган қуйидаги гаплари буни тасдиқлайди: Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳарингиз каби ҳурматлидир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”.

 

Имом Фахриддин ар-Розий

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Сабиров Маҳмуджон

Read 3262 times
Tagged under

Мақолалар

Top