Мақолалар

Уламоларни ҳурмат қилиш ҳам диёнатдандир

Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг халқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм эгаларини дунё ва охиратда баланд даражаларга кўтаришини айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

( سورة المجادلة/11 )

“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни(баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам олимларнинг фазли тўғрисида шундай дейдилар:

اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ اَبُو دَاوُدَ وَالْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар” (Имом Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Олимларга бўладиган эҳтиромни кўринг. Нафақат инсонлар, балки, тилсиз жонзотлар ҳам уларни ҳурмат қилар экан. Олимларнинг даражаси қанчалик баландлигига шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейдилар.

Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.

Мўмин банда учун қалбининг ўлишидан ҳам каттароқ мусибат борми?! Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.

Лекин бугунги кунга келиб айнан уламоларимизга тош отиш, уларни ҳурматини топташ ҳоллари авж олмоқда. Хусусан, динимиз йўлида кўп йиллар давомида хизмат қилиб келаётган уламоларимиздан устоз Исҳоқжон домла Бегматов билан боғлиқ турли гап-сўзлар кўпайди.

Аслида, Домланинг мусулмон умматини бирлаштириш, турли ихтилофларни олдини олиш, фаръий масалаларда кўпчиликка хилоф қилиб, фитна чиқаришни олдини олиш йўлида қилаётган хизматларидан аламзада бўлган баъзи кишилар томонидан шариатимиз меъёрларига тўғри келмайдиган ҳақоратлар, туҳматлар билан домлани муҳокама қилинмоқда.

Айни вазиятда тушунмовчиликка сабаб бўлган жиҳат шундаки, ижтиҳодий масалаларда ихтилоф чиқаришга одатланган кимсалар томонидан ихтилофдан сақланишга, юртимизда анъанавий бўлган ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ ибодатларни адо этишга чақирилганда бунга нисбатан эътиборсизлик ва беписандлик қилинмоқда. Аслида, динимизда хилоф қилиш, кўпчиликнинг орасида тушунмовчиликлар келтириб чиқаришдан динимизда қайтарилган. Аллоҳ таоло Ўзининг абадий дастури, Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларига хитоб қилиб: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади» дегани бежиз эмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сиз билан биз умматларига хитоб қилиб: «Ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар», деганлар. Агар ўтган умматларга ўхшаб ҳалокатга дучор бўлмайлик, десак ихтилоф қилмайлик.

Ҳижрий 29 йили Усмон розияллоҳу анҳу одамларга бош бўлиб ҳаж ибодатини адо этганида Минода намозни қаср қилмасдан тўрт ракаат қилиб ўқидилар. Аслида, мусофир икки ракат қилиб, қаср ўқилиши керак эди. Усмон разияллоҳу анҳунинг бундай йўл тутишлари мусулмонларни бирдамлигига футур етмаслиги ва янги мусулмон бўлган ва динни яхши билмайдиган баъзи заиф мусулмонлар динда фитнага тушиб қолмасликлари ва намозни икки ракаат деб тушуниб қолмасликлари учун эди. Шунда одамлар дарров Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, бундан шикоят қилишганида “Ҳа, намоз қаср ўқилиши керак эди. Лекин, мусулмонларга хилоф қилиш ёмон. Шунинг учун мен ҳам Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуга иқтидо қилиб, тўрт ракат ўқидим”, деганлар.

Ислом уламолари ҳам ушбу кўрсатмаларга амал қилиб бирор жамиятда жорий бўлиб турган амал, агар мустаҳаб доирасида, афзалият масаласида бўлса хилоф чиқармасликка, ҳар ким ўз юртида амалда бўлиб турган мазҳабга кўра амал қилишга даъват қилишган. Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади”.

Бу масалада ҳатто бугунги кунда кўпроқ ихтилофга бораётган шахслар эргашадиган, ўзларининг имоми деб биладиган ибн Таймия ҳам афзалият, мустаҳаб деб билинган муайян масалаларда ихтилоф чиқаришдан қайтарган. У ўзининг “Мажмуатул фатаво” китобида “намозда “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим”ни овоз чиқариб айтиш керакми ёки махфий ўқиладими?”, – деган масалани келтириб шундай дейди: “...Лекин киши қалбларни улфат қилишни кўзлаб, (ихтилоф чиқадиган ўринда) бу каби мустаҳаб амалларни тарк қилиши лозим. Чунки динимизда мусулмонлар ўртасида бирдамликни сақлаш ушбу мустаҳаблардан устундир. Набий алайҳиссалом ҳам айан мана шу бирдамликни сақлаш мақсадида Байтни ўзгартиришни тарк қилган эдилар. Шунинг учун ҳам Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу сафарда намозни тўлиқ ўқиш масаласида Усмон разияллоҳу анҳуга хилоф қилмаган эдилар ва “Хилоф қилиш ёмон”, деган эдилар”.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, мусулмон инсон ўз юрти уламоларини ҳурмат қилиши ва ҳар бир чиқарган фатво ва кўрсатмаларига итоат қилиши вожибдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2296 times

Мақолалар

Top