Мақолалар

Ҳанафийлик мўътадил мазҳаб (1-қисм)

Маълумки динимиз илм ўрганишга, ўзаро илм улашишга тарғиб қилади. Шу боисдан ҳам олимлар, илм эгалари, илмни ўргатиш,  дарс бериш билан машғул кишилар динимизда юксак эътироф этилади, уларнинг ҳурмати кўкларга кўтарилади. Айниқса, дин илмлари борасида сўз кетганда илмга муҳаббат, устозларга ҳурмат биринчи ўринда эканлигини ҳеч бир мусулмон инкор эта олмайди.

Муқаддас динимизда кўпчилик мусулмонлар тутган йўли бўлмиш аҳли сунна вал-жамоанинг  фиқҳий масалалар борасида  тўрт  мазҳабни ўз ичида қамраб олгани ҳам илм олишга, ҳақни ошкор қилиш учун баҳс қилишга бўлган динимиз тарғиботи натижасидир, десак хато қилмаган бўламиз. Ана ўша мазҳаб уламоларининг ҳаёт йўлларига назар солар эканмиз уларнинг ўзаро ҳурмат, илмга ва унинг аҳлларига нисбатан муҳаббат ила муносабатда бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Бу эса ўша буюк имомларнинг бағрикенг ва очиқкўнгил бўлганлигидан нишонадир.  Бугунги кунимизда эса бутун дунё эътироф этадиган ўша буюк имомоларга, уларга эргашадиган уламоларга тош отадиган, ҳақорат қиладиган кимсалар ҳам учраб туради. Уларнинг йўли бир-бирларига нисбатан ўзаро ҳурматда бўлган имомларимиз тутган йўлдан  бошқа йўл деб айтсак, муболаға қилмаган бўламиз…

Ушбу фиқҳий мазҳаблар орасида энг кўп тарқалгани, бағрикенглик, мўътадиллиги билан ажралиб турадигани Ҳанафийлик мазҳаби бўлиб, ҳозирда  аҳли сунна вал жамоа мазҳабларининг энг кўп эргашиладиганидир. Туркий миллатлар, Ўрта Осиё халқларининг деярли барчаси хусусан ота-боболаримиз ҳам узоқ  йиллардан бери ушбу мазҳабга амал қилиб келишади. Уламоларимиз ҳанафий мазҳабининг кўп тарқалганлигида бу мазҳабнинг бир қанча афзаллигини санаб ўтганлар. Бошқа мазҳаб уламолари ҳамда улар тутган йўлларни эътироф этган ҳолда ҳанафий мазҳабидаги ўша афзал жиҳатлар билан ўртоқлашсак.

Аввало мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (р.а) атрофларида кўп одам тўпланганлига сабаб у зотнинг дин илмларини теран англаган олим, зукко эканлиги, шу билан бир қаторда ўта тақволи, омонатдор, ҳалол инсон бўлганликларидир. Ўз даврида фиқҳ бобида у кишига етадиган инсон бўлмаган. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмида ҳам кўплаб маълумотга эга бўлиб, ушбу илм бўйича “Муснад” номли асарлари бизларгача етиб келган. Бошқа мазҳабларнинг асосчилари ҳам Абу Ҳанифа (р.а) ни ўзларига устоз деб билганлар. Бундан ташқари кўплаб толиби илмларнинг таълим олишига ҳомийлик қилиб турганликлари ҳам уламолар эътирофига сазовор бўлган…

 

Элёржон Ахматқулов

ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси

Read 2722 times
Tagged under

Мақолалар

Top