Мақолалар

Ижтимоий байрамларни нишонласа бўладими?

Ижтимоий байрамларни нишонлаш ва ушбу байрамлар билан инсонлар ўзаро бир-бирларини табриклаши юзасидан вақти-вақти билан турли қарашлар юзага келади. Кимдир уни дунёвий байрамлар сифати қаралиши ва динимиз бундан ман этмаслигини таъкидласа, яна кимдир ушбу байрамларни нишонлаш динимизда жоиз эмаслиги, уни нишонлаган киши гуноҳкор бўлишини айтади.

Аслида, ўз номи билан ижтимоий дея юритилувчи мазкур байрамларни динга нисбат бериш, бу борада билимсизлик билан мўмин-мусулмонлар ўртасида ихтилоф келтириб чиқариш – бугунги кунимизнинг муаммоларига айланмоқда. Ушбу ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида бу борада дунёдаги энг  машҳур ва нуфузли Исломий дорулфунун – Мисрнинг Ал-Азҳар университети уламолар кенгашининг фатвосини тақдим этмоқдамиз:

Жамиятдаги якка шахс ёки бир жамоанинг бирор фойда кўзлаб ёки ўзларидан ёмонликни даф қилиш мақсадида бирор ишга эътибор қаратишлари табий ҳол. Дунёвий байрамларни нишонлаш жоиз ёки ножоизлиги борасида Ислом уламолари турли фикр билдирган. Бу каби нишонланадиган байрамлар икки турга бўлинади – дунёвий ёки диний байрамлар.

Агар дунёвий байрамлардан кўзланган мақсад тўғри бўлса, турли ишлар  аралашуви сабабли шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқилмаса, Ислом бундай дунёвий байрамларни ман қилмайди.

Дунёвий байрамларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин: фарзанд дунёга келганда, хатна ва никоҳ тўйида, муҳим имтиҳондан муваффақиятли ўтганда, урушда ғалаба қозонилганида, деҳқончиликдан мўл-кўл ҳосил олганида, яқинларини сафардан келишини кутиб олганда ҳурсанд бўлиб байрам қилишади, эришилган ютуқ ва хурсандчилик билан ўзаро муборакбод этилади.

Шунингдек, мустақиллик байрами каби маълум вақтларда бўлиб ўтган муҳим воқеаларни ундан ибрат ва насиҳат олиш учун ҳамда у воқеаларни эслаб ҳурсандчилик қилиш учун  байрам қилиб нишонлашни ҳам шу жумлага киритиш мумкин.

Диний байрамлар икки турли бўлади: шаръий манбалар – Қуръон ва ҳадисда зикр қилинган ёки унда зикр қилинмаган байрамлар.

Шаръий манбаларда келган байрамларни шариат кўрсатмалари қандай баён қилинган бўлса, ана шундай ҳолда, умумий шариат қоидаларидан ташқарига чиқмасдан нишонланилади.

Шаръий манбаларда келмаган байрамлар борасида инсонлар икки хил йўл тутишади. Бири бу бидъат мумкин эмас, иккинчиси буни мумкин эмаслигига бирор қайтариқ йўқ дейишади.

Барчага маълумки, Исломда икки ҳайитдан бошқа жуда кўп байрам қилиб нишонласа бўладиган воқеа ва ҳодисалар бор. Мисол учун бола туғилганда ақиқа қилиб хурсандчилик қилиш, никоҳ тўйларида хурсандчилик қилиш, узоқ сафардан яқинлари келганда ҳурсандчилик қилиш, Рамазон ойи кириш билан инсонлар бир-бирларини қутлаб ҳурсандчилик қилишлари ва жума кунида ҳурсандчилик қилиш каби бир нечта воқеа ва ҳодисалар бор. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

 عَن أَنَسٍ رضى الله عنه، قَالَ: "قَدِمَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبُونَ فِيهِمَا ، فَقَالَ : مَا هَذَانِ الْيَوْمَانِ؟ قَالُوا : كُنَّا نَلْعَبُ فِيهِمَا فِي الْجَاهِلِيَّةِ ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : "إِنَّ اللَّهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا: يَوْمَ الْأَضْحَى، وَيَوْمَ الْفِطْرِ"

(رواه الإمامُ أبو داود)

яъни: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳрига келганларида ўйин-кулгу қилинадиган икки куни бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бу икки кун қандай кун” дедилар. “Жоҳилият пайтида бу икки кунда ўйин-кулгу қилар эдик” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло  сизларга бу икки кунни ундан яхшироқ бўлган бошқа икки кунга алмаштирди (яъни) Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайитига” дедилар  (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу икки кун – Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити байрам кунлари, дейилади ҳудди жума кунини байрам дейилганидек.

Ислом дини дунёвий бирор байрамни нишонлашни қораламайди агар ундан кўзланган мақсад тўғри бўлса ва шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқилмаса, албатта.

“Шаръий манбаларда келмаган диний ва дунёвий байрамларни нишонлаб бўлмайди” деганлар “бу байрамлар бидъат (янги пайдо бўлган иш) бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи икромлар замонларида нишонланмаган”, – дейдилар.

Уламолар бунга жавоб бериб шундай деганлар: ҳар бир янги пайдо бўлган бидъат ҳам ёмон бидъат эмас. Умар разияллоҳу анҳу инсонлар масжидда бир имомнинг ортида таровеҳ намозини бир имомнинг ортида ўқиётганларини кўрганларида “Бу қандай ҳам яхши бидъат” деганлар. Бу гапларини бирор киши инкор қилмаган.

Бу байрамларни нишонлашда инсонларнинг қалбида бир-бирларига меҳр-оқибатни пайдо қилиш бор. Лекин бу байрамларни ўтказишда махсус намоз, рўза каби ибодатларни жорий қилиб олмаслик шарт бўлади.

 

Манба: “Баёнун линнос мин Азҳариш шариф”

номли фатволар тўпламидан

Read 3126 times

Мақолалар

Top